КОММУНАЛ СОҲАГА ДОИР КЎПЛАБ САВОЛЛАРГА МАСЪУЛЛАР ЖАВОБ БЕРДИ

Нурафшон шаҳрида "Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни янада кучайтириш" мавзусида навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.
Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокимининг шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш, ободонлаштириш ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Барҳаёт Мелиевнинг соҳада амалга оширилаётган ишлар бўйича ахбороти тингланди.

Қайд этилганидек, ҳозир туман-шаҳарлардаги кўп қаватли уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда беталофат ўтказиш, биноларнинг ташқи кўринишини яхшилаш бўйича жами 214,3 миллиард сўм маблағлар ажратилган. Бунинг натижасида 794 та кўп қаватли уй-жойлар таъмирланиб, бу йўналишдаги ишлар ўтган йилга нисбатан 3,3 баробарга ортди. Уйлар оралиғига республика бюджетининг 1,6 миллиард сўм маблағлари ҳисобига 32 та замонавий болалар майдончаси қурилди.

Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жами 222 миллиард сўмлик 1 минг 118 километр ичимлик сув тармоқлари тортилган бўлиб, бу орқали бажарилган иш ҳажмлари ўтган йилга нисбатан 20 баробар кўпдир. Йил якунигача яна 130 миллиард сўм эвазига жойларда 300 километр ичимлик ва оқава сув тармоқлари тортилиши режалаштирилган. Амалга оширилган ишлар туфайли 46 минг нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 222 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилган.

Куз-қиш мавсумида аҳолига сифатли иссиқлик энергияси етказиб бериш мақсадида 9 ойда 75,2 километр иситиш тизимлари янгисига алмаштиририлган ва таъмирланган. Йил якунига қадар яна 172,2 миллиард сўм ҳисобига 43 километр иссиқлик тармоқлари тортилади.

Тадбирда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари”, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятлари, “Ҳудудгаз Тошкент” , “Тошкент сув таъминоти” ва бошқа тармоқ ташкилотлари мутахассисларининг кўп квартирали уйлар, ижтимоий соҳа объектларида иссиқлик, ичимлик сув, электр энергияси, табиий газ таъминоти бўйича амалга оширилаётган ишлари, келгусидаги режалари ҳусусида маълумот берди.

Журналистлар томонидан Чирчиқ, Нурафшон, Янгийўл, Олмалиқ шаҳарлари, Бўка, Зангиота, Пискент каби туманлардаги мавжуд муаммолар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати
@Nurafshonpressa