ҚОНУН БУЗИЛИШ ҲОЛАТЛАРИ ЮЗАСИДАН ТАКСИ ХИЗМАТ КЎРСАТУВЧИ КОРХОНАЛАРГА ТЕГИШЛИ КЎРСАТМАЛАР БЕРИЛДИ
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва уиннг ҳудудий бошқармаларига фуқаролар томонидан таксилар орқали кўрсатилаётган хизматларнинг сифати пастлиги, тўловлар ва ҳисоб-китоблар билан боғлиқ муаммолар, ҳайдовчиларининг муомаласи,йўловчини манзилга етказиб қўйилмаётгани, асоссиз равишда нархларни ошириш каби мавзуларда мурожаатлар келиб тушган.
Мурожатлар вилоят кесимида ўрганилганда:
Тошкент вилояти мисолида
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Тошкент вилояти транспорт бошқармаси Нурафшон шаҳрида ўтказилган рейд тадбирлари натижасида “DAVR TRANS SERVIS” МЧЖга бириктирилган “Нурафшон АШБ-Кучлик қўрғони-Аранча МФЙ” йўналишида (тасдиқланган жадвалга асосан йўл ҳақи 2800 сўм) нархларни сунъий равишда оширган ҳолда ҳайдовчилар томонидан 5000-7000 сўмгача миқдорида йўловчилардан йўл ҳақи олинаётганлиги аниқланган.
Шу муносабат билан Вилоят Транспорт бошқармаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколати доирасида чора кўришни сўраб, Қўмитанинг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармасига маълумот киритган.
Ўрганишлар натижасида, истеъмолчилардан 5 млн сўмдан зиёд маблағлар асоссиз равишда ундириб келинганлиги аниқланиб, уларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича “DAVR TRANS SERVIS” МЧЖга тегишли кўрсатма берилди.
Бухоро вилояти мисолида
Ҳудудий бошқарма томонидан фуқаро Ш.Х.дан тушган мурожаат ўрганилганда Когон шаҳрида 103 ва 114-йўналишларда ҳаракатланаётган DAMAS ҳайдовчилари томонидан йўл кира ҳақини асоссиз равишда ошириб, хизмат кўрсатаётганлиги маълум бўлди.
Ҳудудий бошқарма томонидан "Транспорт назорати Автомобиль ва сув транспортида назорат" Бухоро вилояти ҳудудий бўлими томонидан мазкур йўналишлар трафаретини қўйиб, йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган транспорт воситалари лицензиялари текширилди. Қатновларда лицензиясиз ва рухсат этувчи ҳужжатларсиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган бир қатор транспорт воситаларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Тошкент шаҳри мисолида
Ҳудудий бошқармага “Yandex” такси хизматига буюртма йўл ҳақини нақд пулда тўлашига қарамай, банк пластик карта орқали ҳам йўл кирага қайта пул ечиб олингани юзасидан бир қатор фуқароларнинг мурожаатлари келиб тушган.
Бундан ташқари, буюртма қилинган байрам тортлари, таомлар, маиший техникаларни таксилар орқали етказишда ҳам муаммоларга дуч келган истеъмолчиларнинг мурожаатлари ҳам ижобий ҳал этилди. Яъни улар нотўғри манзилга етказилган, кечиктирилган ёки умуман етказилмаган.
Бугунги кунда “Глобал Стар” МЧЖ томонидан бундай қоидабузилишларга йўл қўйган ҳайдовчилар “ЯндехГо” иловасида блокланган, “Yandex” такси кўрсатмаган хизматлари учун тўловларни амалга оширган фуқароларга жами 1 009 000 сўм миқдоридаги пул маблағлари қайтарилиши таъминланган.
Жиззах вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Пахтакор туманида истиқомат қилувчи фуқаро О.Шнинг Жиззах-Пахтакор йўналишида қатновни амалга оширувчи “ONLAYEN PLYUS” МЧЖга тегишли такси хизматидан норозилиги билдирилган мурожаат келиб тушган.
Ўрганишлар натижасида ушбу йўналиш бўйича фуқаро тўлаган 40 минг сўмдан ортиқча олинган йўл ҳақи қайтарилиши таъминланди.
Қашқадарё вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ф. Call Taxi хизмати ходими ортиқча маблағ олгани ва қўпол муомалада бўлганидан норози бўлиб мурожаат йўллаган.
Олиб борилган ўрганиш ишларида ҳақиқатдан ҳам такси ҳайдовчиси 12 000 сўм бўлиши лозим бўлган хизмат учун 32 000 сўм йўл ҳақи талаб қилгани маълум бўлди.
Натижада мурожаатчига ортиқча олинган 20 000 сўм маблағ қайтарилди ва такси ҳайдовчисига таксометр иловасидан тўғри фойдаланиш ва йўловчилар билан мулоқот қилиш одоблари тўғрисида тушунтириш берилди.
Самарқанд вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага фуқаро С.А. ва И.Э.лар такси хизмати ходимлари қўпол муомалада бўлганлиги ва буюртма ҳамда йўлкира тўловларида юзага келган муаммолар бўйича мурожаат қолдиришган.
Ўрганиш натижасида “Yandex” такси ходимларига хизмат кўрсатиш қоидаларига амал қилиш бўйича керакли огоҳлантиришлар берилди ҳамда фуқаролар шикоятлари қаноатлантирилди.
Фарғона вилояти мисолида
Фарғона шаҳар “Янгийўл” МФЙда истиқомат қилувчи фуқаро О.И. Yandex такси хизматидан фойдаланганида йўл ҳақи сифатида олдиндан пластик картасидан ортиқча 9500 сўм маблағи олинганлиги, аммо хизмат кўрсатувчига тўлов пулини қайтарилиши юзасидан бир неча бор қилган мурожаатлари ечим топмагани юзасидан мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борган ва ортиқча олинган маблағ қайтариб берилиши таъминланган.
Маълумот учун. Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.11.2003 йилдаги 482-сон қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларининг 100-бандига мувофиқ, йўл ҳақи йўловчи томонидан сафар тугагандан кейин ва багаж туширилгандан кейин у билан келган йўловчилар ҳамда ташиб келтирилган багаж сонидан қатъи назар, таксометр кўрсаткичи бўйича тўланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрдаги“Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармонининг 3-бандида, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлигии ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бундан мустасно, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этиладилар деб белгиланган.