КИСТАЛАР – ХАВФСИЗ ЁКИ ХАВФЛИ “ПУФАК”ЛАР

КИСТАЛАР – ХАВФСИЗ ЁКИ ХАВФЛИ “ПУФАК”ЛАР

@ginekologim

Кисталарнинг бир неча турлари мавжуд. Улар бир-бирларидан хасталик келиб чиқиш сабаблари ва тузилиши билан фарқ қилади. Уларнинг белгилари ва асоратлари ҳам ҳар хил бўлади.


 

ТУХУМДОН КИСТАЛАРИ

Тухумдон кисталари суюқлик билан тўлдирилган тузилмалар, янада содда айтсак пуфаклардир. “Кystis” – грекча сўздан олинган бўлиб, “пуфак” деган маънони билдиради.Улар ҳажми бир неча сантиметрдан 30-40 сантиметргача бўлади, улар суюқлик билан тўлган ва пациентларнинг деярли ҳар бир ёш гуруҳида учрайди. Уларнинг аксарияти ҳеч қандай шикоятларсиз юзага келади ва ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Кўпинча улар текширув пайтида кутилмаган тарзда кўрилади. Деярли ҳар бир аёлнинг тухумдонида киста пайдо бўлиши рўй беради, гарчи улар аслида хавфсиз бўлса ҳам, улар хавфли бўлиш эҳтимоли бўлгани учун кўпчилик аёлларни ваҳимага солиши мумкин.   

Тухумдон кисталарининг аксарияти хавфсиз бўлади!

Репродуктив ёшдаги аёлнинг тухумдонида диаметри 2-10 мм бўлган кўплаб кисталар бўлади (тухумдон кисталари, фолликуляр кисталар) бу кисталардан биттаси ҳар ойда ўса бошлайди ва ҳайз циклининг 14-15 кунларида ёрилади.

 Тухумдон кистасининг қандай пайдо бўлиши ҳақида бу ерда ёзганман:


Кистанинг аломатлари:

− кўпинча пациент ҳеч қандай шикоят қилмайди ва мунтазам текширувлар пайтида тасодифан кўрилади.

− энг кўп ҳайз цикли бузилиши, қорин шиши,  орқа тешик ва қинда оғирлик ҳисси, безовталик кўринишидаги қорин оғриғи шаклида намоён бўлади

−  жинсий алоқа пайтида оғриқ

− қориннинг тўлиқлигини ҳис қилиш

− қаттиқ оғриқ жуда кам учрайди. Агар оғриқ бўлса, кист яллиғланган ёки эндометриоз сабабли бўлиши мумкин.

−  камдан-кам ҳолатларда кистанинг буралиши ёки ёрилиши кучли оғриқларга, ҳатто жарроҳлик амалиётига олиб келиши мумкин.

Киста ёрилиши:

Шишган пуфак сингари, кисталар ҳам ўсганда ёрилиши мумкин. Жинсий алоқа, жисмоний машқлар ёки муолажа пайтидаги босиш ҳам кистани ёриши мумкин. Бу ҳолатда оний пичоқ санчиғи шаклида оғриқ бўлиб ўтади ва вақт ўтиши билан оғриқнинг пасайиши кузатилади. Аммо, агар ёрилиш пайтида катта томир учи очилса, қорин бўшлиғига қон кетиши мумкин. Қон кетиши кучайган ҳолларда жарроҳлик амалиёти талаб қилиниши мумкин.

 

Кистанинг буралиши:

Баъзида тухумдон кисталари ўз оғирлиги билан тухумдонни айлантириб буриши мумкин. Ўткир аппендицитда бўладиганга ўхшаш оғриқ бўлиши мумкин. Тухумдонга борадиган томирларда қон айланиши бузилганлиги сабабли, тухумдон сурункали равишда шикастланиши мумкин.

 

Ташхис:

Ташхис қўйиш одатдаги кўрик ва ултратовуш текшируви ёрдамида амалга оширилади. Шикоятларингиздан келиб чиқиб, шифокор қон ва пешобнинг умумий таҳлили ҳамда УТТ текшируви ўтказилишига кўрсатма беради. Кистани хавфли ўсмадан ажратиш имкони қийинлашса, компьютер томографияси буюрилади. Баъзан киста тури ва даражасини аниқлаш учун лапароскопия амалиёти ўтказилиб, жараённинг ўзидаёқ ўсма олиб ташланиши мумкин. Ҳасталик белгиси бачадондан ташқари ҳомиладорлик билан ўхшаш бўлгани учун айрим ҳолларда ҳомиладорликни аниқлашга доир тест ҳам ўтказилади. 

 

ФОЛИКУЛЯР КИСТА

Бу кўпроқ ёш пациентларда энг кўп учрайдиган киста. Ривожланаётган тухум ҳужайра ёрилмаслиги ва ўсишда давом этиши натижасида юзага келади. Одатда ҳажми 3-5 см атрофида бўлади. Кўпгина аёлларда ҳеч қандай шикоят аломатлари кузатилмасдан бир неча ой ичида ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Бу чов оғриғи ёки ҳайз цикли тартибсизлигига олиб келиши мумкин. Кистанинг ўлчами ултратовуш текшируви ёрдамида кузатилади ва агар унинг ўлчами катталашса ёки йўқолиб кетмаса, даволанишни талаб қилиши мумкин.

 



“САРИҚ ТАНА” КИСТАСИ

Одатда, ҳар бир аёлда овуляция содир бўлганидан сўнг, тухумдонда “сариқ тана” деб номланган тузилма ҳосил бўлади. Агар ҳомиладорлик юзага келмаса, бу тузилма ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади, камдан-кам ҳолларда у йўқолмайди ва “сариқ тана” суюқлик ва қонга тўлган кистага айланади. 4 - 5 см ўлчамдаги бундай кисталар ортиқча шикоятларни келтириб чиқармайди, бир неча ой ичида ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Баъзида ҳайз кўриш кечикиши ва чов оғриғи пайдо бўлиши мумкин.

 


ГЕМОРРОГИК КИСТА

Агар киста ичида қон кетса, геморрагик киста деб аталади. Ҳайз цикли бузилиши ва ич қотиши кузатилади. Бу ҳайз кўриш билан йўқолади. Йўқолмаган тақдирда контрацептик дори воситалари билан даволаб йўқотилади.

 

ДЕРМОИД КИСТА

Улар одатда ёш аёлларда учрайдиган 5-10 см ўлчамда бўладиган кисталардир. Ушбу кисталарда суяк, тиш, соч ва ёғ тўқималари бўлиши мумкин. Уларда буралиш эҳтимоли бўлади.


  ЭНДОМЕТРИОД (“ШОКОЛАД”) КИСТА

Бачадоннинг энг ички қатлами (эндометрий) тухумдонга туташгани учун ҳар бир ҳайз даврида тухумдон ичига қон кетишидан ҳосил бўлади. Ичида шоколадга ўхшаш қаҳва рангидаги суюқлик бўлгани сабабли “шоколад киста” ҳам дейилади. Эндометриод киста эса секин-аста ривожлангани боис яққол белгилар сезилмаслиги мумкин. Ҳайзнинг оғриқли ўтиши ва одатдагидан узоқ давом этиши кистанинг илк аломатлари бўлиш эҳтимоли бор.


 


СЕРОЗ КИСТАСИ (ЦИСТАДЕНОМА)

Одатда бу репродуктив ёшдаги аёлларда учрайди. Улар ҳеч қачон ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетмайди. 25-30% ҳолатларда хавфли ўсмага айланиши мумкин. Бошқа кисталар сингари, улар ҳам одатда шикоятсиз ва тасодифан аниқланади. Икки томонлама киста ҳосил бўлса хавфли ўсма бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Даволаш албатта жарроҳлик амалиёти орқали бўлади.

 

МУСТИНОЗ КИСТА

Бачадон ички қаватини қоплайдиган қаватдан ҳосил бўлади, ичи шиллиқ қатлам билан тўлган бўлади. Бу инсонда учрайдиган энг катта пуфак ҳосила бўлиб, ўлчами 30 см гача бўлиши мумкин. Одатда бу бир томонлама бўлади ва хавфли ўсмага айланиш эҳтимоли йўқ. Умуман олганда, уларда бирор аломат кузатилмайди, ҳайз цикли бузилиши келтириб чиқармайди. Улар ўлчами жуда катта бўлгани сабабли чов соҳасида мушаклар шишиши ва босим оғриғи кузатилади (тез-тез пешоб келиши, ич қотиши). Катталашган сари ёрилиш эҳтимоли юқори бўлади.

ДАВОЛАШ

Шифокор аниқланган киста турига кўра муолажа йўналишини белгилайди. Шуни унутмангки, кистанинг турига кўра муолажа давомийлиги фарқланиши мумкин. Гормонал бузилиш натижасида юзага келган кистани эндокринолог даволайди. Яллиғланиш сабабли пайдо бўлган кистани даволаш учун аввал яллиғланишга қарши чора кўрилади.

Функционал  кисталар (фоликлуяр ва “сариқ тана” кисталари) ҳаёт давомида ҳар бир хотин-қизда пайдо бўлади. Ҳаттоки, кўпчилик буни билмайди ҳам. Чунки, улар ўзи пайдо бўлиб, ўзи йўқолиб кетади. Бу кисталар асоратсиз кечади, уларни кузатиб, дори-дармонлар билан даволаш мумкин. 90 фоиз ҳолатларда функционал кисталар 2-3 ой давомида сўрилиб кетади. Кисталар ўлчамини камайтириш учун кўпинча  контрацептив дори воситалари ёки таркибида прогестерон бўлган препаратлар қўлланилади. Йўқолиб кетмаган кисталарни эса жарроҳлик амалиёти орқали олиб ташланади. Ўлчами 5 см дан кам ва йўқолмаган кисталар кузатувда бўлиши мумкин. Кузатув асносида хавфли ўсмага текширув ҳам ўтказилиши, доплер ультратовуш орқали қон оқими ўлчаниши керак. Агар хавфли ўсма аломатлари кўпайиб кетган бўлса, жарроҳлик амалиёти ўтказилиши зарур.

  

МЕНОПАУЗАДАН КЕЙИНГИ ТУХУМДОН КИСТАЛАРИ

Менопаузадан кейин аниқланган тухумдон кисталари то ўлчамлари аниқланиб киста экани исботлангунга қадар хавфли ўсма сифатида қараб текширув ўтказиш керак. Жарроҳлик аралашуви одатда зарур бўлади.

 

Қачон жарроҳлик амалиёти ҳақида ўйлаш мумкин?

− кисталар 6-7 см дан каттароқ ўлчамда ўсишда давом этиши ва сўрилиб кетмаслиги;

−  ўсма белгилари кўпайса;

−  икки тарафлама бўлса;

− агар кистанинг кўриниши ўзгарган бўлса;

− унинг таркиби қалин ёпишқоқ суюқлик ёки қаттиқ ёпишқоқ бўлса;

− ҳам суюқ, ҳамда қаттиқ пуфак кўриниши бўлса;

− эндометриоз (“шоколад”) киста бўлса;

−  менопауза даврида кўринса

− ичида бўлмалар (септум) бўлса;

− қаттиқ оғриқ келтириб чиқарса;

− буралиб қолган бўлса;

− ёрилиш натижасида ортиқча ёки кўп ички қон кетиш бўлса;

−  доплер ултратовуш текшируви натижасида ортиқча қон тўпланиши аниқланса;

− бемор ва кистанинг ҳолатига қараб жарроҳлик амалиёти очиқ ёки ёпиқ (лапароскопик) амалга оширилади.

Жарроҳлик амалиётидан қўрқманг! Бугунги кунда ультратовушли скальпель, лазер муолажаси, лапораскопия каби жарроҳликнинг замонавий усуллари қўлланилаётган бўлиб, бемор одатдагидан тезроқ соғайиши учун имкониятлар мавжуд.

КИСТА АСОРАТЛАРИ:

·       хавфли ўсмага айланиши;

·       кистанинг буралиб қолиши.

·       кистанинг ичаклар билан аралашиб, ўралиб қолиши;

·       кистани кеч даволаш бепуштликка олиб келиши мумкин.

 

КИСТА ҲАҚИДА ҚИСҚА САВОЛ-ЖАВОБЛАР:

 

САВОЛ: Киста нима сабабдан келиб чиқади?

ЖАВОБ:Киста гормонал бузилиш ҳисобига, масалан эстроген, прогестерон тестестерон, пролактин каби гормонлар ишлаб чиқарилиши бузилишидан келиб чиқади. Жинсий аъзоларнинг яллиғланиши ҳисобига ҳам пайдо бўлиши мумкин.

 

САВОЛ:Бачадонда киста бўлса унинг аломатлари қандай бўлади?

ЖАВОБ: Бачадон танасида киста бўлмайди. Бачадон бўйнида киста бўлиши мумкин. Киста турига қараб оғриқ сезишингиз мумкин, масалан функционал кистаси бўлса оғриқ сезмайсиз, эндометриоз кистаси бўлса, жинсий алоқа пайтида оғриқ сезишингиз мумкин.

 

САВОЛ: Киста яна қайталанса-чи?

ЖАВОБ: Ҳеч бир касалликка нисбатан қатъий қайталанмайди деган ташҳис қўйилмайди. Хасталикнинг такроран юзага келиш эҳтимоли ташқи омиллар ёки организмдаги ўзгаришлар туфайли содир бўлиши мумкин. Тухумдон кистасининг ўлчами ва турига кўра бемор ҳар 3-6 ойда шифокор кўригидан ўтиб туради. Мутахассис даволаниш ниҳоясига етказилганини айтгач, профилактика мақсадида бир йилда бир марта шифокор кўригидан ўтиш мақсадга мувофиқдир.

 

САВОЛ: Қизларда нега киста пайдо бўлади?

ЖАВОБ: Болаликда ўтказилган инфекцион касалликлар, гелминтоз, лямбля, камқонлик, қалқонсимон без фаолиятидаги бузилишлар асорати ҳамда иммунитет сусайишига ҳисобига жинсий аъзолар меъёрида ривожланмаслиги мумкин. Бу эса тухумдон кистасини келтириб чиқарувчи омилдир. Ангина, тишлар яллиғланиши оддий кўрингани билан инфекция ўчоғи ҳисобланади. Агар балоғат ёшига етган қизингизда ҳайз цикли меъёрида бўлмай, турли ўзгаришлар билан кечса, назоратга олинг. Бордию киста аниқлангудай бўлса, ваҳима қилмай, мутахассисга мурожаат учраб, даво чораларини бошланг. Керакли дори воситалари ёрдамида киста бартараф бўлиб, асорати қолмайди. Даволангандан сўнг турмуш қуриш, фарзанд кўриш масаласида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

 

САВОЛ: Киста ҳомиладорликда ёрилиб кетмайдими?

 

ЖАВОБ: Киста мавжуд бўлса, ҳомиладорлик юз бериши мушкул. Бордию ҳомиладорлик вақтида бу каби ҳолат аниқланса, уни киста эмас ўсимта деб аташади. Ўсимта ортиқча безовталикларни келтириб чиқармаса ҳомиладорликнинг 16 ҳафтасида жарроҳлик амалиёти ёрдамида олиб ташланади. Йўқса, ҳомила катталашиши ҳисобига киста эзилиши, ёрилиши ёки буралиб қолиши мумкин. Бу эса она ва бола ҳаёти учун хавф туғдиради.

 

САВОЛ: Климакс даврида ҳам киста бўладими?

ЖАВОБ: Айрим аёллар наздида климакс даврида юзага келган ёки аниқланган кисталар ўз-ўзидан сўрилиб кетади. Аслида эса 40 ёшдан сўнг организмда турли ўсимталар юзага келиш мойиллиги ортади. Климакс аёл организмида бир қатор ўзгаришларни келтириб чиқаради. Бу эса тухумдондаги хавфсиз ўсмани хавфли кўринишга айлантириб юбориши мумкин. Қолаверса, уй шароитида мустақил даволаниш ҳам нотўғри! Климакс бошландими, киста ҳам борми вақтни кетказмай мутахассис ҳузурига йўл олинг. Ҳавотирланманг, давоси оддий ва ишончли.

 

САВОЛ: Ҳомиладорман, УТТ қилганда чап томонда сувли киста бор дейишди. Кистани зиёни йўқми ҳомиладорликка?

 

ЖАВОБ: Меъёрда ҳомиладорлки юзага келганда туҳум ҳужайра тухумдондан ажралиб чиққан жойда сариқ тана кистаси ҳосил бўлади. Бу сариқ тана кистаси ҳомилани бачадонда ривожланиши учун прогестерон гормони ишлаб чиқаради. Ҳомилани бачадонда яхши ривожланишида таъсир кўрсатади. Сизни ҳолатингизда бу киста оғриқ бераётган бўлса УТТ орқали кузатувда гинеколог назоратида туришингиз керак.

 САВОЛ: Тухумдон кистаси қандай пайдо бўлади? ЖАВОБ

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА тайёрлади

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ

 

Report Page