КАДАСТР МУАММОГА ҲАМКОРЛИКДА ЕЧИМ ТОПМОҚДА
Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш” бўйича 1023-сонли қарори бор. Ундаги Ер участкасини танлаш материалларини келишиш ва ер участкасини «YERELEKTRON» ААТга жойлаштириш тўлиқ ишга тушган. Аммо, мурожаатчиларнинг таклифлари кўп холларда рад жавоби билан қайтаётгани кўпгина можароли вазиятларга сабаб бўлмоқда.
Айниқса, кадастр агентлиги томонидан таклифга киритилган ерлар архитектура ва қурилиш бошқармасининг ўрганиш жараёнларида кўп вақт талаб этаётгани, боз устига асосан рад жавоблари қайтаётгани ҳам эътирозлар кўпайишига олиб келмоқда.
Сабаб нимада, - деган ҳақли савол туғилади. Ҳар ким ўз йўналишидан келиб чиққан ҳолда алоҳида важларни асос қилиб келтирмоқда. Натижада тадбиркор овора бўлмоқда.
Ана шуларга ечим топиш, асосийси мурожаатчиларни ортиқча сарсонгарчиликсиз муммоларига ижобий жавоб беришга имконларни кенгайтириш мақсадида бугун Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармасида соҳа мутаҳассислари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унга Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси мутасаддилари таклиф этилиб, ҳамкорликда ишлаш бўйича кўпгина масалаларни муҳокама этдилар.
Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси таклиф этаётган ерларни тизимга киритишдан аввал ҳамкорликда тўлиқ келишилган ҳолда атрофлича кўриб чиқиб, сўнгра аукционга чиқариш йўллари таклиф этилди. Шунингдек, таклифларнинг кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш бўйича ҳам берилган фикрлар муҳокама этилди.
Биргаликда ишлаш тизимга мурожаат қилаётганлар учун катта афзалликлар бериши раҳбарлар томонидан алоҳида таъкидланди. Ҳар бир берилган таклиф юзасидан фикрлар билдирилиб маъқул топилганини ҳаётга тадбиқ этиш бўйича чоралар ишлаб чиқилмоқда.
Бу бўйича янгиликлар бўлади, бизни кузатиб боринг!