Журналистиканинг фундаментал қоидалари : КНҚҚҚН !

Журналистиканинг фундаментал қоидалари : КНҚҚҚН !

Дониёр Рўзметов

Кинода айтганидай "Мен журналист эмасман аммо не қилай, Бу ҳаёт қўлимга тутқазди қалам..."!.  

Яширмайман, бир пайтлар журналист бўлишни хоҳлаганман ва ҳаракат қилганман. Ўқувчилик пайтларимдаёқ дастлаб туман газетасида, кейинчалик республикамизнинг қатор газеталарида мақола ва шеърларим чоп этилган. Университетда ўқиб юрган кезларимда "Моҳият" газетасида норасмий равишда бир йилча фаолият олиб борганман. Телевиденияда "Ассалом Ўзбекистон" кўрсатувида биринчи (ва охирги) лавҳам кетган ва ўзимга маълум сабабларга кўра бу давом этмай қолган. 

Францияда таълим олиш орзусида ҳужжатларимни жўнатган пайтимда иккита соҳадан бирида таълим олишни орзу қилган эдим : Журналистика ёки Туризм. Табиийки ҳужжатларимни шу иккита даргоҳга юборганман. Дўстларимнинг маслаҳатларига биноан учинчи олийгоҳ қилиб "Париж Сиёсий фанлар институти"ни танлаган эдим, лекин умидим кўпроқ дастлабки иккита олийгоҳдан эди. Тақдир тақозоси билан Журналистика ва Туризм олийгоҳлари менга ҳеч қачон жавоб бермадилар. Мен умид қилмаган Сиёсий фанлар институти эса мени ўқишга қабул қилиб, менга грант ҳам берди. Сиёсий фанлар институтини битиргач, барибир Сорбонна университетида Туризм магистрлигини ўқиб, орзуимни амалга оширдим. Журналистика борасида эса таълим олиш насиб қилмади. Шу сабабдан, ҳозирда ҳаваскор сифатида журналистик мақолалар ва таҳлилий матнлар ёзиб турсам ҳам мен ўзимни ҳеч қачон журналистман деб айтмайман. Тушунарлироқ қилиб айтганда, мен машина ҳайдашни биламан лекин "Ҳайдовчилик гувоҳномам" йўқ. Мен журналист эмасман... 


... Журнаслитлар ўз хоҳишлари билан энг "зарарли касб"ни танлаган инсонларга ўхшайдилар. Улар дунёдаги энг эзгу ишлардан бирини - ҳақиқатни излаш, изқуварлик қилиб, маълумотларни тўплаш ва уни инсонларга етказиш, инсонларга ҳолислик кўзгусини тутиш каби олийжаноб вазифаларни бажарадилар. Ҳақиқат деган қурмағур нарса эса аччиқ бўлади. Шунинг учун унинг захарини уни излаб топган ва юзага олиб чиққан инсонлар ютадилар. Инсонларга ойна тутиш ҳам шундай нарса. Ўзларининг юзлари қийшиқ бўла туриб, инсонлар ўзларидан эмас, балки уларга кўзгу тутганлардан хафа бўладилар.  

Журналистларни спорт залидаги муштлайдиган қопларга ҳам ўхшатиш мумкин. Агар улар ҳақиқатни олиб чиқсалар уларни тепадагилар муштлайдилар, агар улар ҳақиқатни олиб чиқмасалар уларни ўз ишларини қилмаганликлари учун пастдаги инсонлар муштлайдилар. Яъни ҳар қандай ҳолатда ҳам журналистлар муштланиш "бахти"га мушарраф бўладилар. Бу гапларимнинг исботи сифатида дунёда энг кўп тазйиқларга учрайдиган ва касбий фаолияти сабабли вафот этадиган инсонлар журналистлар эканлигини эслатишим кифоя деб ўйлайман.  

Шу билан бирга журналистлик касби энг шарафли касблардан бири ҳисобланади. Юқоридаги қийинчиликлар ва машаққатларга қарамасдан дунёдаги энг ҳайрли ишларни қилишга қарор қилиш учун инсоннинг кўнгли қордай пок ва оппоқ, асаблари метиндай қаттиқ, жасорати эса тоғлардай баланд бўлиши керак. Ва табиийки инсонда худо берган истеъдод, теран ва ҳолис нигоҳ ҳамда нозик ижодий дид бўлиши керак. Журналист худбин бўлмайди. Ўзининг шахсий қарашларига тўғри келмаса ҳам ўзгаларнинг ўзгача фикрларига ўрин беради. Ҳар ким ҳам журналист бўла олмайди. Бу касбни фақат эплаганларга ва чидаганларга чиқарган...  


... Журналистман деб юрганларнинг барчалари ҳам журналистлар эмас. Журналистман дейиш учун аввало журналистиканинг фундаментал қоидаларини билиш ва ундан кейин уша фундаментнинг устига журналистиклик сабоқлари мустаҳкам қурилган бўлиши керак.  

Мен соҳага даҳли бўлмаган киши бирон соҳанинг устидан "экспертиза" қилишига қатъиян қаршиман. Тўғри, ҳар кимнинг ўз шахсий фикрлари ва қарашлари, барча соҳаларга оид умумий билимлари бор бўлиши мумкин. Лекин шифокорликка умуман даҳли йўқ киши хирургнинг олдига кириб унга қандай операция қилиш кераклигини ўргатишини ақлим ва онгим қабул қила олмайди. Мен таъсирлироқ чиқиши учун шифокорлардан мисол келтирдим, лекин бу барча соҳаларга жумладан ўқитувчилар, ҳисобчилар, милиция ҳодимлари, юристлар ва журналистларга ҳам тегишли гап. Шу сабабдан, мен ўзимни дипломли ва узоқ йиллар давомида таҳсил олган журналистларга ақл ўргатишга ҳақлиман деб ўйламайман. Аксинча, менинг журналистика соҳасига ва журналистларга нисбатан ҳурматим чексиздир.  

Аммо хўрандалар, истеъмолчилар ошпазнинг овқатларига ва ишлаб чиқарувчининг махсулотларига баҳо бера олганларидай мен ҳам истеъмолчи ва хўранда сифатида миллий журналистикамизда, журналистларимизнинг саводхонликлари борасида муаммолар мавжуд эканлигини қайд этишим мумкин деб уйлайман. Сал қўполрок қилиб карикатура қиладиган бўлсам, журналистларимиз орасида санъат соҳасидаги каби "моҳир журналистлар" ва "отарчи журналистлар" пайдо бўлиб қолди. Балки олдинлари ҳам шундай бўлгандир, лекин ҳозир информатика ва технологиялар, ижтимоий тармоқлар тараққиёти туфайли журналистикага даҳлдор барчага бирдай минбар тегадиган бўлди. Натижада ҳақиқий журналистик мақолалар, таҳлилий ва тарбиявий матнлар анқонинг уруғи бўлиб кетди. Улар йўқ эмас, бор, фақат уларни "ёввойи ўтлар" орасидан излаб топишга тўғри келадиган бўлиб қолди. 

Энг асосийси, отарчи журналистларнинг журналистик "махсулотлари"да журналистиканинг фундаментал қоидалари йўқолиб кетди. Баъзан хабар, мақола ва матнларни ўқиб бўлгач, инсонларда жавоблардан кўра кўпроқ саволлар пайдо бўлиб қоладиган бўлди. Ваҳоланки, маълум мавзу юзасидан журналист тадқиқот олиб бориб, уни махсулотга айлантириб бўлгач, ўқувчи уни қайта ўрганиб юриши керак эмас. Бу худди ошпаз олдингизга чала пишган овқатни олиб келиб қўйгандай гап. Агар овқатни пишганроқ қилиб егингиз келса, бу сизнинг муаммонгиз. Марҳамат қилиб, уни қайтадан қозонга солинг ва яхшилаб пишириб, камчиликларини тўғрилаб, кейин ейверинг.  

Ҳақиқий журналистика бундай бўлмайди... 


... Журналистиканинг фундаментал қоидалари нима ? Инглизлар журналистларида "5 та W" деган аксиомага ўхшаган гап бор. Бу 5 та "W" журналистнинг материалида жавоблари албатта бор бўлиши керак бўлган 5 та саволдир. Бу саволлар : What ? - Нима?, Who ? - Ким ?, Where ? - Қаерда ?, When ? - Қачон ? Why - Нега ? Буни француз журналистлари янада кенгроқ қилиб "QQOQCCP" дейдилар : Qui ? - Ким ?, Quoi ? - Нима ?, Où ? - Қаерда ?, Quand ? - Қачон ?, Comment ? - Қандай ? Combien ? - Қанча ?, Pourquoi ? - Нега ?  

Агар, бизлар мана бу француз журналистларининг фундаментал қоидаларини олиб, ўзимизга жорий этадиган бўлсак, бизнинг журналистларимизнинг материалларида "Ким ? Нима ? Қаерда ? Қачон ? Қандай ? Нега ?", яъни "КНҚҚҚН" ларнинг жавоблари бор бўлиши керак бўлади. Мана шу қоида журналистиканинг фундаментал қоидаси ҳисобланади. 

Энди ўқувчилар ва томошабинлар сифатида бизлар, соҳанинг мутахассислари сифатида журналистларимиз ҳолис ўйлаб кўрайлик. Миллий журналистикамизнинг сўнгги йиллардаги материалларида мана шу санаб ўтилган фундаментал саволларнинг жавоблари мавжудми ? Агар "ҳа" бўлса яхши. Агар "йўқ" бўлса, демак бизлар "чала пишган таомларни" истеъмол қилиб юрибмиз... 


... Ўзбек журналистикаси шонли ўтмишга эга ва уни ўтмишда забардаст шоир, ёзувчи ва журналист инсонлар яратиб, баланд чўққиларга етказиб кетганлар. Агар бугун журналистикамизда камчиликлар мавжуд бўлса, уларни ҳал қилиш учун ҳали ҳам кеч эмас.  

Тўғри, сўнгги йилларда отарчи журналистлар пайдо бўлди, лекин худога шукрки ҳақиқий моҳир журналистларимиздан айрилганимиз йўқ. Журналистикамизнинг бахтига улар ҳали ҳам шу ердалар ва қалам тебратишдан тўхтаганлари йўқ. Журналистика соҳасига яқинда кириб келган ва энди кириб келаётган ёшларнинг орасида ҳам қаламлари ўткир, истеъдодлари ёрқин ва ғайратлари бир олам инсонлар етарли. Агар улар вақтинчалик ва ўткинчи машаққатларнинг олдида таслим бўлмасалар ва санаб ўтилган "фундаменталлар"ни мунтазам эслаб турсалар, бизлар ҳали келажакда миллий журналистикамизнинг "Шоҳона паловлари" ва "Тандир сомса"ларини кўп бора истеъмол қиламиз !  

Report Page