КАРТОШКА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ: ИСТЕЪМОЛЧИ ТАЛАБИНИ ҚОНДИРИШ ВА МУВАФФАҚИЯТЛИ АГРОБИЗНЕС УЧУН ЯНГИ ИСТИҚБОЛЛАР

КАРТОШКА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ: ИСТЕЪМОЛЧИ ТАЛАБИНИ ҚОНДИРИШ ВА МУВАФФАҚИЯТЛИ АГРОБИЗНЕС УЧУН ЯНГИ ИСТИҚБОЛЛАР

 

Картошка стратегик озиқ-овқат маҳсулотларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулоти даромадли агро-бизнесни ривожлантириш жиҳатдан ҳам эътиборга молик. Фермерларга картошка ишлаб чиқаришнинг ўзига хослиги ва афзалликларини тушунтириш мақсадида "Картошка ишлаб чиқариш технологияси" мавзусида семинар ташкил этилди, унда иштирокчилар бевосита далада бўлиб, картошкани экиш махсус техникаси билан танишишди.

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Картошка етиштирувчилари уюшмаси ва истеъмол ҳамда уруғлик картошка етиштириш, сақлаш ва тўлиқ қайта ишлаш бўйича бозор етакчиси AGROVER МЧЖ томонидан ташкил этилди.

ЎЗБЕКИСТОНДА КАРТОШКАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ ҲОЗИРГИ ҲОЛАТИ ВА ИСТИҚБОЛЛАРИ

 Дунёнинг 156 мамлакатида йилига 376,9 миллион тоннадан ортиқ картошка ишлаб чиқарилади. Ўзбекистон ушбу мамлакатлар орасида 23-ўринни эгаллайди. Энг йирик ишлаб чиқарувчилар Хитой, Ҳиндистон, Россия, Украина, АҚШ, Германия, Бангладеш, Польша, Франция ва Голландия.

Республикамизда 2020 йилда барча тоифадаги хўжаликларда 2,9 млн тонна картошка етиштирилди, шундан 1,5 млн тонна фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарига тўғри келди. 

«2021 йилда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида жами 86,5 минг гектар майдонларда картошка экиш режалаштирилган, шундан, асосий майдонларга 50,7 минг гектар, боғ-ток қатор ораларига 3 минг гектар ва такрорий майдонларга 32,8 минг гектар экиш белгиланган – дея таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Фахриддин Қирғизбоев. – Шунингдек барча тоифадаги хўжаликлар томонидан 3,2 млн тонна (1,5 млн тонна фермер хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги корхоналарида ва 1,7 млн тонна деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқа майдонларида) маҳсулот етиштириш кўзда тутилган. Аҳолининг картошкага бўлган талабини қондириш ва ички бозорлардаги нарх-наволар барқарорлигини сақлаш мақсадида фермер, деҳқон ва тадбиркорларга асосий ва боғ-ток қатор ораларига картошка экишда кўмак кўрсатилмоқда. Улар юқори ҳосилли уруғликлар билан таъминланмоқда». Ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда, асосий майдонларга эртаги муддатларда юқори авлодли картошка навларини тўғри танлаб экиш ҳамда ўз муддатида агротехник тадбирларни бажариш ҳисобига, бугунги кунда жанубий минтақалар, яъни Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида эртаки картошка ҳосилининг йиғиб териб олиниши, ички бозорга ўз вақтида етказиб берилиши натижасида, бозордаги нарх-наво барқарорлигига эришилмоқда. Бундан ташқари, қолган ҳудудларимизда ҳам июнь ойидан бошлаб, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда, картошканинг ички бозорларимизга тўлиқ етказиб берилиши таъминланади. Эртаки экинлар ва ғалладан бўшаган майдонларга кечки экин сифатида, картошка экиш ишлари июнь ойидан бошланади. Шунингдек, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан такрорий майдонларга картошка экилиши, агротехник тадбирларни олиб бориш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш ишлари юзасидан тегишли илмий-тадқиқот институтлари ҳамда мутахассислар иштирокида жойларда илмий-амалий семинарлар ташкил қилинмоқда. Навларни тўғри танлаш, агротехник тадбирларни ўз муддатида ва сифатли ўтказиш бўйича фермер хўжаликларида тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, тавсияномалар етказилмоқда.

КАРТОШКАЧИЛИК СОҲАСИДА ДАВЛАТ СИЁСАТИ

Айни пайтда Ўзбекистонда картошка ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда. Мавжуд имкониятларни амалиётда тўлиқ ишга солиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш ҳамда аҳолини картошкага бўлган талабини қондириш бўйича давлат даражасида турли имтиёзлар ишлаб чиқилмоқда ва амалиётга жорий этилмоқда.

Республикада истеъмол ва уруғлик картошка етиштиришни ошириш, картошкачилик соҳасида кластер ва кооперация механизмларини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни жорий этишни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, шунингдек, картошкага бўлган ички бозор талабини тўлиқ қондириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 майдаги ПҚ-4704-сон қарори қабул қилинган. Мазкур қарор билан 40 та туман картошка етиштиришга, шундан, 23 та туман уруғлик картошка ва 9 та туман юқори авлодли уруғлик картошка етиштиришга ихтисослаштирилди.

Ушбу туманларда 8 та картошкачилик кластерлари ташкил этилиб, уларга 2 471 гектар ер майдони уруғлик ва истеъмол картошка етиштиришга ажратилиб, бу майдонларда картошканинг юқори авлодли уруғликларини етиштириш йўлга кўйилди.

Тошкент вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан ташкил этилган (№193, 14.04.2020й.) картошка ишлаб чиқаришнинг уруғчилигидан тортиб, чуқур қайта ишлашгача бўлган бутун жараёнини қамраб олган «Agrover» агросаноат картошкачилик кластери бунга мисол бўла олади. Кластер ишлаб чиқариш жараёнларини оптималлаштириш, ер-сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш учун замонавий технологиялар ва ускуналардан фойдаланади.

"700 гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш ва механизациялаштириш тизимини жорий этиш ҳисобига 2019-2020 йилларда бир гектар ердан ўртача 40-45 тонна ҳосил олишга эришилган, - дейди "Агровер" агросаноат картошкачилик кластери директори Фарход Тахиров. - Картошка алоҳида сақлаш шароитларини талаб этишини инобатга олган ҳолда кластер ишлаб чиқаришида истеъмол ва уруғлик картошкани замонавий музлатгичли омборларда сақлаш тизимларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бўстонлиқ туманидаги Агросаноат логистика марказининг ишга туширилиши бизнинг Кластерга бир вақтнинг ўзида 50 тоннагача картошкани сақлаш, бирламчи қайта ишлаш (саралаш, колибрлаш, қадоқлаш) қувватини эса соатига 100 минг тоннага етказиш имкониятини берди. Буларнинг барчаси картошка йўқотилишини кескин камайтириш ва минималлаштириш, шунингдек, даладан истеъмолчигача юқори сифатли логистикани таъминлаб бериш имкониятини яратади".

Кластер таркибига киритилган Бўстонлиқ картошкачилик маркази томонидан яхлит плантация майдонларида уруғлик картошка етиштириш йўлга қўйилган. Уруғлик картошканинг йиллик хажми қарийб 20 минг тоннани ташкил этади. 


КАРТОШКА ИШЛАБ ЧИҚАРИШНИ РИВОЖЛАНТИРИШДА ИЛМ-ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯЛАР

Мамлакатимизда соғлом уруғлик картошкани кўпайтирувчи жараёнлар фаол равишда олиб борилмоқда. Шу тариқа Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Қашқадарё вилоятларида in-vitro лабораториялар ташкил этилиб, уруғлик картошка етиштириш йўлга кўйилди.

In-vitro лабораторияларида картошканинг чидамли навларини ўстириш

 Картошканинг чидамли турларини етиштириш асосий мақсади бўлган Ўзбекистон-Венгрия картошкачилик маркази Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Европа Иттифоқи ва Жаҳон банки кўмагида "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегияси"ни амалга ошириш доирасида ташкил этилган дастлабки "AKIS Қишлоқ хўжалиги соҳасида билим, инновация ва хизматлар маркази"да 2021 йилда очилди.

 “Бугунги кунда илмий-тадқиқот институтлари картошка етиштириш ва маҳаллийлаштиришнинг замонавий технологияларини жорий этиш мақсадида илмий ишлар олиб боришмоқда, масалан, ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос эртаки, ўртаки ва кечки юқори ҳосил берадиган навларини яратишмоқда, - таъкидлади Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мева-сабзавотчилик, узумчилик, полизчилик ва картошкачиликни ривожлантириш бошқармаси, сабзавот-полиз ва картошкачилик бўлими бош мутахассиси Тешабоев Баходир – Уларнинг касалликка, иссиққа ва қурғоқчиликка чидамли бўлишига катта эътибор қаратилмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрига картошканинг Ўзбекистон ҳудудида экиш учун тавсия этилган 131 та нави киритилган, шундан, 19 та нав маҳаллий илмий тадқиқот институтлари томонидан яратилган. Олимларнинг кўп йиллик изланишлари ва маҳаллий ҳамда хорижий мутахассис-амалиётчилар билан ҳамкорлиги муваффақиятли илмий ютуқларга эришилишига сабаб бўлмоқда”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 февралдаги ПҚ-5009-сон қарорига асосан Бўстонлиқ, Булунғур, Янгиқўрғон, Андижон, Олтиариқ, Музробод, Мирзаобод туманларида сабзавот, полиз экинлари қатор орасида картошканинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Илмий изланишлар ва инновацион ишланмаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, картошка навлари селекцияси ва уруғчилигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди.

Картошкачилик соҳасини ривожлантириш ҳамда янги навлар яратишда Бутунжахон картошкачилик Маркази (CIP) билан хамкорликда ишланмоқда ва ботаник уруғлардан картошка етиштиришга катта аҳамият берилмоқда. Хорижий давлатлар тажрибаларини ўрганиш мақсадида олим ва мутахассисларни хорижий давлатларда малакасини ошириш, тажриба алмашиш ҳамда инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.







Report Page