КОНСТИТУЦИЯВИЙ ОДИЛ СУДЛОВ ВА АДВОКАТУРА 

КОНСТИТУЦИЯВИЙ ОДИЛ СУДЛОВ ВА АДВОКАТУРА 


Бугун, 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасида мажлис залида, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда конституциявий одил судлов ва адвокатура” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Давра суҳбатида Конституциявий суд судьялари, Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг масъул ходимлари, Адвокатлар палатаси Тошкент шаҳри  ва Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси тизимидаги адвокатлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят, туман ҳудудий бошқармалари тизимида фаолиятдаги адвокатлар видеоконференц-алоқаси орқали, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этдилар.  

Дастлаб тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Асқар Ғафуров ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси раиси Шухрат Садиков кириш сўзи билан очдилар. 

Янгиланган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг

133-моддасида конституциявий шикоят институтига оид норма киритилиши – мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни либераллаштириш ғояларига асосланган.

Асосий янгиликларидан бири – фуқаролар ва юридик шахсларга  конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи киритилиши, унга кўра фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақлилиги ушбу янгиланган нормага белгилаб қўйилган.

Бугунги тадбирда Конституциявий суд судьялари, адвокатлар Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби ҳамда адвокатлик фаолияти кафолатларининг конституциявий асосларига бағишланган мавзуларда маърузалари тингланди.

“Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси, Каромат Давлетова, “Адвокатлик фаолияти кафолатларининг конституциявий асослари” мавзусида Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, Илёс Юсупов маъруза қилди.

Давра суҳбатида Конституциявий судда фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ва мурожаатларга қўйилган талабларга  оид савол-жавоблар ва мунозаралар бўлди.  Мунозаралар давомида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини янада кенгроқ ҳимоя қилишда адвокатларнинг ўрни ва ролига оид масалалар муҳокама қилиниб, келгусида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар белгилаб олинди.

Адвокатлар палатаси

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими


Report Page