КЕЧАНИНГ ВИРДЛАРИ

КЕЧАНИНГ ВИРДЛАРИ

Fitrat.uz


Кечанинг биринчи вирди

Қуёш ботгандан хуфтон вақтигача. Мурид шом намозини ўқиганидан кейин хуфтонгача бўлган вақтни ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилади.

Анас розияллоҳу анҳудан Аллоҳ таолонинг: «Уларнинг ён-бошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Роббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нар-саларимиздан инфоқ қилурлар», деган (Сажда сураси. 16 – оят) қавли ҳақида «ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг шом ва хуфтон орасида намоз ўқийдиган саҳобалари ҳақида нозил бўлган», деганлари ривоят қилинган.

Кечанинг иккинчи вирди

Қизил шафақнинг ғойиб бўлганидан уйқу вақтигача бўлган вақт. Хуфтон азони ва иқомаси орасида имкони борича нафл на-моз ўқийди ва зам сурага «Сажда» ҳамда «Таборак» сураларини тиловат қилса яна ҳам яхши бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки сурани ўқимасдан ухламас эдилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда «Ким ҳар кеча «Воқеъа» сурасини қироат қилса, унга камбағаллик етмас», дейилган.

Кечанинг учинчи вирди

Ухлашдан олдин витр ўқиш. Аммо ким кечаси бедор бўлишни одат қилган бўлса, унинг витрни кейинга суриши афзал.

Масруқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оишадан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон витр ўқир эдилар?» деб сўрадим.

«У зот ҳаммасини ҳам қилганлар: кечанинг аввалида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам витр ўқиганлар. Вафот этган вақтларида у зотнинг витрлари саҳар яқин қолган пайтда эди», деди». Бешовлари ривоят қилган.

Витрни ўқиб бўлганидан кейин уч марта «Субҳанал маликул қуддуси», деб айтади.

Кечанинг тўртинчи вирди

Уйқу. Машойихларимиз уйқуни вирд ҳисоблашлари бежиз эмас. Агар унинг одобларига риоя қилиб, ният билан қилинса ибодат ҳисобланади.

Улуғ саҳобий Муоз розияллоҳу анҳу: «Мен уйғоқлигимда савоб умид қилганимдек, ухлаганимда ҳам савоб умид қиламан», деган экан.

– Уйқунинг одобларидан бири – таҳорат билан ётиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон жунуб бўлсалар, емоқ ёки ухлашни ирода қилсалар, намозга таҳорат қилганларидек таҳорат қилар эдилар». Бешовлари ривоят қилишган.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади: «Руҳлар ухланаётган вақтда осмонга олиб чиқилади ва Аршнинг олдида сажда қилишга амр қилинади. Агар таҳоратли бўлса, Аршнинг олдида сажда қилади. Аммо таҳоратли бўлмаса, Аршдан узоқ жойда сажда қилади».

– Уйқудан олдин тавба қилиш. Зеро, сирти таҳоратли бўлгандан кейин ичи ҳам таҳоратли бўлиши керак. Эҳтимол уйқусида турмай вафот этар.

– Уйқунинг одобларидан бири мусулмон кишига нисбатан қалбида ғили-ғаш бўлса, уни кетказмоқ, зулм қилишни ният қилмаслик ва уйғонганда гуноҳ қилишга азм қилмаслик.

– Васият қилиши лозим бўлган одамнинг васиятини ёзиб қўйиб ухлаш ҳам уйқунинг одобларига киради.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолиши дуруст эмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

– Уйқунинг одобларидан бири – уйқу ғолиб келмагунча ухламаслик. Салафи солиҳларнинг одатлари шундай бўлган.

– Қиблага қараб, ўнг тарафи билан ҳадисларда келган дуоларни ўқиб ётиш уйқунинг одобларидан.

Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадисда: «Бисмика Роббий, вазаъту жанбии ва бика арфаъуҳу. Фа ин амсакта нафсий фарҳамҳаа ва ин арсалтаҳаа фаҳфазҳаа бимаа таҳфазу биҳи ибадакас-солиҳийн», деган дуо ўқилиши айтилган.

Маъноси: “Исминг ила Роббим (Парвардигорим, Сенинг исминг ила) ёнимни қўйдим ва Сенинг ила уни кўтарурман. Агар жонимни тутиб қоладиган бўлсанг, унга раҳим қилгин. Агар уни қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳ бандаларингни муҳофаза қиладиган нарса ила муҳофаза қил”.

Имом Бухорий Ойша онамиздан ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» суралари ўқиб, дам солиб баданларига етган жойигача бошлари ва юзларидан бошлаб олд тарафларига суртиб ётардилар. Буни уч марта қилар эдилар».


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Икки хислат ёки одат бор. Мўмин банда уларни муҳофаза қилса, албатта, жаннатга киради. Иккиси осондир ва уларга амал қиладиган оздир. Ҳар бир намоздан кейин ўн марта тасбиҳ айтади, ўн марта Аллоҳга ҳамд айтади ва ўн марта такбир айтади. Ўша ҳаммаси тилда бир юз элликта. Тарозуда бир минг беш юзта.

Қачон ётар жойини олса ўттиз тўрт марта такбир, ўттиз уч марта ҳамд ва ўттиз уч марта тасбиҳ айтади. Булар тилда юзта, тарозуда мингта”.

“Батаҳқиқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уларни қўллари билан санаётганларини кўрдим. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули! Уларнинг оз бўлгани ва уларга амал қиладиган оз бўлиши қандоқ?» дейишди.

«Шайтон бирингизга уйқусида келади ва уни айтишидан олдин ухлатиб қўяди. Намозида келиб, уни айтишидан олдин ҳолатини эсига солади», дедилар”. Сунан эгалари ривоят қилган.

Мурид уйқусидан олдинги охирги каломи Аллоҳ таолонинг зикри бўлиши учун ҳаракат қилади.

Шунингдек, кечаси таҳажжудга уйғонганда ҳам аввалги каломи зикр бўлиши учун ҳаракат қилади.


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар, қуйидагиларни айтар эдилар: «Эй бор Худоё! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларнинг қоим қилувчисан. Сенга ҳамд бўлсин. Осмон-лару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир. Сенга ҳамд бўлсин. Сен, осмонлару ернинг ва улардаги ким-саларнинг нурисан. Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. (Қиёмат) соати ҳақдир. Эй бор Худоё! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккул қилдим. Сенга қайтдим. Сен ила хусумат қилдим. (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тор-тишдим). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг ав-валу охир, сиру ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Муқаддам ҳам Ўзингсан, охирги ҳам Ўзингсан, ҳеч илоҳий маъбуд йўқ, илло Ўзингсан. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Таҳажжудга турганда «Оли Имрон» сурасининг охирги ўн оятини ўқийди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турган-ларида «Оли Имрон» сурасининг «Инна фий холқис-самовати вал арзи вахтилафиллайли ван-наҳари лааяятул-лиулил албаб», деб бошланувчи ўн оятини ўқиганлари маълум. Биз ҳам ўша ояти карималарни кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ўқисак, у зотга эргашган бўламиз

.

– Таҳажжуд намозини енгил икки ракъат ила бошлайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракъат билан очсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Кейин икки ракъат, икки ракъатдан қилиб таҳажжуд намози-ни ўқисин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саккиз ракъатгача ўқиганлар. Мурид ҳолига қарасин.

Кечанинг бешинчи вирди

Кечанинг олтидан бири қолган вақт. Буни саҳар вақти ҳам дейилади. Бу вақт истиғфор айтиладиган вақтдир.

Аллоҳ таоло «Зарият» сурасида: «Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар», деган (18-оят).

Саҳар чоғида туриш, истиғфор айтиб, гуноҳининг кечири-лишини сўраш жуда ҳам фазилатли иш бўлиб, буни қилган ки-шилар хайр-барака, улуғ мартабаларга эришадилар.

Ҳадиси шарифлардан бирида Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: «Албатта, Аллоҳ таоло ҳар куни кечанинг уч-дан бири қолганда дунё осмонига тушади ва тонг отгунча: «Тавба қилувчи борми-тавбасини қабул қиламан, истиғфор айтувчи бор-ми, мағфират қилиб, гуноҳини кечаман; сўровчи борми, сўраганини бераман», дейди».

Шунинг учун иложи борича саҳарда туриб, ибодат қилиш, истиғфор айтишга уруниш лозим.

Товус раҳматуллоҳи алайҳ бир кишини саҳар чоғи келиб сўраса, ухлаётганини айтишибди. Шунда у: «Саҳар чоғи бирор киши ухламаса керак, деб ўйлардим», деган экан.


Report Page