КАТТА ЛЕЙТЕНАНТ ШЕРЗОД БОЛТАЕВ
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бирлашган таҳририяти
1982 йилда Сайхунобод туманида туғилган. Гулистон давлат университетини аъло баҳоларга тамомлаган Шерзод Болтаев меҳнат фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. 2007 йилда эса ички ишлар органига хизматга қабул қилинган.
Дастлаб ёнғин хавфсизлиги бўлими инспектори лавозимида иш бошлаган Шерзод Болтаевнинг намунали хизмати эътиборга олиниб, 2009 йилда Сайхунобод тумани ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими инспектори вазифасига ўтказилди. 2014 йилдан эса ушбу бўлим бошлиғи лавозимига тайинланди.
У бошлиқ этиб тайинланиши билан халқ тилида “паспорт столи” деб аталадиган идоранинг эшиги олдида тартиб ўрнатилди. Навбат талашишлар ўрнини қатъий интизом эгаллади. Ҳафта кунларининг маҳаллаларга қараб тақсимланиши, фуқароларга навбатнинг олдиндан белгилаб қўйиш имконининг яратилиши фаолият самарадорлигини оширди. Энг муҳими, фуқароларнинг сарсонгарчилигига чек қўйилди.
Жорий йил 1 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортларини замонавий ID-карталарга алмаштириш тўғрисидаги Президент фармони ижросини бажариш мақсадида тумани ИИБ МваФРБда пухта тайёргарлик кўрилди. Дастлаб барча зарур шарт-шароитлар яратилиб, замонавий техникалар ўрнатилди. Ходимлар ID-карталарни расмийлаштиришга ўқитилди. Натижада йил бошидан буён 265 нафар фуқарога ана шундай карталар расмийлаштириб берилди. Кўрилган чоралар натижасида янги ҳужжатни расмийлаштириш учун бир иш куни етарли бўлмоқда. Шунингдек, 570 нафар фуқарога хорижга чиқиш паспортлари тақдим қилинди. Бунда ҳам ортиқча оворагарчиликларга йўл қўйилмаяпти.
Бир сўз билан айтганда, катта лейтенант Шерзод Болтаев ўз касбининг фидойиси сифатида эл орасида обрў-эътибор қозонмоқда.
Абдураҳмон МУСТАФОҚУЛОВ.
Сирдарё вилояти.