КАШТАЧИЛИК САНЪАТИ ТАРИХИ

КАШТАЧИЛИК САНЪАТИ ТАРИХИ

Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти Ахборот хизмати

Ўзбек халқ амалий безак санъатининг энг кенг тарқалган турларидан бири бу каштачиликдир. Шу боис, Арк вилоят ўлкашунослик музейи билан ҳамкорликдаги онлайн саёҳат лойиҳамизнинг навбатдаги сонида мазкур бежирим ва жозибадор миллий ҳунармандчилик тури тарихи борасида тўхталиб ўтамиз.

XVIII асрнинг охири XIX аср бошларига келиб Ўзбекистон ҳудудида 6 та яққол ажралиб турадиган каштачилик мактаблари шаклланган. Улар ривожланиб, ХХ аср бошларида ўзининг юқори даражасига етган. Ҳар бирида асрлар анъаналари ўз ифодасини топган. Булар: Нурота, Самарқанд, Шахрисабз, Тошкент, Фарғона ва Бухоро мактабларидир.

Сўзани: XIX аср охири

Қизил рангли косибий шойига ипакдан “дуруя”, “босма”, “чиндахаёл” чокли кашта тикилган. Икки томонлама кашта. Кашта композицияси тўртбурчак шаклида. Марказий тўртбурчак майдоннинг тўрт бурчагида икки томонлама яшил, сариқ, кўк, ҳаворангли ипак иплар билан “бутагул” тикилган. Кенг ҳошия икки томонлама “арра тиши” нақши тор чизимга олинган. Кенг ҳошияда “ислимий сафсаргул”, “бутагул”, “ўсимликсимон” нақшлар тўқ кўк, зангори, сариқ, ҳаворанг ипларда тикилган.

Рўйпокча-болалар белбоғи: XIX асрнинг охири

Малла ранг матога қўлда кашта тикилган. “Дуруя”, “босма”, “чиндахаёл” чокли икки томонлама кашта тикилган. Тўртбурчак шаклида. Теварагининг икки энсиз томонида қўлда тайёрланган зангори ва қизил рангли шабшўла-бахрама қилинган. Кашта композицияси марказий тўртбурчакнинг икки томониданноксимон шаклда яшил рангли баргли бута ичига сариқ, қизил, қирмизи рангли “аноргул”шохчаси билан тасвирланган. Марказий тўртбурчак атрофи энсиз икки қатор орасига олинган. “Ислимий аноргул” нусхали нақш билан безатилган кенг ҳошия билан ўралган. Ҳошия гуллари, буталари, барглари тўқ яшил, қизил, қирмизи, сариқ, оқ рангли ипак иплардан тикилган.

Рўйпокча - болалар белбоғи: ХХ аср бошлари

Бухоро кашталарининг композиция тузилиши ва гуллари ҳам жуда хилма – хилдир. Бухоро кашталарида марказ ва бурчаклари бўртиб кўринувчи ёпиқ композиция кўпроқ учрайди. Бунда асосий мотив давра - трунж ҳисобланади. Давра – трунж деталлари ўзининг турли – туманлиги билан кишини ҳайрон қолдиради: улар концентрик айланаларга, сектор ва юлдуз каби шаклларга бўлинган бўлиб, ҳаммаси мотивнинг янги вариантлар билан тўлдиради. Бигиз – Бухорода “даравш” деб юритилади.

Жойпўш: XIX аср охири

Бухоро кашталарини Нурато кашталаридай классификация қилиш қийин: сабаби улар жуда ҳам хилма-хилдир. Бухоро кашталарининг ўзига хос белгиларидан бири уларда йўрма чокни маҳорат билан қўллашдадир. Юзада қўшимча рельефли гул ҳосил қилувчи ва гулдаги шакллар тонининг ўзаро уйғунлашишини таъминловчи орнаментнинг ҳар бир детали йўрма чок билан алоҳида – алоҳида тикилади.

Сўзани: XIX аср охири

Самарқанд кашталари Нурота ва Бухоро кашталаридан фарқ қилади: уларнинг гули йирик ва уйғундир, ҳамда кўпинча “босма” чок қўлланилган. Самарқанд кашталарининг асосий мативи барглар билан ўралган доира – турунждан иборатдир. Эски кашталар кишига нозиклиги ва гулларнинг хилма – хиллиги, батартиблиги ҳамда рангларнинг бир – бирига монандлиги билан таъсир этса, янги кашталар кишиларни формаларининг кучи ўйноқилиги, дадиллиги, ифодалилиги ва гулларининг ранго-ранглиги билан кишиларни мафтун этади. Самарқанд кашталарида маҳобатлилик ва фикрни очиқ ифода қилиш сезилиб туради. Буни доира-трунжларининг аниқ ритми, қора жимжималарининг аниқ, эркин соялари таъминлайди

Жойпўш: 1950 йил

Тошкент кашталари икки типга бўлинади, бу “палак” ва “гулкўрпа” дир. Тошкент каштачилигидаги “палак” ва “гулкўрпа”ларни безашда кўп мотивлар, масалан юлдуз, катта-катта доиралар, гулли шохчалар ишлатилар эди. Тикишда асосан “босма” чок қўлланилади. Тошкент палакларининг композицияси тўқ қизил рангли бир текис тикилган доиралардан иборатдир. Доираларнинг сонига қараб, масалан: “олти ойлик палак”, “ўн икки ойлик палак” деб юритилади. Ҳозирги кунда Тошкент кашталари бутунлай ўзгариб кетди. Доиралар сони камайиб, ўлчами катталашди, улар қатори ўрнини янги усулдаги битта катта доира эгаллайди. Бундай палаклар “ой палак”, “қиз палак” ва “тоғора палак” деб аталади. Улар бир текис, фонида очиқ жой қолмайдиган қилиб тикилади. Кашта ранглари бир – бирига бутунлай қарама- қаршидир.

Палак-Сўзани: ХХ аср боши

Нурота кашталари бошқа вилоят кашталаридан ўзининг мукаммаллиги, аниқ ифодалари билан ажралиб туради. Нурота кашталари матонинг оқ фонини зич эгалламаган гулдондаги гулдаста ва гулзорлар билан безатилар эди. Шунинг учун Нурота кашталари кўпинча ўсимлик гуллари, қуш суратлари билан жонлантирилди.

Сўзани: 2005 йил
Сўзани: XX аср боши

Нурота кашталарида гоҳида кўзга ташланмас жойларга ҳаддан ташқари стиллаштирилган ҳайвон ва қушларнинг суратлари тикилган. Ҳошиялар (жияклар) бўлса йўрма чокда тикилган. Нурота кашталарини енгил, ёрқин тонлар: қумранг, олтинранг, ҳаворанг, малинаранг, пуштиранг, оч кўк рангли ипаклар билан тикилган

Жойнамоз: XX аср боши
Жойнамоз: XX аср боши

Шахризабз каштачилик санъати ўзининг яхши анъанасига эга, унинг қадимги нусхаларини композициялари каштадан кўра кўпроқ гиламни эслатади. Марказида битта катта медальон, тўрт бурчагида ҳам худди шундай медальонлар тикиларди.

Доури - от ёпинчиғи: XIX аср охири

Шахрисабз кашталари асосан оқ матога “босма”, ёки “кандахаёл” чоки билан тикилади. Шахрисабз кашталарининг баъзилари баргсимон тасвирлар билан ўралган доира-трунжлари ва гулларидаги нурсиз тони Самарқанд каштасини эслатса, бошқалари эса деталларга бой бўлиб, нақшлари жуда жонли ишланган. Гуллари жихатидан олсак, Бухоро ва Нурато кашталарига яқин ранг жихатидан солиштириб кўрсак, бир-бирига ҳамоҳанглигини кўрамиз.

Жойнамоз: XIX аср охири

Шахрисабз кашталарининг безаклари афсонавий эртакларни эслатади. Шахрисабзнинг энг гўзал кашталари “ироқи” чокида бажарилган.

Сўзани-чимилдиқ: XIX аср охири
✍️ Бухоро вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти Ахборот хизмати

📌 Аъзо бўлинг: https://t.me/bukhtourism

Report Page