КИТОБ БЎЛСА, ШУНДАЙ БЎЛСА-ДА!!

КИТОБ БЎЛСА, ШУНДАЙ БЎЛСА-ДА!!

(Ўзбекистон иқтисодиёт тарихига бағишланган мукаммал янги асар нашр қилинди)

(Давоми)

 Одатда даврлар бир маромда ўтиб бораверади, айрим ҳолларда улар яхши, айрим ҳолларда ўта хавфли ва хатарли, ҳаттоки ҳалокатли тус олади.   Унинг иштирокчилари, воқеликларни кўрганлар ҳам ўтиб кетган бўлади. Ушбу жараёнлар фақат китоблардагина сақланиб қолади. Китобдаги ўтмишни бугунги кун билан қиёслаб, ўтмишдаги ибратли усуллардан бугун ҳам фойдаланиш мумкинлигига ишонч ҳосил қиласиз. Ана шундай қиёсий таҳлилни, ўтмишнинг ибратини олмоқчи бўлсангиз, марҳамат шу М.М.Муҳаммедовнинг юқорида номи зикр этилган китобини ўқинг.

  Китоб шундай неъматки, у ўтмиш ҳақида ёзилган бўлса ҳам бугунги одамни тарбиялайди. Шу китобни ўқиган одам барқарор тараққиётнинг сабаблари нималарда намоён бўлиши, инқирозларнинг омиллари қандай бўлишини аниқ билиб олади. Ушбу китобни кексалар ўқиса, унда баён этилган далиллардан ибрат олади. Агар ўзини энди билган ёшлар ўқиса, бу китобни  йўлланма сифатида қабул қилади ва унда айтилганларга амал қилиб тараққиётга жонбозлик билан ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшади.  Агар китоб ўқилса, билим бергувчи донишманд устоз, ўқилмаса, шунчаки оддий қоғоз.  Мазкур китобни ўқиган китобхонлар айтганларидек,  ушбу китоб иқтисодчилар “ўқиши лозим бўлган китоблар”дан биридир. Китоб нафақат иқтисодчиларга, балки ўзининг ўтмишига, бугунига ва келажагига бефарқ бўлмаган инсонларнинг барчасига мўлжалланган.

  Китоб уч қисмдан иборат бўлиб, сўнгги 600 йил давомида Ўзбекистон ҳудудида содир бўлган иқтисодий жараёнлар аниқ тарихий далиллар асосида ёритилган. Унинг биринчи қисмида Темур ва Темурийлар ҳукмронлиги давридаги салтанатнинг иқтисодий куч-қудратини ошириш муаммолари, ўша даврга хос иқтисодий ҳодисалар ва воқеликлар, кучли ва қудратли давлатнинг ташкил бўлиш жараёнлари атрофлича очиб берилган. Китобда Амир Темурнинг кенг қамровли иқтисодий сиёсатининг моҳиятини, унинг Мовороуннаҳрда ишлаб чиқариш кучларининг ривожига қўшган салмоқли ҳиссасини очиб беришга жуда катта урғу берилган. Амир Темир шахсига, унинг тарих олдидаги хизматларига бағишланган юзлаб, минглаб асарлар битилган. Лекин Соҳибқироннинг буюк салтанат иқтисодиётини юксалтиришдаги, унинг иқтисодий пойдеворини мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматлари тадқиқотчилар эътиборидан четда қолиб келган. Мазкур китоб орқали биз барча яратилган асарлар ичида биринчи бор буюк бобоколонимизнинг иқтисодий қарашлари, унинг иқтисодий жиҳатдан қудратли империяни  яратишдаги алоҳида роли тўғрисида қизиқарли маълумотлар олиш, бу хусусда муаллифнинг илмий асосланган фикр ва мулоҳазаларини билиш имконига эга бўламиз.

  Иккинчи қисмида Темурийлар давлати парчаланиб кетганидан кейин, шундай қудратли салтанатнинг инқирозга юз тутиши, унинг сабаб ва оқибатлари  моҳирлик билан ёритилган. Шайбонийлар даврида Мовароуннаҳр ҳудудида кичик феодал давлатларнинг пайдо бўлиши, улар ўртасида зиддиятларнинг кескинлашиши, сурункали, тўхтовсиз урушлар ва миллатлараро низолар оқибатида иқтисодий жиҳатдан заифлашган, тушкунликка юз тутган кичик давлатларининг Россия империяси томонидан осонгина босиб олинганлиги ҳам аниқ фактларга таянган ҳолда ёритилган. Ўтмишда шунча катта иқтисодий қудратга эга бўлган Мовороуннаҳр кейинчалик Россиянинг колониясига айланганлиги тарихий манбаларга асосланган ҳолда баён этилган. Россиянинг колониал сиёсатининг мамлакат иқтисодиётига, аҳоли турмуш даражасига таъсири масалаларига катта эътибор қаратилган, унинг салбий оқибатлари асосли далиллар билан изоҳланган  тарзда баён этилган.

Амир Темирнинг тинимсиз ҳаракатлари ва ақл-заковати туфайли барпо этилган қудратли давлат, унинг улкан иқтисодий салоҳияти Соҳибқирон вафотидан кейин аста-секин ўз мавқеини йўқотиб бошлади ва оҳир –оқибатда инқирозга учради. Амир Темур тахтининг ворислари ичида у бошлаган иқтисодий юксалиш жараёнларини давом эттиришга қодир муносиб шахс топилмади. Бу билан муаллиф Амир Темир ва Темурийлар мисолида ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришда тарихий шахснинг ролини очиб беришга ҳаракат қилган ва бунга эришган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

  Китобда кейинги режали иқтисодиёт тарихи ҳам аниқ фактлар асосида мантиқий кетма-кетликда ва ўзаро узвий боғликликда катта маҳорат билан батафсил кўрсатиб берилган.  Унда Мовороуннаҳр ҳудудидаги барча хонликлар чор Россияси мустамлакачилигидан холос бўлгандан кейин, ихтиёрий равишда Совет Иттифоқи таркибига кирганлиги, унинг сабаб ва оқибатлари кенг кўламда ва батафсил ёритилган. Бунда муаллифнинг қарийб етмиш йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётида содир бўлган катта ўзгаришлар, уларнинг ижобий ҳамда салбий жиҳатлари хусусидаги холисона фикр-мулоҳазалари эътиборга молик.

  Китобда кейинги режали иқтисодиёт тарихи ҳам аниқ фактлар асосида мантиқий кетма-кетликда ва ўзаро узвий боғликликда катта маҳорат билан батафсил кўрсатиб берилган. Китоб муаллифининг расмий статистик маълумотлар билан далилланган фикрларига мувофиқ, совет тизими Ўзбекистон иқтисодиётига икки томонлама таъсир кўрсатган. Биринчидан, у собиқ СССР таркибида қолоқ аграр мамлакатдан саноати ривожланган аграр-индустриал мамлакатга айланган, шу давр мобайнида аҳоли ҳаёт фаровонлигида ҳам жиддий ижобий ўзгаришлар содир бўлган. Иккинчи томондан эса, ягона марказ томонидан амалга оширилган иқтисодий сиёсатда Ўзбекистон манфаатларига мос келмайдиган айрим қарорлар қабул қилинган, режали иқтисодиётга хос нуқсон ва камчиликлар миллий иқтисодиёт тараққиётида нохуш тенденциялар ва негатив жараёнларнинг вужудга келишига сабаб бўлган.

  Китобнинг учинчи қисмида Ўзбекистоннинг янги иқтисодий тарихига алоҳида ўрин берилган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар доирасида кечаётган ижобий жараёнларнинг мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистонни барпо қилиш, халқимизнинг бой тарихига муносиб иқтисодий қиёфасини тиклаш, уни иқтисодий жиҳатдан дунёнинг ривожланган мамлакатларидан бирига айлантириш борасида жаҳоншумул аҳамиятга эга бўлган саъй-ҳаракатлар ўзининг батафсил ифодасини топган. Китоб Ҳаракатлар стратегиясининг якунлари ва Тараққиёт стратегиясига ўтишнинг долзарб муаммолри ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилиш имконини беради.

  Китобда Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва унинг мамлакат миллий иқтисодиётини янги, замонавий бозорга хос иқтисодий муносабатлар асосида ривожланиши учун катта имкониятлар яратганлиги, ўтиш даври  қийинчиликлари. уларнинг биринчи Президент томонидан олиб борилган оқилона сиёсат воситасида узил-кесил бартараф этилганлиги мантиқий кетма-кетликда ва статистик рақамлар билан далилланган ҳолда мароқ билан баён этилган. Айниқса мамлакат Президенти Ш.М.Миризиёев ташаббуси билан ва бевосита раҳномолигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва мамлакатнинг ўтмишдан мерос қолган иқтисодий қудратини қайта тиклашдаги аҳамияти хусусидаги муаллиф фикрлари ўзининг илмий асосланганлиги билан диққатга сазовор.

  Китобда кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар доирасида қабул қилинган ва 2017-2021 йилларга мўлжалланган, мамлакатда муваффақият билан амалга оширилган Ҳаракатлар стратегиси Давлат дастурини бажариш якунлари чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилинган. Таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда тегишли хулосалар берилган. Шу билан бирга, монографияда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг буткул янги босқичига олиб чиқишдаги роли ва аҳамияти ўзининг батафсил баёнини топган.

  Мазкур китоб профессор М.М.Муҳаммедовнинг инсониятга, келажак авлодга қилган катта совғасидир. Ўзбекистон бор экан, унинг иқтисодиётидаги ўзгаришларни ифода этган тарихи ҳамиша керак. Шу туфайли бу тарихий асар – бугунга ва келажагимизга ҳам дахлдордир. Бунинг кенг китобхонлар оммасига мўлжалланганлиги ҳам шу билан боғлиқ. Бундан иқтисодчилар, тарихчилар, сиёсатшунослар, халқаро муносабатлар мутахассислари, Марказий Осиё ва Шарқ халқлари тарихи ва маданияти билан шуғулланувчи илмий ходимлар ҳам фойдаланиши мумкин.

   Китоблар бор вақт ўтиши билан ўз моҳиятини йўқотиб, эскириб боради. Юртдошимиз қаламига мансуб ушбу нодир асар эса ҳеч қачон эскирмайди.  Баръакс, йиллар ўтган сайин унинг ўтмишни келажак билан боғловчи, авлодларга бугунги иқтисодий жараёнлар, тарихий воқеа ва ҳодисалар тўғрисида гувоҳлик берувчи ишончли манба сифатида қадр-қиймати ошиб боради. Бора-бора у бой маданий меросимиз хазинасининг нодир ва бебаҳо дурдоналаридан бирига айланишига ишончим комил. Ушбу китобдаги далиллар биз учун тарихдан садо, келгуси авлодлар учун эса сабоқ манбаидир.

 

Мамаюнус Пардаев – СамИСИ профессори, и.ф.д.


Report Page