МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ ҚОНУНИЙ ПОЙДЕВОРИ

МУСТАҚИЛЛИГИМИЗНИНГ ҚОНУНИЙ ПОЙДЕВОРИ


Ҳар бир миллат тақдирида унинг келажагини ўзгартириб юборган муҳим саналар бўлади.

8 декабрь халқимиз учун ана шундай кун.

Бу кунда Ўзбекистон Республикаси Бош Қомуси - Конституция қабул қилинган.

Конституция халқнинг иродасини, руҳиятини, ижтимоий онги ва маданиятини акс эттиради. Унда жамият тараққиётига туртки берувчи, муҳим маънавий омил бўлиб хизмат қилувчи ғоялар ўз ифодасини топган. Конституцияда мужассамлашган мафкура жамиятни, халқни муайян мақсадлар сари етаклайди, уларни уддалаш учун сафарбар қилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси миллий истиқлол ғояси ва мустақиллик мафкурасининг ҳуқуқий асосини ташкил этиб, халқимизнинг истиқлолга, эркинликка бўлган интилишини, миллий ахлоқий-маънавий қадриятларини акс эттиради ҳамда уларни жамият онгига, айниқса, ёш авлод онгига сингдиришга хизмат қилади.

Конституция — ҳуқуқ ва эркинликларимиз, миллий ва умуминсоний қадриятларимиз, ижтимоий адолат ва бирдамлигимиз, демократия ва давлат суверенитети принципларига содиқлигимизнинг қонуний кафолатидир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг юқорида қайд қилинган сифат ва хусусиятлари унинг беназир нуфузи, салмоғи ва қадр-қимматидан далолат беради, у мустақилликнинг қонуний пойдевори ва буюк келажагимизнинг ҳуқуқий кафолатидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, – “Бош қомусимиз, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланишини эътироф этди ва замонавий демократик тараққиёт учун замин яратди. Айнан шу сабабли Конституциямизни эҳтиром билан улуғлашимиз, ҳар томонлама ўрганишимиз, унга изчил амал қилишимиз, Асосий қонунимизда мужассам бўлган аждодларимизнинг буюк меъроси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришимиз зарур”.

Барча юртдошларимизни улуғ айъём - Ўзбекистон Республикаси асосий Қонуни - Конституция қабул қилинганлигининг 31 йиллиги билан муборакбод этаман.

Юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги, мустақиллигимиз абадий бўлсин!


Худайназар Юнусов

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

Биология фанлари доктори, профессор

СамДВМЧБУ ректори

Report Page