КЕЛГУСИДА ҚАЙТА ТИКЛАНАДИГАН ЭНЕРГИЯ ЛОЙИҲАЛАРИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛАДИ

КЕЛГУСИДА ҚАЙТА ТИКЛАНАДИГАН ЭНЕРГИЯ ЛОЙИҲАЛАРИГА АЛОҲИДА ЭЪТИБОР ҚАРАТИЛАДИ

@minenergy_uz

Бугун, 2019 йил 13 ноябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги барча ташкилотлар иштирокида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарори ижроси, қарордан олдин ва кейинги ўзгаришлар муҳокамаси” мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Энергетика вазирлиги ва унинг таркибидаги ташкилотлар мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Маълумки, Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида электр энергетика тармоғини янада ривожлантириш ва ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўзбекэнерго” АЖ негизада учта алоҳида – “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад, электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил этишнинг замонавий услубларига ўтишдан иборатдир.

Тадбирда таъкидланганидек, “Иссиқлик электр станциялари” АЖга иссиқлик электр станциялари, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқарадиган электр марказларини бошқариш вазифаси юклатилди.

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ республиканинг магистрал электр тармоқларини ишлатиш ва ривожлантириш, электр энергиясини республиканинг магистрал электр тармоқлари ва давлатлараро транзит орқали ташиш, электр энергиясининг экспорти ва импорти, шунингдек, қўшни давлатларнинг электр энергияси тизимлари билан ўзаро алоқалар каби масалалар учун жавоб беради.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ электр энергиясини охирги истеъмолчиларга етказувчи ва ягона сотувчи ҳудудий электр тармоқлари корхоналарини бошқаради.

Яъни, ташкил этилган учта акциядорлик жамиятидан биринчиси – электр энергиясини ишлаб чиқариш учун, иккинчиси –  минтақалар ўртасида ташиш ва қўшни энергия тизимлари билан ўзаро алоқа қилиш, учинчиси – охирги истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш учун жавоб беради.

Ислоҳотлар жараёни бугунги кунда мамлакатнинг барча ёқилғи-энергетика мажмуасини (ЁЭМ) қамраб олган ва унинг бошқаруви Энергетика вазирлиги ваколатига киради.

Энергетика вазирлиги таркибига бевосита “Ўзатом” агентлиги, “Ўзнефтгазинспекция”, “Ўзэнергоинспекция”, “Маҳсулотларни тақсимлаш тўғрисидаги келишувлар бўйича лойиҳаларни мувофиқлаштирувчи Битимларни амалга ошириш гуруҳи киради. Шунингдек, “Иссиқлик электр станциялари”, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”, “Ҳудудий электр тармоқлари” ҳамда “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзтрансгаз” “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятлари фаолиятини мувофиқлаштиради.

“Ўзбекнефтегаз” АЖда амалга оширилаётган ислоҳотлар харидларнинг шаффоф тизимини яратишга ва мамлакатнинг нефть-газ саноатини молиявий мустаҳкам ва барқарор ривожланаётган соҳага айлантиришга қаратилган. Соҳада тайёр маҳсулотни сотиш механизмларини такомиллаштириш, молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва нефт-газ саноатидаги корхоналарда нархларни оптималлаштириш бўйича чора-тадбирлар бошланди.

Ушбу чора-тадбирлар “Ўзбекнефтегаз”, “Ўзнефтгазқазибчиқариш”, “Ўзнефтмаҳсулот” АЖ, “Ўзнефтгазмаш” АЖларни бирлаштириш орқали “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув тизимида кераксиз оралиқ алоқаларни қисқартиришни таъминлади ва “Ўзбекнефтегаз” АЖ ижроия аппарати таркибида бекор қилинган тузилмаларнинг вазифалари ва функциялари бажарилишини таъминлайдиган тегишли бўлинмалар ташкил этилди.

“Ўзбекнефтегаз” АЖ таркибидан “Ўзтрансгаз” АЖ чиқарилиб,  Давлат активларини бошқариш агентлигига берилди.

“Ўзтрансгаз” АЖ ҳудудий газ таъминоти филиаллари негизида Агентлик акциядори сифатида белгиланган “Ҳудудгазтаъминот” АЖ  ташкил этилди.


Ўзтрансгаз” АЖга газни қазиб олиш ва қайта ишлаш ташкилотларидан, шу билан бирга, қўшма корхоналар ва хорижий компаниялардан табиий газни кейинчалик транспортировка қилиш, шу жумладан, табиий газ экспорти ва импортини ягона оператор сифатида бажариш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, “Ўзтрансгаз” АЖга табиий газни магистрал газ қувурларига уланган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартномалар бўйича, шунингдек, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ билан газ тақсимлаш тармоқларига уланган истеъмолчилар учун комиссия шартномалари бўйича сотиш вазифаси юклатилган.

“Ҳудгазтаъминот” АЖ газни тақсимлаш тармоқлари ва тегишли ускуналарни хавфсиз ишлаши учун ўрнатилган талабларга мувофиқ фойдаланишни таъминлайди.

Шунингдек, унга ижтимоий ва маиший объектларга суюлтирилган газ сотиб олиш, етказиб бериш, сақлаш ва сотиш функциялари юклатилди.

Нефть ва газни қазиб олиш ва газни қайта ишлаш корхоналари тўғридан-тўғри бошқарувни ташкил этиш учун юридик шахс ташкил этилмасдан “Ўзбекнефтегаз” АЖ ишлаб чиқариш таркибий бўлинмаларига айлантирилди.

Ёқилғи-энергетика соҳасини ислоҳ қилиш энергия манбаларини диверсификациялашга жиддий эътибор қаратади. Шу муносабат билан Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Ушбу лойиҳани босқичма-босқич амалга ошириш натижасида 2018 йил июл ойида Ўзбекистон Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги – “Ўзатом” ташкил этилди. Ҳар бирининг қуввати 1200 МВт бўлган иккита замонавий 3+ реактордан иборат бўлажак атом электр станциясини қуриш бўйича Россия лойиҳасини танлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ҳозирги вақтда атом электр станцияси қурилиши учун жой танланди, уни лойиҳалаш ва ишга тушириш учун меъёрий-ҳуқуқий базани тайёрлаш жараёни давом этмоқда. Атом электр станцияларини эксплуатация қилишнинг жаҳон тажрибаси, шу жумладан, Россия, АҚШ, Япония, Чехия, Венгрия, Беларус ва бошқа мамлакатларнинг тажрибаси фаол ўрганилмоқда.

Ёқилғи-энергетика комплексини ислоҳ қилиш жараёнида 2019 йил май ойида Ўзбекистон Республикасининг “Қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунларининг қабул қилиниши муҳим қадам бўлди. Ушбу ҳужжатлар қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини амалга ошириш учун меъёрий-ҳуқуқий базани яратди, шунингдек, энергетика соҳасида хориж инвестицияларини давлат-хусусий шериклик тамойили асосида жалб этишга асос яратди.

Ўзбекистон Республикасида 2019 – 2023 йилларда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг амалга оширилиши қайта тикланадиган энергия лойиҳаларига хусусий капитални жалб қилишни назарда тутади. Шу тарзда, мазкур Концепсия доирасида қуёш энергиясининг 5000 МВт ва шамол энергиясининг 1700 МВт га тенг янги қувватларини яратиш режалаштирилган.

Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Report Page