КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР КЕНГАШИНИНИГ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ. УНДА ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ?

КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР КЕНГАШИНИНИГ СЕССИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ. УНДА ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАР МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ?

Ахборот хизмати

Бугун шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, тегишли корхона, ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси бўлиб ўтди.

Кун тартибида 10 масала муҳокама қилинди.

Дастлаб кун тартибидаги биринчи масала бўйича сектор раҳбарларининг “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Навбатдаги масала бўйича шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б.Сайипов шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичлари бўйича 2021 йил февраль ойида амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берди.  

Шунингдек, сессия кун тартибига киритилган шаҳар ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосарининг инвестицияларни жалб қилиш, инвесторлар учун яратилаётган қулай шароитлар ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалиётга кенг татбиқ этиш ишлари бўйича ҳамда шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосарининг Каттақўрғон шаҳрида 2021 йилда “Обод маҳалла” дастури асосида амалга ошириладиган ишлар тўғрисидаги ахборотлари депутатлар эътиборига ҳавола этилди. 

Кейинги масала юзасидан сўзга чиққан шаҳар прокурорининг ўринбосари Н.Элбаев шаҳар прокуратурасининг 2020 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти ҳақида сўз юритди. 

Сессия кун тартибига киритилган шаҳар Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциясининг Каттақўрғон шаҳрида ўтган йил давомида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш юзасидан амалга оширилган ишлар юзасидан қилган ҳисоботи депутатлар томонидан қабул қилинмади.  

Халқ усталари, ҳунармандлари ва мусаввирлари Республика “Ҳунарманд” уюшмаси Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан 2020 йил давомида амалга оширилган ишлар ҳамда 2021 йилда белгиланган режалар тўғрисидаги масала ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Шаҳардаги аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисидаги навбатдаги масалага кўра турмуш даражаси яхшиланган ҳамда бандлиги таъминланган 106 нафар оилани “Темир дафтар”дан чиқариш ва 2 та оилани ушбу дафтарга киритиш бўйича сектор раҳбарлари томонидан тавсия берилди. Шунга кўра айни вақтда “Темир дафтар”даги оилалар сони 299 тани ташкил қилади.

Сессияда шунингдек, шаҳарда уй-жойлар қурилишини назорат қилиш мақсадида “Халқпарвар комиссия”сини тузиш тўғрисидаги ҳамда Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи шаҳар комиссиясининг таркибини қайта тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Шу ва бошқа масалалар юзасидан Халқ депутатлари Каттақўрғон шаҳар Кенгашининг 27 сессияси қарори қабул қилинди ва депутатлар томонидан бир овоздан тасдиқланди.

Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page