КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВА ТАБРИК ЙЎЛЛАДИ 

КАТТАҚЎРҒОН ШАҲАР ҲОКИМИ ГАВҲАР АЛИМОВА ТАБРИК ЙЎЛЛАДИ 

Axborot xizmati

Азиз ҳамшаҳарлар!

Сизларни кириб келаётган Янги – 2022- йил билан самимий муборакбод этаман.

Бугун биз вақтнинг азим дарёдек шиддат билан ўтишига яна бир бора гувоҳ бўлиб, янги йилга, ҳаётимизнинг янги бир довонига қадам қўймоқдамиз.

Ўтаётган йилни кузатар эканмиз, йил давомида бошимиздан кечирган, ён-атрофимизда бўлиб ўтган ташвишли ва қувончли воқеаларни, амалга оширган ишларимизни беихтиёр кўз ўнгимиздан ўтказиб, шу кунларга етказгани учун шукрона қиламиз. 

Мана шундай ҳаяжонли дамларда ҳар қайси инсон Янги йилни кутиб олар экан, қалбида, юрагида сақлаб келаётган эзгу орзу-умидларнинг ушалишини, оиласи, яқинлари, она юрти тинч-омон бўлишини, янги йил янада хайрли ва баракали бўлишини ҳаёлидан ўтказади.

Ўтган йил давомида шаҳримизда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ишларини, ўзгаришларни, хонадонларимиз, маҳаллаларимиз қиёфасининг тобора кўркамлашиб бораётганини ҳисобга олиб, холисона 2021 - йил барчамиз учун файзли, баракотли бўлди, деб айта оламиз.

Зеро, ўтган йилда ҳам мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб- қувватлаш, меҳр-саховатли бўлишдек халқимизга хос бўлган қадриятлар, юксак фазилатлар янада кўпроқ намоён бўлди.

Лекин шуни айтиш жоизки, қийинчиликларга қарамай барча соҳалардаги ислоҳотлар давом этди. Шаҳримизда ўтган вақт ичида кенг кўламдаги бунёдкорлик, қурилиш таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Ташқи ва ички кўчаларга асфальт ётқизилди. Аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилди. Аҳолининг, хусусан ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш мақсадида рўйхатлари шакллантирилган “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтар”ларига киритилган оилалар билан якка тартибда ишлар олиб борилиб, уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Ўтган йил давомида ҳам шаҳримиз аҳолисига муносиб туҳфа сифатида кўплаб ижтимоий, иқтисодий, маданий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида қурилиш- таъмирлаш ишлари олиб борилган идора ва ташкилотларнинг бинолари, мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда маҳаллалар кўркам ва замон талаблари даражасида жиҳозланган масканларда иш бошладилар. 

Ўтган йилда эришган муваффақиятларимиз, ютуғларимиз ҳақида кўплаб гапиришимиз мумкин. Лекин шу билан бирга келгусида қилишимиз лозим бўлган ишларимиз ҳам жуда кўп. Хусусан, Вазирлар Маҳкасининг Каттақўрғон шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан чиқарилган қарори асосида келаётган 2022- йилда ҳам жуда кўплаб лойиҳалар, вазифалар белгиланган. Бу борада ўтган йилда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва келгусидаги белгиланган устувор йўналишлар бўйича яқинда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг сессиясидаги мурожаатда ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар хусусида батафсил маълумот бердик. 

Қолаверса, Давлатимиз раҳбари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим 7 йўналиши белгилаб берилди. Албатта, биз келгусида ушбу йўналишлар бўйича Каттақўрғон шаҳрини янада обод ва кўркам, энг намунали шаҳарга айлантириш борасидаги ишларимизни изчил давом эттирамиз. Бу борада эса сиз азизларнинг қўллаб-қувватлашингиз бизга катта куч беради.

Азиз каттақўрғонликлар!

Яна бир бор барчангизни кириб келаётган Янги -2022- йил билан қутлайман. Илоҳим, кириб келаётган 2022-йил ҳар биримиз учун омадли, файзли, баракотли, хосиятли ва самарали йил бўлсин. 

Сиҳат- саломатлик, хонадонларингизни тинчлик ва хотиржамлик, файзу-барака тарк этмасин.

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!


Report Page