КЕЛИНЛАР…
Joni KuyarКатта ҳангома
Во ажаб, қишлоғимизда шундай келинлар бор эканки, қўлига кетмон берсанг нафақат ерни, қўйиб берсанг эрининг жонини ҳам суғуриб олади-я. Ёпирай, ана, биттаси кетяпти, тошлоқ кўчадаги тошларни эзиб, ғижирлатиб, чарсиллатиб...
Жонингизга балли-я, жонингизга!

Ё бизнинг қишлоққа шундай бақувват, забардаст келинлар тушади, ё кейинроқ шундай бўлиб кетади. Бунга унча эътибор бермаган эканман. Тўғри-да, бировнинг хотинига қараб ўлибманми?!
Тоғай Мурод “От кишнаган оқшом” қиссасида Ирғали қизларини таъриф этганидек, “…бели бақувват, бўлимли бўлади, қучоқласа, қўйин тўлади!” деёлмасак-да, ишқилиб, жуда чидамли аёллар.
Ҳар гал қишлоққа борганимда келинларимизга қараб, булар “Биз меҳнат учун яралганмиз!” деб ўйласа керак, дейман. Турмуш тарзи бир хил: ўша ётиш-туриш, ўша кўйлак, ўша соч-турмак, ҳў ўша тўйида безаб-чирмангани ва ҳоказо. Бунинг устига аксариятининг эри ҳўкиздай қўпол, алкаш, бир нима.
“Романтика?..” дейсизми? Бу ерда романтика – шаталоқ отиб келган бузоқнинг нафсига қўшилиб, қашқа сигирнинг тўртинчи эмчагидан сулак аралаш оқиб ётибди!
Лекин қойил қолиш керакки, бизнинг қишлоқ келинларини бир оғиз нолиганини эшитмаганман. Кўчага чиқиб кўргани ҳафтада бир – қишда лой, ёзда чанг бозор. Яна эрига нос ҳам олиши керак! Қизлик уйига йилда бир бормаса, бошқа ҳеч нимани кўрмаган, десак ҳам бўлаверади. Кўргани ҳам бундан нари!
Қўшни жувон
Қишлоғимизда қайнонаси жодугардан таълим олган бир келинчак борки, қисматига кўниб, тақдирига тан бериб, тишини тишига қўйиб, жим яшаб келаётир. Шу хусусда икки оғиз гапирмасам бўлмас.

Қўшни бўлганимиз учун икки том эгаларининг гап-сўзи-ю ҳаракатлари бир-бирига маълум. Бечора жувон қизлик уйидан тўлишиб, чирой очиб келган эди. Кўп ўтмай меҳнатнинг зўрлигиданми, шароитнинг ҳаминқадарлигиданми ё эрининг Акбарали мингошига ўхшаган ҳўкизлиги туфайлими озиб-тўзиб, бир бурда бўлиб қолди. Шундаям шўрлик тиним билмай, бор ситамларини ичига ютиб, тушларини сувга айтиб-айтиб, уй юмушларини чопиб-чопиб эплаб келади. Икки болаям туққан! Номига бўлса ҳам дам олганини кўрмайди киши. Қайнонанинг заҳри, эр жониворнинг кўрлиги-ю гўллиги билан бу кучанишлари табиий-да.
Бир куни денг, келин уй ичидан ҳовлига югуриб чиқиб, титроқ, бироз хира овоз билан томорқада ишлаб турган эрини чақириб, ёрдам сўради. (Камина пойлоқчи эмас, айтдим-ку, икки том бир-бирига яқин, ҳовлиси кўзимизнинг тагида туради) Ялангоёқ, ранги ўчган, сочлари тўзиган, кўзларидан ёш отилиб чиқаёзган ҳолда эридан нажот кутиб, қалтирабгина турарди. Шу аҳволини кўрганингизда эди: “Шу муштдеккина ожиза ҳам бировнинг авайлаб, “қизим-қизимлаб” катта қилган фарзанди! Бир она юрагининг бўлаги! Отанинг қимматли зираги!”, деб ғазабингиз юз карра ортарди.
Хуллас, жувон бу оилага келин бўлганидан бироз арз қилган шекилли, қайнонанинг жағи очилган кўринади. Ухлаб қолган, десак, бу айб иш эмас. Ким билсин, ичкарида нима бўлган. Биз ибтидосидан бехабар, ниҳоясига гувоҳ бўлдик, холос: эр жонивор хотинини чиқиб келган ҳолидан ўн чандон ёмон аҳволга солиб, оғзига келган сўзлар билан ота-онасини обдан эслади-да, сўкиб ортига қайтариб юборди.
Ўртада ғафлат босиб қолган шўрлик нимаям қилсин?
Ичкарида қарғишнинг минг туридан қўйиб-қўйиб юбораётган “волидайи муҳтарамаси”, ташқарида эса “суюкли” хотини. Онани хафа қилиб бўладими?! Иккиси ҳам она эмасми?!
Бировнинг ҳаётига бурнимни тиқишни одат қилмаганман. Ўзи бир ўхшовсиз. Баттар қийшайиб кетсинми?! Ичим ачиганидан гапираман-да. Кўриб-билиб турган билан ҳеч бир ёрдам беролмайман. Эрини чақириб икки оғиз маслаҳат солгим бор, йўқ эмас. Бунинг натижаси яхшилик билан тугамаслигини сезиб, жим бўламан. Агар бирор гап очадиган бўлсам, қайнонаси: “Вой шўрим, бу ўз хотинига қаноат қилмаган шармандани ҳолига қаранг, келинимга осилишини кўринг!”, деб дод-вой солиши, бола пақирининг мушт тушириб қолиши ҳеч гапмас-да.
Бечора келин, қайнонадан ҳоли тунларда эридан бир оғиз ширин сўз ҳам эшитмагандир. Фақат ҳайвоний ҳирс, нафс қондирилгунича бирор яхшироқ муомала кўрмаган бўлса, ундан кейин эшитиб бўлибди! Ёки баҳорда қувлашиб учган қушлар каби бошқалардек ошиқ-машуқ ўйинини ўйнаганмикан? Узоқ-яқиндан қош қоқишлар-у кўз сузишлар, имо-ишоралар, нозли юришлар қилганмикан? Шўх-шўх кулиб, рўмоли бошидан учиб, “жуфти ҳалоли”га сувлар сепиб қочганмикан? Эр ҳам бу нозу карашмаларга жавобан белидан қучиб, пешонасидан (қоғозга ўраб айтганда) ўпганмикан?
Шундай ширин хаёллар билан мияга дам бериб турганимда, ичимдан яна бир овоз чиқиб, тикка сўка кетади: “Сенга нима, баччағар?! Бировнинг ҳовлисига бунча қарадинг! Хотини қиз кўриндими ё? Кофир бўлма, тўхта бир нафас! Қайдан биласан, ўйнашган бўлса бордир, сен-у менга кўрсатиб қилармиди?!”.
Ҳарҳолда шунга умид қиламан!
Қизталоқнинг хотини
Жойи келганида айтгани-айтган, тағин тинмай нолигани-нолиган шаҳарлик айрим (“айрим” деб алоҳида кўрсатиб ўтяпман, суриштирмай таланмасин!) Пошшохонларни қистириб ўтишни жазм қилдик. Ай, салонга кириб, ўзига неччиюз долларни тиқворяпти-я. Одам деганнинг ҳамма ерига ишлов берса бўларкан-да!?

Масалан, растушовка, киприк ламинацияси, қош ламинацияси, маникюр, педикюр, карбоновий пилинг, ботокс, броулифтинг, депилация, сочга кератен, ламинация, укладка, лабларни катталаштириш, гел қуйиш ва яна камина тушунмайдиган алламбалолар. Ё, бетингиз чидаса, охиригача айтишим мумкин?! Ўқиганингиз атама-ю сўзларни шаҳарлик хотинимдан сўраб олдим. (Пешонамга битта хотин битилган, шаҳарда катта бўлган, демоқчиман. Катта акалар ёзғиримизни ўқиб, дарров ханда қилишга тушмасинлар!) Бўлмаса қишлоқда илиги қотган, “Жўқ” билан “Йўқ”ни ўртасида катта бўлган биздақаларга ким қўйибди, бу мавзуда гап отишга!
Нафсиламбирини айтганда, яхшилаб разм солсанг, дориланган гулга ўхшайди. На ҳидлаб бўлади, на тегиб. Узоқдан қарасанг, ҳайвоний ҳирсни уйғотишдан бошқасига ярамайди. Уйғотишга уйғотади-ю, яқинроқ борсанг кўнглингни бузиб, дилингни хира қилади. Яна устига шаклини маълум қиладурғон (Ҳангомаларни тартибга келтириш баробарида Жадид ёзғирларини мутолаа қилганим боис шундай сўзлар табиий ҳолда ишлатилиб кетяпти. Қусур деб қаралмас?) латта-путталарни илиб оладики, “Астофриллоҳ” деб қоласан. (Ҳалиги латифа бор-ку, бир домла “Қани-қани?” деб излаб қоладиган, шу эсга тушиб кетди, айни дамда. Эсладингизми?!).
Нима қилиб буларга қараб юрибсан, дейсизми? Хотин ҳам шу саволни кўп беради. Айбга буюрманг, хом сут эмган бандамиз. Эркак зоти борки, бир мартага бўлса-да, қарайди-да. Бизга ўхшаган инсофлироғи бўлса: “Буларнинг бошида эри бормикан? Ёки ўзи ҳам шу юриш-туришларига бош қошмикан? Шундай бўлса, урди Худо!” деб ўйлайди-да! Сиз, ўзингиз, қарамаганмисиз, а, лаббай? Шундай бўлган тақдирда ҳам сира айблашга ўтмайман. Сиз-у биздан олдинроқ бир қизталоқ борки, заифасини кўчага шундай чиқариб қўйган: иштонини ечтириб, кўкрагини очтирган!
Аҳайт, аҳа-ҳайт, биз ёзаверсак, сиз борган сари яқинроқ келиб, ўқийверсангиз-а? Қизишманг, тоға! Энтикмай туринг, қишлоққа — асосий ҳангомаларга қайтиб олайлик. Қолгани бир гап бўлар, қайси бирига куясиз!
Пахта даласида
Эртага ҳаётида бир марта келадиган бахтиёр дам — никоҳ тўйи. Лекин келин пахта даласида жавлон уриб (Жавлонлар хафа бўлмасинлар, мажозий маънода ишлатяпмиз), тўрт-беш сўм илинжида ғайрат (Ғайратларга ҳам шу гап!) қиляпти. Қўл-у уст-бошига қараб бўлмайди. Сочлари тўзиган, юзи қорайиб, қўллари қавариб кетган. Ўзим кўрганман! “Эртага тўйинг, ағ-бағингга қараб олсангчи?!” деб ақл бўласан. У эса пинагиниям бузмай: “Бугун биринчи терим тугайди, ахир...” дея пахта даласи оралаб, бўшаган қопини тўлдира кетади. Комбайн нима, у нима! Ҳап, қишлоқнинг қизлари-я, қишлоқнинг қизлари! Шундаям рўзғорим дейди, ёмон жойга тушмагурлар!

Тўйдан бир кун олдинги тайёргарликлар — ювиниш-тараниш, ўзига қараш ва ҳоказолар қаёқда? Апил-тапил ўрнидан туриб, дугоналарининг қистови билан эрта саҳарда салонга йўл олади. “Энди буёғи сизнинг маҳоратингизга боғлиқ-да, айланай”, деб дугоналар салончига қизни топширадилар. Ўзлари эса у ёқ-бу ёқларига қараган бўлиб, ойна қаршисида ясан-тусан қиладилар. Айниқса, айни етилиб, ҳали-бери турмушга чиқмаган, одамларнинг гап-сўзига тез-тез тушиб қолган дугоналар ўзларига бор меҳрини берадиларки, қуда томон ёки куёвнавкардан бирор бўладигани гап отиб қолиши тайин. Бунинг ёмон ери йўқ. Ҳар ким бахтини қидириб топишга ҳақли.
Шундай қилиб, пахтакор келинимизнинг “вечер”ига кириб ўтдим. Кирмасам бўладими? Қишлоқ аҳли қўядими? Бунинг устига ўзимизнинг уруғга келин бўладиган. Лекин салончи шунақанги тер тўккан экан. Куёвни табриклагани чиққанимда билдим.
Муаллима
Э-бо-э, энди улар ҳақида гапириб ўтмасак бўлмайди. Қишлоққа яқинда келин бўлиб тушган, ҳали қора ишларда унча кўринмайдиган, ноз-карашмалари жонли, гулдай чиройли, олий маълумотли педагог янгалар. Бор бўлинглар-эй, бор бўлинглар-эй. Ҳар куни эрталаб уларни эри эркалаб мактабга ташлаб қўяди. Тушдан кейин дарвозасида пайдо бўлади. Бундайларни қайнона ҳам бошқача севади: пул келади-да, пул! Бир-икки йил ўтсин, ё қишлоқ буларга кўникади, ё булар қишлоққа. Одатда манаман дегани мослашади. Хослаштирилади!

Шундайларидан бирини биламан. Бу йил Карим киракашга хотин бўлиб тушганига роппа-роса 22 йил тўлибди. Муаллима! Ўзиям ичи жуда кенг аёл экан. Ўша пайтларда “дамасчи”ларнинг ошиғи олчи эди. Устига устак Карим аканинг суяги енгил бўлиб, қиз-жувонларга хушкайф одам эди. Кўп ичарди. Кунора янгиси билан хиринглашиб, ичи кенг уловда қоларди... Муаллима шуларга-да чидади, уларни ўзига тенг кўрмади. Шунинг учун оиласини бузмади. Қачондир эрининг тўғри йўлга киришига ишонди. Шундай бўлди ҳам! Эрини қандай йўлга солган бўлса солдики, хотинисиз яшолмай қолди хотинбоз. Эсизгина, сир-синоатини билганимда эди, дастуриламал қилиб ёзиб кетардим. Бир сўрашли жойи бўлса, имкон топарман. Ҳозирча мияга “замитка” қилиб қўямиз.
Лекин муаллимага қойил қолдим. Эрининг шу ҳолига оиласини обод қилиб юборди. Ўйлайманки, бунинг барига калта тиллиги сабаб бўлди. Бир оғиз ортиқча гапиргани, ким биландир тортишгани ёхуд ғийбатлашганини кўрмадим. Бор куч ва эътиборини оиласига, фарзандларининг келажагига қаратди. Қолганига тикка қўл силтади. Натижада эри вафога қайтди, фарзандлари мактабни аъло баҳоларга тугатиб, университетларга ўз билими билан ўқишга кирди. Карим киракаш ҳар замон қўмсаб қолса, ҳозир ҳам хотинидан яшириб юз-икки юзқотар қилиб турармиш. Қўрққанидан эмас, хотинидан уялиб, хижолат бўлганидан сармаст вақтлари кўзига кўринмасликка, ёнида қолмасликка, юзма-юз бўлмасликка уринар экан. Билъакс, шундай аёлнинг уволи ҳам бўлар!
Ўқиган оналарда кўп гап бор! Юқоридаги қўшни жувон билан муаллиманинг тақдирини кўз олдингизга келтиринг. Бирининг ютуғида таълим, бирининг турмуши таназзулга юз тутишида илмсизлик ётади. Бу ҳақиқатни хаспўшлаб бўлмайди. Охирги кийимингизни сотиб бўлса-да, қизларингизни ўқитинг. Вассалом!
Кўнгли сўралмаган қизлар
Яна шунга яқин мавзулар борки, ёзишни қўйинг, улар ҳақида ўйлашни бошлаганимнинг ўзидаёқ ичим ёниб, юзим қизариб кетади. Қизларининг қариқиз бўлиб қолишидан қўрқиб, 18–20 ёшидаёқ узатиб юбораётган ота-оналар, уларни шундай ўйлашга мажбур қилган халқ орасидаги оми, ғийбатчилар ҳақида; уларнинг “Айтганимизга кирмасанг, сендан рози эмасмиз”, деган қўрқинчли гапидан зарба олиб, тишини тишига қўйиб, нафс қучоғига истамайгина кираётган, кўнгли сўралмаган сингилларимиз ҳақида; ҳали ўйнаб-кулишга ҳам улгурмай, мустақил ҳаётининг икки кунини ҳам яшаб кўрмасиданоқ бўйсундирилган, орзу-ҳаваслари чеклаб-чеклаб, ҳурлиги синдириб ташланган қизларимиз ҳақида ўйлаб, уларни алқаб турганингда, “Қизимиз бузилиб кетмасидан эрга бериб юборайлик!”, деб ўйлайдиган, берган тарбиясига ўзи шубҳа билан қарайдиган ота-оналар ҳам борлигини кўриб, ёқангни қидириб қоласан.

“Кеча ва кундуз”ни уч хил ёшимда ўқидим, учаласида ҳам уч хил нарсаларни уқдим. Учинчисида эса уни кўпроқ тушундим, ҳис қилдим, сездим, ўйга толдим. Шундай ҳақиқатларни англадимки, уларни ҳозир ёзишнинг ўзи қўрқинчли. Ҳозир ҳам Зебига тақдирдош қизлар, Раззоқ сўфига ўхшаш “оталар”, Акбаралидек нафси чириган амалдорлар, энг қўрқинчлиси эса “Эшон бобо”ларимиз, закунчиларимиз бор. У даврда ҳам, бу даврда ҳам бузилмаган “анъаналар”, “тадбирлар” борки, шакли ўзгарган, моҳияти эса сақланиб қолган, гўё. Алқисса, асарни ўзингиз ўқинг, қайта уқинг, солиштиринг, тафаккур қилинг.
Бундан кейинги ёзғирларимизни шу зайлда жиддийлаштириб юбориш ниятида эмасман. Кайфиятингиз ҳам туққан хотин ҳолига ўхшаб қолишини истамаганим боис, қишлоқ воқеаларига қайтиб, асл мақсадимизни унутмаган ҳолда ҳангомани давом эттирамиз. Шуниси дуруст.
Қассоб кўрган
Қишлоғимизда шундай иккита-учта билганларим борки, уч-тўртта туғиб, кейингиларининг “баҳридан ўтган”. Ҳа-ҳа, воз кечган! Эрлариям бошқа қиладиган иши йўқдек, қирқ-элликка кириб ҳам тиним билмайди-да. Бечораларни қўймайди. “Қассоб кўрган” дейишимга сабаб эса уларнинг ҳангомасига гувоҳ бўлганимда. Эмишки, ҳали тузук-қуруқ ривожланмаган болани қориннинг ўзида бўлаклаб, майдалатиб олдириб ташлар экан. Бошқа нима дейман уларни?

Қишлоқ болаларига ҳам қойил қолиш керак. Бир-бирини тортқилаб, урилиб-сурилиб, қорайиб-картайиб, қоқилиб-йиқилиб, юмалаб-думалаб катта бўлиб кетаверади. Ўзимиз ҳам сакраб-сапчиб, осилиб-босилиб, ёриб-тошиб унганмиз, вақтида қўй ёғига ҳам кўнганмиз. Ҳозир эса шаҳарлик боламизни поликлиникага тортқилаганимиз тортқилаган-да. Кучлироқ овқат бериб юборсанг, ҳазм қилолмай қайд қилиб юборадими-е. Совуқда бошяланг бир-икки дақиқа қолса, иситмалаб, томоқни олдириб, йўтални қўйиб-қўйиб юборадики, шунда ҳалиги қўй гўшти-ю қўй ёғлари илигингга сингмаганига аттанг қилиб қоласан. Бу табиатнинг хатосими ёки инсониятнинг ўзи шунга сабаб бўлдими, билмайди киши. Боши омон бўлгурлар.
Ҳали нима ҳақида сўз қотаётгандик? Ҳа, бўлди, нафсига тупурган шўх почча-ю қассоб кўрган хотинлар! Аслида, орқама-кетин туғиб ташлаш уларга ҳам ҳавас эмас. Бирининг бели ёзилмай, иккинчиси қорнига келади. Аммо эркакнинг нафсига “бас” дейдигани бўлмаса, аёлнинг ҳам сабри бир ерда тугайди. Етмаганига уй-рўзғор, мол-ҳол, дала-дашт, бола-чақа — бари гарданига юк бўлади. Чорасизлик гоҳида одамни шундай йўлга бошлайди. Кейин эса гуноҳнинг оғири ҳам, “қассоб кўрган” деган тамға ҳам унинг бўйнига осилади.
Тили ҳаром
Балки бундан кейинги ёзғирлар ўқувчига танишдир. Билъакс, оғзингиз ланг очилиб, ёқангиз йиртилиб кетмасин. Қишлоғимиздаги мен билган хотинларнинг бари шу бўлса, фарзандини эркалатганини кўрмаган, чиройлироқ гап айтганини эшитмаган эканман. “Отангга ўхшамай ўл, ҳаромдан бўлган!”, “Қонингни ичаман!”, “Ер ютгур!”, “Сен эшакни...”, “Ўйнашдан бўлган!”, “Ҳўкиз!”, “Мол!”, “Оғзингдан қонинг келсин!”...
Одам ўз боласигаям шунақа дейдими? Масалан, мен тасаввур қилолмайман. Бор ситаму қийинчиликларини, аламларини шу тариқа чиқариб юборса керак, деб ўзимни алдайман.

Умрларига умр қўшилгур, ёши улуғ бир онахонга юзланиб, ундан ҳам секин ўз даврининг теша тегмаган қарғишларидан сўраб олдим. Мана, бир нечтасини эшитинг: “Жувонмарг бўлгур”, “Жонинг чиққур”, “Ҳа, бўйгинанг лаҳатда чиригур”, “Овозинг гўрдан чиққур”. Жим қулоқ солиб турсам, бари ўлим ҳақида. “Бас, етар!” деб юбордим. Этим жунжикиб, кўнглим бузилиб кетди. Буларни ёзишнинг ўзи ҳам қўрқинчли-ку!
Нима бўлганда ҳам жаҳл чиққанда бу даражада ақл кетиши керак эмас-да. Жа бўлмай кетаётган бўлса, овозингнинг борича “Уйингга буғдой тўлгур!”, “Маккага имом бўлгур!” деб бақирсанг ҳам аламинг чиқади-ку. Яна қайдам, “Е, оғзингдан қонинг келгур!”нинг кайфини бермаса керак-да.
Ҳар қалай, оғиздан чиққан гапнинг ҳам эгаси бўлади. Фарзандига эртаю кеч қарғиш ёғдириб катта қилган одам ундан эртага ширин сўз кутмаса ҳам бўлади. Тили ширин одамнинг кўнгли ҳам ширин бўлади, дейдилар. Тили ҳаромнинг эса... ўзингиз биласиз.
Ҳазилкаш янгалар ҳақида
Мен сизга айтсам, қишлоғимиз келинлари, аниқроғи янгалар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Шунақанги уялтирадики, хижолат бўлганингдан қочиб қутиласан.
“Оҳо, палончи йигит, қалай энди ҳаёт? Бўлмаганда бир, бўлганди икки-а? Келинжонни ухлатмаяпсиз шекилли, уйқусираб юргандир? Ҳа, энди бу билакдаги томирларга қараганда, бир “ҳа” деганда жонини суғуриб оладиганга ўхшайсиз-ку, айланай. Ҳа, ўлманг, бўрисиз йигит, бўрисиз! Важоҳатингиздан кўрганингизни бўғизламасдан қўймайсиз-а! Вой, эр бўлса шундай бўлса-да, бўри бўлса шундай еса-да!”

Ана шунақа гапларни эшитиб, бетинг чидамай тўғри келган томонга қочиб қолмасанг, биқинингга бармоқларини ниқтаб қолади. Шунда сесканиб, сакраб тушсанг борми, урди Худо. “Ея, буни ҳали қитиғиям ўлмаган-ку! Келин жа уятчан чиқди-ми, дейман-да. Келинг, ўзимиз ўлдириб қўя қолайлик!” деб бармоқларини ўйнатиб, қошларини қоқа бошлайди. Қочиб қол, хушинг борида!
Шунақа гаплар. Бу ҳангомалардан кейин “Бунчалар қолоқ қишлоқ экан”, деб хулоса қилишга шошилманг. Қишлоғимизда бугун кўп нарса ўзгарди: йўллар асфалт бўлди, машиналар янгиланди, ҳатто интернет ҳам қўндирилди. Энди навбат айрим одатларимиз-у қарашларимизга етса, кейинги ёзғирларимда қарғишлар, кўнгли сўралмаган қизлар, қассоб кўрган хотинлар эмас, фақат кулдирадиган ҳангомалар ҳақида ёзиш насиб қилса ажаб эмас…
Жону КУЯР