Кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш соҳасидаги ўзгаришлар

Кўп квартирали уй-жой фондини бошқариш соҳасидаги ўзгаришлар

https://t.me/aoka_uz

Уй-жой фонди инспекцияси томонидан 39 мингдан ортиқ кўп квартирали уйларда техник фойдаланиш қоидалари ва нормаларига риоя этилиши ўрганилди. Унга кўра, 60 мингдан ортиқ ҳолатда хонадонларда ўзбошимчалик қайта қуриш ва қайта режалаштириш ишлари амалга оширилганлиги аниқланган.

Шунингдек, Уй-жой фонди инспекциясига келиб тушган мурожаатларнинг 2 минг дан ортиғи ўзбошимчалик билан амалга оширилган реконструкция ва қайта режалаштириш тўғрисида баён этилган шикоятларни ташкил этади.

Бугунги кундаги мавжуд ноқонуний қурилмалар уйларнинг таянч қобилияти ва зилзилага бардошлилигини пасайишига, уларнинг экологик ташқи таъсирларга чидамсиз бўлиб қолишига, шунингдек, мулкдорларнинг ҳаёти, соғлиги ва мол-мулклари хавф остида қолишига сабаб бўлмоқда

Мазкур камчиликларни бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, қуйидагилар назарда тутилган.

1. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159-моддаси учта янги қисм билан тўлдирилди:

1) кўп квартирали уйларни бошқариш қоидаларини бузиш-мансабдор шахсларга БҲМнинг 15 баробари (4 млн сўм)

2) кўп квартирали уйлардаги таянч ва тўсиқ конструкцияларни ўзгартириш ёки реконструкция қилиш, шу жумладан уйларда ва уйларга туташ ер участкаларида ўзбошимчалик билан иморатлар (иншоотлар) қуриш ишларини амалга ошириш-фуқароларга БҲМнинг 30 баробари (8,1 млн сўм ), мансабдор шахсларга 50 баробари (13,5 млн сўм)

3) ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс, агар у амалга оширилган ўзгартирилишини ёки уларни реконструкция қилиш туфайли йўл қўйилган бузилишларни, кўп квартирали уйга туташ ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни (иншоотларни), шунингдек уларнинг оқибатларини ихтиёрий равишда бартараф этса, жавобгарликдан озод этилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 159 моддаси уй-жой фондини сақлаш соҳасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш, судлардан Уй-жой фонди инспекциясига ўтказилди.

2. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартишлар киритиш орқали кўп квартирали уйларни бошқарувчи ташкилотларга умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек, уйларга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишлар бўйича барча солиқлардан озод этиш;

3. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунга қўшимчалар киритиш орқали Уй-жой фонди инспекцияси томонидан кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқубузарликлар юзасидан судларга киритадиган аризаларини давлат божидан озод этиш.

Қабул қилинган Қонун қуйидаги ижобий натижаларга эришишни таъминлайди:

1) кўчмас мулк эгаларининг уй-жой фондини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш борасидаги шахсий масъулиятини ошириш орқали уйларнинг техник хавфсизлиги сақланиб қолинишига;

2) кўп квартирали уйларни бошқариш органларини маълум бир фаолият тури бўйича солиқлардан озод этиш натижасида кўп квартирали уйларни бошқариш самарадорлигини ошириш ҳамда соҳага тадбиркорлик субъектларни жалб этилишига;

3) кўп квартирали уйларни сақлаш ва бошқаришдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш орқали уйлардан фойдаланилишда мавжуд қоидаларига риоя этилишига ҳамда кўчмас мулк эгаларига хавфсиз яшаш шароити яратиб берилишига эришилади.

 


Report Page