КОРРУПЦИЯ — КЕЛАЖАККА ТАҲДИД

КОРРУПЦИЯ — КЕЛАЖАККА ТАҲДИД


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши йиғилишида коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани таъкидланиб, бу иллатга қарши курашиш бўйича қонунлар қабул қилингани, янги тизим асосида Парламент палаталарида масъул қўмиталар, Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ва Агентлик ташкил этилгани ва бундан ташқари, жамиятда коррупция муаммосини жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқадиган очиқ тизим ва муҳит яратилиб, бунда оммавий ахборот воситаларининг таъсири алоҳида сезилгани айтиб ўтилган эди. Мазкур йиғилишдан сўнг партиянинг Наманган вилоят кенгаши матбуот хизмати бўлимига партия фаоллари ва депутатлар томонидан билдирилган муносабатлар кела бошлади. Қуйида улардан айримлари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.

Фазлиддин ОДАШЕВ, 

халқ депутатлари Чуст туман Кенгаши котибияти мудири: 

– Коррупцияга қарши курашишда, аввало, Президентимиз айтгандай, барча вазирлик ва идоралар иш фаолиятини тубдан кўриб чиқиши ва рақамли дас­турга ўтиши шарт. Биргина, Yusel компанияси мисолида айтадиган бўлсак, ушбу компанияда барча хизматлар online, ҳужжатлар электрон шаклда жойланган. Операторлар кўрсатилган хизмат учун саволлар жўнатади. Мижозлар эса эркин тарзда кўрсатилган хизматга яраша (1: аъло, 2: яхши, 3: қониқарли) баҳо беради. Бу, шубҳасиз, шаффофликнинг яққол кўринишидир. Айнан мана шундай тизимни барча ташкилот-муассасаларда жорий этиш зарур. 

Яна бир кузатишларим бўйича хулоса берадиган бўлсам, менимча, адолат устун бўлган Адлия вазирлигида коррупция йўқ. Унинг таркибидаги Давлат хизматлари маркази фаолиятига ҳам ҳавас қилса арзийди. Чунки улар электрон платформа орқали онлайн хизмат кўрсатишни йўлга қўйган. 


Наримон ДЕҲҚОНОВ, 

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати: 

– Коррупцияга қарши курашиш учун инсонда иммунитет шаклланган бўлиши керак. Иммунитет эса “ҳалоллик вакцинаси” билан юзага келади. Назаримда, “ҳалоллик вакцинаси” инсон қалбига игна билан эмас, иймон нури орқали ўтиб, унинг виждонини пок­лайди. Ҳар қандай инсонга қондан ва она сути орқали “ҳалоллик вакцинаси” сингиб боради. Демак, инсон ҳалол бўлиши учун унинг иймони бутун бўлиши лозим. Ҳар бир одам ўз ишини ҳалол бажарса, у табиий равишда “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланган бўлади. Aна шундай иммунитетни шакллантириш вазифаси, сўзсиз, ота-оналар, таълим муассасалари ходимлари, шунингдек, халқимизнинг зиёли, маънавиятли қатлами зиммасига юкланган. Иймонли одам бировнинг ҳақини ейишдан, ҳаром ишлардан тийи­лади, чунки унинг пок виждони бунга йўл қўймайди. У ота-онаси, халқи ва Ватани учун фидойилик билан меҳнат қилади, фарзандларига ҳар жиҳатдан ўрнак бўлади.


Алижон ҚОДИРОВ, 

Давлатобод туман кенгаши раиси: 

— Коррупция жамиятда тенглик ва адолатни бузадиган, имкониятларни чеклайдиган ва тараққиётга тўсиқ бўладиган омил. Ёшларни коррупция муаммосига қарши фаол позицияда тура оладиган даражада тарбиялаш керак. Чунки ёшлар табиатан ҳалолликни қадрлаш ва шаффофликни қўллаб-қувватлашга мойил. Улар ноҳақликка тоқат қила олмайди ва қарши курашишда фаол бўлади.

Коррупцияга қарши курашувчи ёшларни тарбиялаш учун уларга қонунларни ўргатиш ва ҳаётда қўллаш усулларидан хабардор қилиш муҳим. Бунда қонун тарғиботига оид ўтказиладиган тадбирлар қўл келади.

Ёшлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар ёрдамида коррупцияга оид салбий кўринишларни фош этиш орқали ҳам жамиятда соғлом муҳит яратилишига ҳисса қўшишлари мумкин. Энг муҳими, мактаб ва олийгоҳларда ёшларга коррупциянинг зарарлари ҳақида чуқур тушунча бериш зарур, деб ўйлайман. Чунки коррупцияга қарши иммунитетни бола онгига ёшликдан сингдирилсагина муваффақиятга эришиш мумкин.


Маҳбуба АҲМАДАЛИЕВА, 

халқ депутатлари Тўрақўрғон туман Кенгаши депутати: 

– Аслида порахўрлик инсоният тарихидаги энг қадимий қусурлардан бири ҳисобланади. Барча даврларда бу иллатга қарши тўхтовсиз кураш олиб борилган ва ҳали ҳамон бу ҳол давом этмоқда.

Мисол тариқасида ўрта асрларга эътибор қаратсак, буюк бобомиз Амир Темур ўз салтанатида порахўрлик иллатига қарши кескин курашган. Тарихчи олимларнинг қайд этишича, мансабдор, молпараст амалдорларнинг ўз мақсадларига эришиш ҳолатини яхши тушунган Соҳибқирон саройидаги халққа манфаати тегадиган кучли арбоблар ва олимларнинг маошини кўтариш билан вужудга келиши мумкин бўлган иллатларнинг олдини олган. Хавф туғилмасдан олдин сарой амалдорлари устидан вақти-вақти билан тафтиш ўтказиб, хатога йўл қўйганларни қаттиқ жазога тортган. Чунончи, Амир Темурнинг учинчи ўғли Мироншоҳ, набираси Пирмуҳаммад бирозгина мансабини суиистеъмол қилгани, фуқаро ва давлат манфаатини ҳимоя қилишдаги совуққонлиги боис жазога тортилган. Яна бир тарихий мисол, Соҳибқирон сафардан қайтгач, шахсан ўзи юрт бозорларидаги аҳволни синчковлик билан ўрганиб, оддий халқ билан мулоқот қилиб турган. Ўша пайтда ҳам бозор расталарининг мева-сабзавот билан тўлиши деҳқончилик учун яратилган имкониятлар билан боғлиқ эди. Бунда, айниқса, экин майдонларини сув билан таъминланганлик даражаси муҳим ўрин тутарди. Шунинг учун Амир Темур мироблар масаласида жиддий йўл тутган. Ҳеч шак-шубҳасиз, сув тақсимотида порахўрликка йўл қўйган миробни Зарафшон дарёсига улоқтиришга фармон берган. 

Афсуски, давлатни ичидан кемирувчи бундай иллатлар худди бедаво ўсимта каби ҳамон яшаб юрибди. Бу иллатнинг илдизини қуритадиган қарши даво йўқ, ҳатто уни ўсишдан тўхтатишга хизмат қиладиган маънавий-ҳуқуқий "дори" воситаси ҳам пулга чақилади. Афсуски, таъмагирликнинг каттаси чақалоқ дунёга келадиган туғруқхонадан бошланади. Бу ерда оқ халатдаги олғирлар чақалоқ дунёга келиши билан унинг онаси-ю отасидан тортиб, токи амма-холасигача бўлган қариндош­ларидан "суюнчи" олмаса ҳаловат топ­майдиган бўлиб қолган. Бунга одамларнинг ўзи сабабчи, дейдиганлар ҳам бор. Лекин бермаганнинг юзи сарғайиб, сарсон-саргардон бўлади.  

Хўш, биз бугунги ёшларимизни порахўрлик+таъмагирлик=коррупция чангалидан қутқара оламизми? Умумтаълим мактабларида "Биз коррупцияга қаршимиз!" мавзусида ўтказиладиган иншо ва расмлар кўриги, "Сиз ҳуқуқингизни биласизми?" лойиҳаси доирасида ўтказиладиган танловлар ёшлар дунёқарашини ўзгартириш билан бир қаторда, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам таъсир кўрсатмоқда.  

Гапнинг индаллосини айтганда, Ўзбекистон фуқаросиман, шу юртнинг келажаги фаровон бўлиши учун менинг ҳам дахлим бор, дейдиган кишилар бу иллатга қарши курашишда якдил бўлиш­лари лозим. Порахўрлик иллатидан қутилишда катталарга сабот тилаган ҳолда, ёшларга узлуксиз сабоқ бериш зарур. Бундай сабоқ беришда юқори мансаб курсисини эгаллаган амалдорлар ва ҳуқуқни муҳофаза қиладиган идора раҳбарлари ташаббус кўрсатсалар, мақсадга мувофиқ бўлади.

Коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағиш­ланган йиғилишда Президент "Ислоҳотларимиз натижадорлиги, аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга бевосита боғлиқ. Бу ишда фик­ри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага айланиши шарт, дея уқтирар экан, – мактаб директорлари “Тарбия” фани доирасида ўқувчиларга ҳалоллик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни содда тилда тушунтириб бориши кераклигини, шунингдек, “коррупция – келажакка таҳдид” деган ғоя асосида Янги Ўзбекис­тонда ёшлар қалбидан жой оладиган тизим яратилса айни муддао бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Демак, давлат раҳбари таъкидлаб ўтганидек, иллатларга қарши курашиш йўлидаги дастлабки ҳаракатни маориф тармоғидан бошлаш керак. Чунки ҳар қандай кўринишдаги ёмон иллатлардан қайтаришда бошланғич тарбиянинг ўзига яраша афзалликлари бор. 

Наманган вилоят кенгаши матбуот котиби Муҳиддин Омад тайёрлади

Бизни кузатиб боринг:👇👇👇

@Gazeta_Adolat

Report Page