КЕЛАЖАК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ

КЕЛАЖАК БУГУНДАН БОШЛАНАДИ


Бугунги тобора глобаллашаётган замонда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар натижаси таълим соҳасига,  қолаверса янги замонавий кадрларни етиштириш масаласига бевосита боғлиқ. Барча соҳаларни фақат янги билимларга эга бўлган ёшлар ривожлантириши мумкин, қолаверса, “Учинчи ренессанс” пойдеворини мустаҳкамлашда бизга замонавий билимлар билан қуролланган ёш кадрлар керак. 

Хукуматимиз томонидан олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар, аввало, қамровни ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилди.

Яқин бир неча йил ичида олий таълим соҳасида сезиларли ижобий ўзгаришлар рўй берганини тан олиш лозим. Олий таълим муассасаларининг ички ва ташқи қиёфаси ўзгариб, моддий-техника базаси яхшиланяпти, илмий ишланмаларни молиялаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш кучайтирилган, қолаверса, профессор-ўқитувчиларнинг даромадлари ҳам ортяпти. Чинакам илмий иш қилмоқчи бўлган ёшлар учун бугун  барча шароитлар ва имкониятлар мавжуд. Бундай эътибор олий таълимга бўлган ёндашувни ўзгартириб, унинг сифати ҳамда даражасини кўтаришга хизмат қилиши аниқ. 

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ветеринария, чорвачилик ва биотехнологиялар соҳаси учун мутахассислари тайёрлайдиган мамлакатимиздаги ягона олий таълим муассасасидир. . Ташкил этилганига кўп бўлмаган (2018 йил) мазкур университетда айни кунда 6 минг нафарга яқин талабалар таҳсил олишади. Олийгоҳ Европа, Осиё, Америка ва бошқа минтақалардаги 90 дан ортиқ турдош университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган. 

Одатда йил якунланаётган пайтда ватан тақдирига ўзини даҳлдор санайдиган ҳар бир кишининг кўнглида ўзгача туйғулар, ҳиссиётлар пайдо бўлиши шубҳасиздир. 

Тарих саҳифаларига муҳрланаётган йилда қандай ишларни амалга оширдик? 

Режалаштирган ишлар бажарилдими? 

Университет, талаба – ёшлар, профессор – ўқитувчилар ҳаётида нима ўзгарди?

Ва ҳоказо...

Муҳими ана шу саволларга жавоб бўлиши керак. 

Якунланаётган йилда университетда узоқ кутилган лойиҳа – Илмий инновацион инкубаторга старт берилди. Олийгоҳда илмий кадрлар етиштиришнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, илмий изланишларни тижоратлаштириш ва ишлаб чиқаришга жорий этиш, талабалар амалиётини ташкил этиш ҳамда тўлиқ ўз-ўзини молиялаштириш механизимини яратиш мақсадида барча имкониятларни ўзида мужассамлаштирган “Ўзбекистонда ветеринария, биотехнология ва чорвачилик соҳасини ривожлантириш учун илмий кадрларни интенсив тайёрлаш илмий бизнес инкубатори” МЕГА лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳада бугунги кунда 75 нафар киши фаолият кўрсатмоқда, уларнинг 15 нафари фан номзодлари, 60 нафари phd докторлари, шунингдек мустақил изланувчилар ва магистр талабалар 14 тадан ортиқ ҳайвон турлари устида ўз илмий - тадқиқот ишларини олиб бормоқда.

Умуман, яхши мутахассисга ҳамма жойда талаб юқори, иш топилади. Ўз ишининг усталарига ҳамма жойда ҳам яхши ҳақ тўланишини ёшларимиз англаб етишмоқда. 

Оддий тилда айтганда, яхши яшаш учун ҳам таълим олиш зарурлиги, кучли рақобатбардош мутахассис бўлиш лозимлигини бугун талабаларнинг ўзлари англаб етишмоқда. 

Бу лойиҳадан катта мақсадлар кутилмоқда ва келаётган йилда унинг дастлабки натижалари маълум бўлади. 

Ўтаётган йилда Самарқандда Озиқ - овқат ҳавфсизлиги бўйича (7 – 8 сенябрь) йирик халқаро анжуман бўлиб ўтди. Унда университет профессор - ўқитувчилари ҳам иштирок этишди. Ва шунда маълум бўлдики, биз амалга ошираётган, мазкур мега лойиҳа мамлакатимиз иқтисодиёти, қолаверса озиқ овқат ҳавфсизлигини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир. 

 Xорижий олий таълим муассасалари билан академик алмашув дастурларида университетнинг 24 нафар талабалари иштирок этишди, таянч докторанлардан 7 нафари, профессор-ўқитувчилар ва раҳбар кадрлардан 38 нафари хорижнинг нуфузли университет, институт ҳамда илмий тадқиқот институтларида малака ошириб ёки стажировка ўтаб қайтишди. Ишонамизки, улар энг илғор тажрибаларни ўзимизда амалга оширишимизга кўмак беришади. 

Шунингдек, Университетда иқтидорли талабалар томонидан  15 та инновацион ҳамда стартап лойиҳалар шакллантирилди ҳамда республика танловларига тавсия этилди.

Жорий йилда 5 нафар иқтидорли талаба – ёшларимиз давлатимизнинг номдор стипендиялари соҳиблари бўлишди. 

Бир сўз билан айтганда, режалаштирган ишларимизни босқичма - босқич амалга ошириб келмоқдамиз – муҳими, бунинг учун жамоамизда истак ва ҳохиш, шунингдек имкониятлар ҳам етарлидир. 

Замонавий ҳаётни бугун илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиш қийин. Дунёнинг энг илғор, етакчи давлатларида таълимни ривожлантириш биринчи галдаги устивор вазифа сифатида белгиланиши ҳам бежиз эмас. Негаки, мамлакатнинг келажаги айнан шу соҳада қўлга киритилган ютуқлар билан чамбарчас боғлиқдир.

Келгуси йил учун ҳам режаларимиз кўп.



Худайназар Юнусов

Биология фанлари доктори, профессор

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган чорвадор

СамДВМЧБУ ректори

Report Page