КАРАНТИННИ УЙДА МАЗМУНЛИ ЎТКАЗИШ УЧУН 15 ТА  ТАВСИЯ

КАРАНТИННИ УЙДА МАЗМУНЛИ ЎТКАЗИШ УЧУН 15 ТА  ТАВСИЯ

@ginekologim


Карантин бизни сабрга, неъматларни қадрлашга, тежамкор бўлишга, ўз устимизда ишлашга ўргатади ва ақлимиз ҳамда тасаввуримизни кенгайтиришга ҳам ёрдам беради, АГАР УНДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНА ОЛСАК!

 

1. Аввало хотиржам бўлинг ва ҳар нохуш ҳодисанингнинг ижобий ва ҳикматли томонини кўришга ҳаракат қилинг ва ўзингиз учун ҳафталик ва кундалик режа тузинг!

2. Эртароқ ётинг ва эрта уйғонинг, кундузи бироз ухлаб олинг, бу вақтингизни баракали қилади.


3. Жисмоний машқлар билан шуғулланинг, ҳар куни камида 20 дақиқа. Зеро кун бўйи уйда ўтириш ҳаракатсизлик, ортиқча вазн тўпланишига олиб келади. Жисмоний машқлар эса ҳар томонлама фойдали бўлиб қон айланишини яхшилайди, иммунитетингизни ҳам оширади. Агар оилавий биргаликда бажарсингиз янада шавқли ва мароқли бўлади.


4. Уй тозалигини оилавий биргаликда бажаринг. Йил бўйи қаровсиз ва тозаланмаган, эътиборсиз қолган жойларни тартибга келтиришга бугун вақтингиз бор.


5. Ибодатлар билан машғул бўлишнинг айни пайти, қазолар, нафлларни адо этиш, истиғфор ва саловотларни кўп айтадиган палладан унумли фойдаланинг. Зеро бугун бутун дунё Яратганга ёлвормоқда, сиз четда қолманг.


6. Фарзандингиз билан бирга дарс қилинг, агар унга ўргатишга билимингиз етарли бўлмаса, ундан ўша дарсларни тушунтириб беришни сўранг. Бу ҳам унинг фойдасига.


7. Китоб муоталааси сизга ҳар тарафлама фойда беради. (ҳозир акция пайти, мана шу ҳаволадан жуда кўп фойдали китобларни бепул юклаб олишингиз мумкин: https://e-hilolnashr.uz/hilolebookdownload )



8. Интернетга уланган бўлсангиз, яқинларингиз доирасида кундалик ҳаётингиз ҳақида видеохабарлар орқали мулоқот қилинг. Зеро “меҳр – кўзда” дейишади. Яқинларни кўриб туриш (интернет орқали) сизга далда беради. Агар интернет бўлмаса, ҳеч бўлмаса телефон орқали хабарлашиб туринг.


9. Шу пайтгача тайёрлаб кўрмаган таомларингизни пишириб кўринг. Имкон қадар содда масаллиқилардан  мазали овқат қилишни машқ қилинг. Бунақа имкон ҳар доим ҳам бўлавермайди. Масалан хамирдан фарзандларингиз билан турли ўйинчоқлар, ҳайвончалар ясанг ва кейин пишириб беринг. Болалар учун ҳам ажойиб машғулот.


10. Интернетдан унумли фойдаланинг. Фойдали маслаҳатлар, лайфхакларни томоша қилинг ва уйда уларни татбиқ қилинг. Кун бўйи интернет тармоғида, телевизор олдида ўтирманг, кўзингиз ҳам чарчайди.

11. Оилангиз, фарзандларингиз билан қизиқарли ўйинлар ўйнанг. Интеллектуал ўйинлар ва мусобақалар ташкил этинг.


12. Ҳар кун охирида ёки кун давомида карантинни қандай ўтказаётганингиз ҳақида кундалик ёзинг. Бу ҳам келгусида сиз учун қизиқарли ва ибратли маълумот бўлади.


13. Агар ҳовилингиз ёки томорқангиз бўлса ўсимлик ва гуллар ўстиринг, агар кўп қаватли бинода турсангиз бу ишни тувакларда бажариш мумкин. Турли тажрибалар қилинг, уйингиздан туриб табиатни фарзандларингиз билан бирга кузатинг.

14. Ижодкорлик учун зўр имконият! Қайси соҳада ишлашингиздан қатъи-назар, ҳатто оддий уй бекаси бўлсангиз ҳам ишингизда янги ғояларни ўйлаш ва уларни хаёлан синаб кўриш мумкин. Хаёл ва тасаввурингизга эрк беринг ва ақлингизга келганларни қайд этиб боринг. Майли жуда ғалати туюлса ҳам. Ахир ҳаммаси хаёлдан бошланади-ку. Тасаввурингизни ривожлантиринг.

15. Бағрикенг бўлинг! Кечиримли бўлинг, авф қилишни ва кечирим сўрашни кўп машқ қилинг, аввало оилангизда буни қўлланг! Ўз қоидаларингизга бошқа оила аъзоларингизни риоя қилишга ортиқча уринманг, ҳар бир инсон фарқли ва ўзига хос яратилганини унутманг. Дунёнинг жиловини сал бўш қўйинг, шунда у ҳам сизга бошқача кўрина бошлайди.

Тафаккур қилинг, бугун вақтингиз бор! Сизга ажойиб имкон тақдим этилди. Ундан фойдаланинг!
Ва албатта тез-тез қўлларингизни совунаб ювишни, тозалик ва гигиена қоидаларига риоя қилишни, уйларни вақти-вақти билан шамоллатиб туришни унутманг!

Саломат бўлинг. Ўзингиз ва яқинларингизни асраш учун уйда қолинг! Тез кунларда бу синовлардан муваффақяитли ўтамиз иншааллоҳ!

 

Гинеколог Нилуфар КАБИЛОВА томонидан тайёрланди

 

КАНАЛ МУНДАРИЖАСИ

 

Каналга уланинг:👇

https://t.me/joinchat/AAAAAFBvdBiwu4MpzsQ1zQ

 


Report Page