КАСБ ОДОБЛАРИ
fitrat.uzКасб килиш инсон ҳаётидаги доимий ва зарурий амал бўлгани учун Куръони каримда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ва шариат аҳкомларида бу амалга катта аҳамият берилган.
Аллоҳ таоло Жумъа сурасида марҳамат қилади:
«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (10-оят).
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ер юзига тарқалиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда ва бу ишни Аллоҳ таолонинг фазлидан талаб қилиш, деб номламокда.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳалол касб талаб қилиш фарздан кейинги фарздир».
Байҳақий ривоят қилган.
Фарздан кейинги фарз деганда, беш маҳал намоздан кейинги ўринда турувчи фарз, шунингдек, Исломнинг беш рукнидан кейинги фарз деган маънони тушуниш мумкин. Бундан ташқари, уламоларимиз буни «Ҳалол касб ҳар доим жорий бўлиб турувчи, фарзлиги доимий бўлган, барча фарзлар адо бўлганидан кейин хам фарз бўлиб турувчи фарздир», деб ҳам шарҳлаганлар.
Барча шаръий китобларимизда ҳалол касбга бағишланган боблар ва бўлимлар мавжуд. Қуйида ҳалол касб одобларидан баъзиларини тақдим этишга Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда кўлдан келганича ҳаракат қиламиз.
Абу Лайс Самаркандий айтади: «Ким касби ҳалол бўлишини истаса, беш нарсани маҳкам тутсин: Биринчиси: касб туфайли Аллоҳ таолонинг фарзларидан бирортасини ортга сурмасин ва уларда нуксонга йўл қўймасин. Иккинчиси: касб туфайли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан бирортасига озор бермасин. Учинчиси: касбида мол жамлаш ва кўпайтиришни эмас, ўзи ва аҳли-аёлининг иффатини саклашни ният килсин. Тўртинчиси: касб киламан деб ўзини ортиқча қийнаб юбормасин. Бешинчиси: ризқни Аллоҳ таолодан деб билсин, касбдан деб эмас, касб - сабаб, холос».
Касб килувчи ҳар бир мусулмонга ҳалол касб килиш илмини ўрганиш ҳам вожибдир. Аввалги пайтларда касб ва унга боғлик масалалар ҳам содда бўлган. Бу борадаги муомалалар якка шахслар ва кичик жамоатлар орасида бўлган. Аммо вақт ўтиши билан инсон хаёти ривожлангани сайин касб ва унга боғлиқ масалалар ҳам кўпайиб, тараққий этиб бормоқда. Ҳозирга келиб, ризк касб килувчилар давлатлар, халқаро ширкатлар, маҳаллий муассасалар билан ишламокдалар. Шу билан бирга, касб килиб ризқ топувчилар адо этишлари керак бўлган вазифалар ва иш- лар хам кўпайиб, турли-туман бўлиб кетди.
Ҳозир иш берувчилар давлатлар, халқаро ташкилот ва ширкатлар, маҳаллий ташкилот, ширкат ва шахсларга ўхшаш тарафлардан иборат бўлиб колди. Иш бажарувчилар эса ақлий, маърифий, илмий, маданий, жисмоний ва ҳунар ҳамда маҳоратга оид ишларни адо этадиган инсонлардан иборат бўлди. Бу икки тараф ўзаро оғзаки ёки ёзма равишда тузилган шартнома асосида иш олиб боради. Иш бажарувчилар шартномада кўрсатилган ишни бажариш эвазига ойлик маош ёки бажарган иши кийматида ҳак оладилар. Албатта, бу жараёнда иштирок этадиган икки тарафнинг ҳам ўзига яраша масъулиятлари, мажбуриятлари ва ҳақ-ҳуқуқлари бор. Булар ўзига яраша конун ва низомномаларда баён қилинган. Биз эса ўша нарсаларнинг исломий одобларини ўрганиш ниятидамиз.
Албатта, инсон бу дунёда яшар экан, касб, ҳунар ёки бошка йўллар билан иш қилиб, ҳалол ризқ топишга ҳаракат килади. Ёки ишга тайёргарлик кўриш мақсадида ўқиш-ўрганиш, тажриба ўрганиш ишларида қатнашиши ҳам мумкин.
Мўмин-мусулмон кандай ишда бўлмасин, энг яхши ишчи, энг яхши косиб, яхши деҳқон, яхши муҳандис, яхши хизматчи, яхши табиб, яхши ўқитувчи, хуллас, ҳар бир касбнинг энг моҳири, энг омили, энг тадбирлиси бўлишга ҳаракат қилиши лозим. Бу талабларга жавоб берадиган даражада бўлиши учун шариатда мўмин-мусулмоннинг зиммасига бир неча мажбуриятлар хам юкланган. Уларнинг қисқачаси куйидагилардан иборат:
Мусулмон киши ўзи яхши билган ва гўзал тарзда адо эта оладиган ишга киради.
Ўзи билмайдиган, яхши адо эта олмайдиган ишга якинлашмайди. Амал қила олмайдиган нарсани қилиш у ёкда турсин, килдим ёки киламан деб гапириши ҳам мумкин эмас. Аллох таоло Софф сурасида марҳамат қилади:
«Эй иймон келтирганлар! Нима учун қилмаган нарсаларингизни гапирасиз?! Қилмаган нарсангизни гапиришингиз Аллоҳнинг ҳузурида қаттиқ нафратга қолгандир» (2-3 оятлар).
Ушбу оятда билмаган ишини биламан, деб, иш берувчи рафни алдаб ишга кириб олиш ҳам зикр қилинган, яъни бу Аллоҳ таолонинг қаттиқ нафратига сабаб бўладиган ишдир. Ҳар бир мусулмон бу нарсадан эҳтиёт бўлиши зарур.
Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:
«Ўзинг билмаган нарсага эргашма!» (36-оят).
Билмаган ишини, ҳунарини биламан, дейиш, иш берувчи тарафни алдаш ҳам билмаган нарсасига эргашишга киради. Ислом шариатида бу каби ишни килиш катта гуноҳ ҳисобланади. Билмаган нарсасини биламан, деб уриниб, зарар келтирган одам ўзи келтирган зарарни тўлаб беради.
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят килинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким ўзича табиблик қилса-ю, унинг табобатдан хабари борлиги билинмаса, у зоминдир», дедилар».
Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилганлар.
Тиб илмини билмай, расмий рухсати бўлмай туриб, табиб- лик килиб, кишиларга зарар етказган одам етказилган зарарни тўлаб беради. Бошка касб, ҳунар ва ишларда ҳам ушбу коидага амал килинади. Ҳар бир киши ўзи мутахассис бўлган, яхшилаб адо эта оладиган ишини топиб, ишга кириши, иш берувчи билан шунга шартнома тузиши керак бўлади.
Мусулмон ўзига муносиб ишга кирганидан кейин ишни яхши ният билан бошлаши ва унда бардавом бўлиши керак.
Ўзига муносиб, кудрати, илми, маърифати етадиган, рисоладагидек адо этишига ишончи комил ишга кирган мусулмон шахс ҳар куни ишга кетаётиб, яхши ниятини такрорлайди. Ҳалолдан ризқ топиш, элга, ватанга хизмат қилиш, ишни пухта адо этиш, дангасаликка йўл қўймаслик каби нарсаларни ният килади.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Ҳар кимга ният қилганигина бўлади», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Яъни ҳар бир амал ниятга қараб баҳоланади. У тил билан бажариладиган амалми, бадан билан адо этиладиганми, фарзми, вожибми, суннатми, нафлми, ишқилиб, ҳаммасининг тўғри бўлиши ниятга боглик.
Ислом шариати наздида «динимиз менга ахли-аёлимнинг нафақасини вожиб қилган, ҳалол йўл билан, халол луқма топиб, ахли аёлимга тутай» деган ният билан далада ишлаётган Дехкон, дастгоҳ олдида турган ишчи, ўз касбидан колмаётган хунарманд, ўз вазифасини адо этаётган идора ходими ёки зиёли ибодат килаётган бўлади. Бундан бошқа ниятни қилган одам эса мўлжалидаги нарсасига эришиши мумкин, аммо ажру савобга етиша олмайди.
Динимизда ҳайвонларга мехрибон бўлишга, уларни оч ва сувсиз қолдирмасликка амр қилинган, шу амрга биноан иш тутишим керак, деган ниятдаги одамнинг ҳайвонларни боқиб, парваришлаши ҳам ибодат ҳисобланади. Ўшанга яраша ажру савобини олади. Аммо мол-куйимни яхшилаб боқсам, гўшти кўп бўлади, сотиб, пул киламан, деган ниятдаги одам гўштга, молу пулга етишиши мумкин, аммо ажру савобга эришмаслиги аник.
Бу коидани инсон ҳаётига батамом қўллаш мумкин. Шунда киши ҳаётининг ҳар бир дақиқаси, ҳатто уйкуси ҳам ибодатга айланади. Демак, ҳар биримиз яхши ният билан иш қилайлик.
Иш бажарувчи тараф унга иш берувчи тараф топширган иш омонат эканини зинҳор унутмаслиги зарур.
Мазкур омонатга хиёнат қилмасликка ахду паймон ва саъй-харакат килиш иш бажарувчи тарафнинг масъулияти ва бурчидир.
Аллоҳ таоло Қосос сурасида марҳамат қилади:
«Иккисидан бири: «Эй отажон, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», - деди» (26-оят).
Шуъайб алайҳиссаломнинг икки қизидан бири отасига Myco алайҳиссаломни чўпонликка ёллаб олишни таклиф килди. Кейин нима учун Мусо алайҳиссаломнинг номзодини кўрсатганини шарҳлаб:
«Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди.
Зотан, хайвонларини сугориш ва оталарининг амри билан Мусо алайхиссаломни чақириб келиш пайтида у кишининг кучли ва ишончли одам эканини сезишган эди. Бу оятда ишга ёлланиши кўзланган одамда бўлиши лозим иккита асосий сифат тилган олинмоқда. Биринчиси - кучли бўлиш. Куч деганда, фақат жисмоний кувват эмас, балки аклий, зеҳний ва шахсий кувват ҳам кўзда тутилади. Иккинчиси эса ишончли омонатли бўлишдир.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени омил қилмайсизми?» дедим. Шунда у зот елкамга ура туриб:
«Эй Абу Зарр, сен заифсан, албатта, бу (иш) омонатдир, албатта, бу киёмат куни хорлик ва надомат бўлгай. Фақат ким уни ҳаққи ила олса ва ундаги ўз бурчини адо этса, бундан мустасно», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Бу заифлик мансаб масъулиятини ўрнига куйиб, рисоладагидек адо эта олмасликнинг барча турларини ўз ичига олади. Ўзига юклатилган вазифани уддалай олмаслик, мансабдан фойдаланиб, ўз фойдаси ортидан қувиш, кишиларга зулм ўтказиш ва бошқалар шу жумладандир. Мусулмон киши ўзида заифлик сезса, масалан, агар мансабдор бўладиган бўлса, пора олиш орқали заифлик қилишига шубҳаси бўлса, мансабдорликни қабул килмаслиги керак.
Мусулмон кишидан ўзига ишониб топширилган ишни яхшилаб ва пухта қилиши талаб этилади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллох соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз иш қилганда, уни яхшилаб килишини севади», дедилар».
Байҳақий ривоят қилган.
Мусулмон инсон қайси ишга қўл урмасин, уни пухта, чиройли ва мукаммал қилиши лозим. Чала, сифатсиз, «биздан кетгунча, эгасига етгунча» кабилида иш қилиш мусулмон инсонга мутлақо тўғри келмайди. Сифатсиз иш қилган одам ўзича оз иш килиб, кўп нарса топганга ўхшайди. Аслида эса у ўзига зарар қилган бўлади. Аввало, бировни алдаб олган маблағининг баракаси бўлмайди. Иккинчидан, бир-икки иш берувчини алдаганидан кейин, одамлар орасида унинг сифатсиз иш қилиши, алдамчилиги ҳақида нохуш гап таркаб, ҳеч ким ишга айтмай кўяди. Охири хижолат ва надоматда қолади. Ишни пухта килувчи эса сиртдан ютқизганга ўхшаса ҳам, аслида икки дунёда ҳам ютади. Одамлар орасида пухта иш қилиши ҳақида гап таркалиб, ишга таклиф қилувчилар ўртасида қўлма-қўл бўлиб кетади. Ҳалоллиги учун ажр-савоб олади. Ўзи бой-бадавлат бўлади. Охиратда хам юзи ёруғ бўлади.
«Ижтимоий одоблар» китобидан