КОМПАНИЯ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ, “ОЛИСНИ КЎЗЛАГАН” СОЛИҚЧИЛАР ЭСА СУДДА ЮТҚАЗДИ

КОМПАНИЯ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ, “ОЛИСНИ КЎЗЛАГАН” СОЛИҚЧИЛАР ЭСА СУДДА ЮТҚАЗДИ


Бундан бир неча ой олдин Навоий шаҳар давлат солиқ инспекцияси “Zarafshan Golden Group” МЧЖдан катта миқдордаги пулни тўланмаган солиқ сифатида ноқонуний ундиришга уринган эди. Компания солиқ инспекциясини судга берди. Ишни кўриб чиққан Навоий шаҳар маъмурий суди Навоий шаҳар давлат солиқ инспекциясининг 2020 йил 24 июлдаги “Zarafshan Golden Group” МЧЖга нисбатан 3 086 070 210 сўм миқдордаги солиқ ҳисоблаш ва 617 214 042 сўм молиявий жарима қўллаш тўғрисидаги қарорини ғайриқонуний деб топди ва ишни тадбиркор фойдасига ҳал қилди. Суд қароридан норози бўлган солиқ инспекцияси юқори судга аппеляция шикояти киритди.

Ҳақиқат эгилади, аммо синмайди деганларидек, Навоий шаҳар маъмурий судининг 2020 йил 24 сентябрдаги тўғрисидаги ҳал қилув қарори Навоий вилоят маъмурий суди апелляция судлов ҳайъатининг қарори билан ўзгаришсиз қолдирилди. Навоий шаҳар давлат солиқ инспекциясининг апелляция шикояти қаноатлантирилмади.

Компанияда текшириш ўтказган Навоий шаҳар ДСИ ходими Ш.Нормуродовга нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони ходимлари томонидан текширув ўтказилган ҳамда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишнинг ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилишнинг белгиланган тартибини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси МЖтК 2412-моддаси билан маъмурий иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.

Шаҳар солиқ инспекцияси тадбиркорни қўллаш, кўмакчи бўлиш ўрнига уни “соғин сигир” сифатида кўради шекилли. Йўқса, ноқонуний ҳолатда компания маънфаатларига зарар етказармиди?

Афсуски, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ва уларга имкон берувчи сабаб ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида Давлат солиқ қўмитасига, Навоий вилоят Адлия бошқармаси томонидан Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасига киритилган тақдимномалар ҳам самара бермади.

Аслида, вилоятимизда солиқ органларининг бугунги аҳволини улар томонидан йирик тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган “GREEN LINE PROFIL” МЧЖ, “ALVIERO” Х/К, “OQ OLTIN KAPITAL SERVIS” МЧЖ ва бошқа кўплаб корхоналарда қонун талабларини бузган ҳолда банк ҳисоб рақамларидан асоссиз равишда кўп миқдордаги солиқларни мажбурий ундириш ҳолатлари кузатилганлигидан билиш мумкин. 

Компания ҳуқуқларини тиклашда, тадбикорлик субъектининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги ҳаракатлари учун Бизнес омбудсман, Адлия бошқармаси ва суд органларига миннатдорчилик билдирамиз.

Компания Ахборот хизмати.




Report Page