КИМДА АХБОРОТ  БЎЛСА, У ДУНЁНИ БОШҚАРАДИ!

КИМДА АХБОРОТ  БЎЛСА, У ДУНЁНИ БОШҚАРАДИ!


12 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида ўтказилган сим орқали йиғилишда (селектор йиғилишида) муҳокама қилинган масалалар ичида “Ахборот муҳитидаги ҳолат, матбуот котибларининг фаолияти самарадорлиги, улар томонидан ахборот манбалари билан ишлашдаги муаммо ва камчиликлар тўғрисида” ги  мавзу ҳам бўлган.

Аввало, тан олиш керакки, ахборот муҳитидаги ҳолат ва матбуот котиблари  фаолияти масалаларига алоҳида эътибор берила бошланганлигига эндигина 4 йил бўляпти. 2016 йилга қадар бу масалада ҳам ўзига хос  “ўзбекона усул” ўйлаб топилган эди.  Яъни вазирлик ва идораларда матбуот котиби бўлган ташкилотларнинг ўзи кам эди. Бори ҳам фақат “оқни қора, қорани оқ” деб, ёлғон-яшиқ маълумотларни йиғиш ва тарқатиш билан шуғулланар эди. Уларнинг ўша пайтлардаги ахборотларига ишонадиган бўлсак, Ўзбекистонда юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни гўё “жаннатдан дараклар” деб аташ мумкин эди.

2016 йилдан бу масалада ҳам туб ўзгаришлар амалга оширила бошланди. Барча вазирлик, идора ва ҳокимиятларда матбуот котиблари фаолияти  жаҳонда мавжуд замонавий стандартлар асосида янгидан ташкил этилди. Матбуот  хизматларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари кенгайтирилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июнда имзоланган

“Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Қарори билан давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилоти раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилди. Тизим юқори профессионал, баъзи ташкилотларда ҳатто хорижда шу соҳада билим ва тажриба тўплаган ватандошларимиз билан кучайтирилди.

Натижада вазирлик, идора ва ҳокимликлар матбуот хизмати фаолиятида сифат ўзгаришлари юз бера бошлади. Улар ишида шаффофлик, муаммоларни очиқ-ойдин тан олиш ва жамоага тақдим этиш ҳолатлари кўзга ташлана бошлади. Хорижликлар билан ишлашдан, улар билан муаммоларни эркин муҳокама қилишдан қочиш ҳолатлари кескин камайди.

Бахтга қарши, ҳамма жойда ва ҳамма ташкилотлар матбуот хизматлари бугунги кун талаби даражасида ишлаяпти, дейишга ҳали эрта. Бош вазир А. Арипов мазкур йиғилишда алоҳида таъкидлаганидек,  баъзи “корхона ва  муассасалардаги ахборот хизматларидан тузукрок асослантирилган маълумотларни нафақат чоп этиш, балки сўраб ҳам олиб бўлмайди, уларда тизимли ишлаш йўқ. Натижада блогер эшитганини, билганини ёзяпти ва кенг оммада нотўғри таасуротлар туғилаяпти”.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг матбуот хизматлари фаолиятини тўғри танқид қилмоқда. Негаки, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ўзга-ришлар жуда  кенг қамровли ва унинг нозик томонлари ҳаммага тушунарли бўлавермаслиги табиий бир ҳол, албатта. Тармоқ, соҳа ва  ташкилотларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳияти ва мазмуни ҳақида уларнинг матбуот хизматлари оммага тушунарли шаклда ахборот бериб бориши лозим.

Ахборот хизматлари ходимлари блогерлар билан мулоқотдан чўчимаслик-лари, аксинча, улар билан ҳамкорлик қилишлари мақсадга мувофиқ. Мен аминманки, блогерларнинг мутлоқ кўпчилиги эл-юрт ва халқ манфаатлари учун курашади. Лекин уларда тармоқ ва соҳалар, вазирлик ва идоралар фаолияти ҳақида тўғри ва ҳаққоний ахборот етарли бўлмаслиги, баъзан умуман бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун ахборот хизматлари ўз ташкилотлари фаолияти ҳақидаги ахборотларни матбуотда, ўз интернет сайтларида очиқ эълон қилиб боришлари лозим. Ана шундагина ахборот хизматлари ўзларига юклатилган вазифаларни талаб даражасида бажара олишлари мумкин.

Тўғри, ташкилот ва муассасаларнинг тижорат сирлари бўлиши мумкин. Уларни очиқ эълон қилиш ташкилот манфаатларига тўғри келмайди. Матбуот хизматлари масаланинг бу жиҳатларига ҳам эътибор беришлари лозим бўлади.

Хуллас, ахборот хизматларининг мамлакатни бошқаришдаги аҳамияти беқиёс катта. Шу боис, “кимда ахборот бўлса, у дунёни бошқаради”, деб бежиз айтишмаган!



Одил Олимжонов

Иқтисод фанлари доктори, профессор


Report Page