КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ – ИСИТМАСИ ОШКОР ҚИЛАДИ

КАСАЛНИ ЯШИРСАНГ – ИСИТМАСИ ОШКОР ҚИЛАДИ


Айни вақтда дунёда коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият тобора юмшаб, карантин чекловлари енгиллаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси ҳам турли давлатлар билан темир йўл транспорти ҳамда авиақатновларни босқичма-босқич қайта тикламоқда.

Айтиб ўтиш жоизки, чет мамлакатларга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига киришда фақатгина “Covid-19” текширувидан ўтганлик тўғрисидаги ПЗР таҳлил маълумотномаси тақдим этилиши белгилаб қўйилган.

Шундай бўлсада, давлат чегаралари орқали ҳаракатланаётган фуқароларимиз кундан-кунга ортиб бормоқда. Бироқ ўтган вақт мобайнида орамизда ўзининг билим, тафаккуридан фойдали ишларда фойдаланмай, турли ножўя ишларга қўл урган шахслар ҳам учрамоқда. Яъни, айрим фуқароларимиз томонидан ўз моддий манфаатини давлат ва жамият манфаатидан устун қўйиб, соғлиғини хавф остида қолдириб, таҳлил маълумотномаларини тайёрлаб сотишни ўзларига касб қилиб олишган.

Жумладан, 2021 йил 8 май куни Денов шаҳрида жойлашган чиптахонада чипта сотувчи бўлиб ишловчи Ҳамид Назаров (исм-шарифи ўзгартирилди) томонидан фуқаро Азиз Собировга “Термиз–Москва” йўналишидаги авиа рейсига чипта ва “Covid-19” текширувидан ўтганлик тўғрисидаги сохта маьлумотномасини расмийлаштириб бериб, чипта учун 6.860.000 сўм ва “Covid-19” текширувидан ўтганлик тўғрисидаги сохта маълумотномаси учун 465000 сўм пуллар олганлиги аниқланиб, чипта сотувчиси Ҳ. Назаровдан ушбу пуллар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.

Ёки, 2021 йил 23 май куни фуқаролар Тоир Акромов ва Азиз Буроновлар ўзлари томонидан қалбакилаштирилган, «Соvid-19» вируси аниқланмаганлиги ҳақидаги ПЗР тест натижаларини фуқаролар Аваз Олимов ва Улугбек Мардоновларга 220000 сўм пул эвазига сотаётган вақтида ушланган. Улардан ашёвий далил тариқасида “Андижон вилояти СЭОМ Вирусология лабораторияси” номидан тайёрланган 30 дона қалбакилаштирилган тест жавоблари ҳужжатлаштирилиб олинган.  

Дастлабки тергов жараёнида бу шахслар жиноят қонунчилиги нормаларига биноан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 228-моддасида назарда тутилган “Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш”да ифодаланган жиноятни содир этганликда айблов эълон қилинган.

Мазкур ҳолатлардан келиб чиқиб, фуқароларимиздан «Соvid-19» вирусини аниқлашда тест таҳлилларини белгиланган жойларда ва тартибда амалга оширишларини, ўзларининг ҳамда жамиятнинг соғлиғини хавф остида қолдирмасликни, тест таҳлилларини қалбакилаштириш жиноят эканлигини, мазкур жиноят учун эса жазо белгиланганлигини эслатиб қўймоқчимиз.

Нозим ҒУЛОМОВ,

Транспортда хавфсизликни таъминлаш бош бошқармаси Тергов бошқармаси катта терговчиси, майор.  


Report Page