КЕЛАЖАКДА ЗАМОНАВИЙ КУТУБХОНА ОЧАМАН
#Янги Ўзбекистон – янгича дунёқарашЯхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириб, эзгуликка ундайди. “Китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”, деганда ҳазрат Навоий нақадар ҳақ эдилар.

Айниқса, ўқувчи-ёшларни китобга ошно қилиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир. Хусусан, “Янги Ўзбекистон – янгича дунёқараш” шиори остида бўлиб ўтаётган тарғибот тадбирларида ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Жумладан, Нурафшон шаҳридаги умумтаълим мактабларида ўқувчилар ва маҳалла аҳли учун китоб ярмаркалари ўтказилди.

Тошкент вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган мазкур тадбирларда ёш китобхонларнинг қизиқишидан келиб чиқиб “Китоб дунёси” ва “Ўздавкитобсавдотаъминоти” масъулияти чекланган жамиятлари турли йўналишдаги бадиий китоблар билан иштирок этишди.
Китоб ярмаркаларини кузатарканмиз китобга ошно ўқувчиларнинг сафи кенглиги одамни қувонтирди. Улардан бири Нурафшон шаҳридаги 32-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Паргида Абдусаматова.
– Китоб ўқиш менинг энг севимли машғулотим, – дейди ўқувчи Паргида Абдусаматова. – Шу боисдан бўш вақтимни мактаб кутубхонасида ўтказаман. Уйда ҳам кичик кутубхонамиз бор. Келажакда ўзимнинг замонавий кутубхонамни очишни ният қилганман.
Шунингдек, мактаб директорлари ўзлари сотиб олган китоблардан энг фаол синф ва ўқувчиларга совға қилишди. Бу борада шаҳардаги 26-мактаб директори Дилфуза Алиохуновани алоҳида таъкидлаш керак.

– Мактабдаги ўқувчиларнинг барчаси менинг фарзандимдек бўлиб қолган, – дейди биз билан суҳбатда Дилфуза Алиохунова. – Шу боисдан уларни билимли, келажакда давлатимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган инсонлар бўлиб етишиши учун тинмай меҳнат қиламиз. Бу мақсадга эришишда энг муҳим омиллардан бири бу китобдир. Шунинг учун китобхон болларимизни рағбатлантириб борамиз.
Дарвоқе, вилоятимиз бўйлаб “Китоб карвони” йўлга чиққан, у ҳар бир мактабда тўхтаб ўтади.