Кўча савдосига қачон чек қўямиз...

Кўча савдосига қачон чек қўямиз...


Чироқчи тумани марказидаги Хонжон кўчасида кенг кўламли қурилиш бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, автотранспорт воситалари тирбандлигини олдини олиш мақсадида туман Солиқ инспекцияси олдидан марказий жоме масжидигача бўлган 700 метр масофадаги автомобиль йўли 12 метрга кенгайтирилиб, пиёдалар йўлаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда. 

Қурилиш ишлари давом этаётган бир пайтда автомобиль йўли ва пиёдалар йўлагида ноқонуний савдо амалиёти билан шуғулланувчи "тадбиркорлар" яна кўча савдосини бошлаб юборишди. Туман ҳокими Файзулла Юсупов Хонжон кўчаси бўйлаб олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишиши баробарида кўча савдосига чек қўйиш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли топшириқлар берди. 

Мақсад "Чироқчи деҳқон озиқ-овқат бозори" МЧЖга автотранспорт воситасида келиб кетувчи фуқароларга қулайлик яратиш эди. Афсуски, олиб борилаётган амалий ишларга қарамай айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорлар йўлнинг қатнов қисмига махсус соябонларини жойлаштириш савдо амалиётларни давом эттириш билан банд. 

Аксарият, тадбиркорлар эса пиёдалар йўлаги ва автомобиль йўлининг автомашиналар тўхтаб туриши учун ажратилган йўл қисмлари, ҳамда пиёдалар йўлаги ва автомобиль йўлини ажратиб турувчи панжараларга савдо маҳсулотларини чиқариб қўйиши орқали пиёдалар ва транспорт ҳаракатига ноқулайлик туғдириши баробарида савдо маданияти ва шаҳар инфратузилмасига путур етказмоқда.

Озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи баъзи тадбиркорлар озиқ-овқат хавфсизлиги ва санитария талабларини қўпол равишда бузиб, автомобиль йўлининг қатнов қисмида савдо амалиёти билан шуғулланиб келаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?

Аҳолига қулайлик яратиш, шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида олиб борилаётган амалий ишлар маҳаллий аҳоли томонидан ҳам қўллаб-қувватланса нур устига аъло нур бўлар эди. Хонжон кўчаси бўйлаб кўча савдоси билан шуғулланиб келаётган тадбиркорлар ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилгани каби, қонунларимизга ҳам итоат қилишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Report Page