КЎЗ ТЕГИШИ СЕХРИ.

КЎЗ ТЕГИШИ СЕХРИ.


КЎЗ ТЕГИШИ ВА УНИНГ МУОЛАЖАСИ!


 

КЎЗ ТЕГИШИ РОСТ ЭКАНИГА ҚУРЪОНИ КАРИМДАН ДАЛИЛ!

Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма (Қуръонни) эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқита ёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз мажнундир, дерлар.

(Қалам сураси 51-оят)


Ҳофиз ибн Касийр роҳмаҳуллоҳ айтади:  Ибн Аббос, Мужоҳид ва бошқалар  айтади:  «Кўзлари билан йиқита ёзурлар» дегани, яъни кўзлари билан кўзларлар. Агар АЛЛОҲ сизни асраб, ҳимоя қилмаганида,  душманликлари туфайли сизга ҳасад қилиб кўзлари билан ерга қулатар эдилар. Ушбу оятда кўз тегиши ва унинг таъсири борлигининг ҳақ экани ва бу фақат АЛЛОҲнинг амри билан бўлиши мумкинлигига далил бор. Бу ҳақда турли ва кўп йўллар билан ривоят қилинган ҳадислар ворид бўлган.

 (Ибн Касийр тафсири 4-жилд, 410-саҳифа)


 КЎЗ ТЕГИШИНИНГ ҲАҚ ЭКАНИГА ҲАДИСЛАРДАН ДАЛИЛЛАР!


1. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу  айтади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кўз ҳақдир» дедилар.

(Бухорий10ж\203с  ва Муслим «тиб» бобида ривоят қилганлар). 


2. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Кўз тегишидан АЛЛОҲ паноҳ беришини сўранглар, чунки кўз ҳақдир.

(Ибн Можа 3508-ҳадис, Албоний саҳиҳул жомеъ китобида «саҳиҳ» деб 951-рақам билан келтирган).


3.  Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадиларки: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вааллам дедилар: «Кўз-ҳақдир. Агар тақдирни бирор нарса ўзгартира олганида, кўз ўзгартира оларди, агар ғусл қилишингизни сўрашса ғусл қилиб беринглар». Яъни бирортангизнинг мусулмон биродарига кўзи тегса ва ундан чўмилиб бериш сўралса, лаббай деб жавоб қилсин ва чўмилиб, сувини унга берсин.

(Муслис «Салом китоби» даги «Тиб» ва «Руко» дам солиш китобида ривоят қилганлар).


4.  Асмо бинти Умайса розияллоҳу анҳо: Ё Росулуллоҳ! (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Жаъфарнинг болаларига кўз тегибда. Уларга дам солдирайми, деб сўрадилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа! Агар бирор нарса тақдирни ўзгартирганида, кўз ўзгартириб юборарди»,  дедилар.

(Аҳмад 6ж\438c. Термизий 2059 «ҳасан-саҳиҳ». Албоний 5662 «саҳиҳул жомеъ»).


      Бу ҳадиснинг маъноси шуки, инсонга кўз тегиб, унга таъсир қилиши мумкин. Ҳатто у баланд бир ерга чиқиб, сўнг кўз таъсиридан, ундан қулайди.


5.  Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  «Кўз ҳақдир, у кишини баландликдан қулатади». Яъни баланд чўққидан қулатади.

(Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоятлари. Албоний «ҳасан» деганлар).


6.  Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки: «Кўз кишини қабрга, туяни эса қозонга киритади». Маъноси: Кўз инсонга тегса, уни ўлдиради ва у дафн этилиб қабрга киради. Туяга тегса, уни ўлимга олиб келади, ўлиб қолмасин деб сўйилиб, қозонга тушади.

(Абу Наъийм «Алхиля» китобида, Албоний «саҳиҳул жомеъ» да 4023-рақам билан ривоят қилганлар).


7.  Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «АЛЛОҲнинг қазо ва тақдиридан сўнг умматимдан енг кўп вафот этадигани кўз тегишидан бўлади».

(Бухорий «Тарих» ларида, Албоний «саҳиҳул жомеъ» да 1217-рақам билан« ҳасан» деб ривоят қилганлар).


8.  Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз текканда дам солдиришимга буюрар эдилар.

(Бухорий 10-жилд  170-саҳифа, Муслим 2195).


9.   Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўз текканда хума ётганда, намла чиққанида руқия (дам солиш)га рухсат берганлар. «Хума: заҳарли чақувчи махлуқ чақиши. Намла: Ёнбошдан чиқувчи яра (кўз яра бўлса керак)».

(Ибнул  Асирнинг «Ниҳоя» китоби 5ж\120с).


10.  Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики,  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларидаги бир жориянинг юзидаги «сафъа» ни кўриб: «Унга назар тегибди, уни руқия қилдиринглар» дедилар.


Сафъа шайтондан бир аломат, баъзилар уни шайтон аломатининг бир тури, деганлар. (Сафъа-юзнинг қорайиб ёки сарғаниб кетиши).

(Ниҳоя 2ж\375с).


11.  Жобир розияллоҳу анҳу айтади:  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Оли азмни илон чақиб олганда руқия қилишга рухсат берганлар ва Асмо бинти Умайсдан: Нечун Бану Ахий Зариъанинг жисимлари – озиб – тўзиб эҳтиёжманд кўринади, деб сўрадилар. Асмо: - Йўқ, (улар етишмовчиликдан эмас), балки, улар кўзга яқин бўлганлари учун шундай, деди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга дам солгин» дедилар. Асмо  Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дам солмоқчи бўлганлар дуоларни кўрсатгач, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дам солавер» дедилар.

(Муслис «Китобус салом» 2188-рақамли ҳадис).



КЎЗ ТЕГИШИ ҲАҚИҚАТ ЭКАНИ ҲАҚИДА УЛАМОЛАРНИНГ ФИКРЛАРИ!


1. Ҳофиз ибн Касийр роҳмаҳуллоҳ айтади: «АЛЛОҲнинг амри билан кўз тегиши ва унинг таъсири ҳақдир».

(Ибну Касийр тафсири 4ж\410с).


2. Ҳофиз ибн Ҳожар роҳмаҳуллоҳ айтади: «Кўз тегиши ёмон табиатли кишидан бир нарсага ҳасад билан ёқтириб қарашидан пайдо бўлади. Назар қилинган кишига ундан зарар ҳосил бўлади».

(Фатҳул борий 10ж\200с).


3. Ибнул Асийр роҳмаҳуллоҳ айтади: «Қачонки бир кишига душмани ёки бир ҳасадгўй назар ташласа, унга таъсир қилса ва шу сабабдан у касал бўлиб қолса, унга кўз тегибди, деб айтилади»

(Ан-ниҳая 3ж\332с).


4. Ҳофиз ибнул Қайюм роҳмаҳуллоҳ деди: «Қулоқ солиш ва ақл ишлатишдан бенасиб қолган тоифалар кўз тегишини инкор қилганлар».

(Соримул баттор).


 КЎЗ ВА ҲАСАД ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ


1. Ҳасадгўй киши «Кўзли» кишидан умумийроқдир. «кўзли» киши – ўзига хос ҳасадгўйдир. Ҳар бир кўзли киши ҳасадгўйдир. Аммо ҳар бир ҳасадгўй «кўзли» бўлмайди. Шунинг учун ҳам «Фалақ» сурасида «ҳасадгўйнинг ҳасадидан паноҳ беришингни сўрайман деб айт» - дейилган. Чунки мусулмон киши ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ сўраса «кўзли» киши ҳам бу дуонинг ичига ўз-ўзидан киради. Бу Қуръон Каримнинг мўъжиза ва балоғатидандир.


(«Бадоиъул фавоид» 2ж\232с, «Зодул маъод» 4ж\167с).


2. Ҳасад доим нафрат, буғз ва неъматнинг кетишини орзу этишдан ҳосил бўлади. Аммо кўз эса бирор нарсани ёқтириб қолиш, жуда ажабланиш, ниҳоятда берилиб, чиройлик санашдан келиб чиқади.


3. Ҳасад ҳам, кўз ҳам таъсир жиҳатидан бир бирига ўхшайди, зеро ҳасад ҳам, кўз ҳам зарарли нарсадир. Аммо у иккисининг келиб чиқиши турлича бўлади. Ҳасаднинг келиб чиқиши қалбнинг аланга олиши ва бировдаги неъматни йўқ бўлиб, ҳасадгўйда кўпроқ бўлишини хоҳлашдан келиб чиқса, кўз «кўзли» кишининг назари билан чақнаб қарашидан келиб чиқади. Шунинг учун гоҳида кўз ҳасад қилинмайдиган жисм, ҳайвон, экин ёки молга тегишини кўрамиз. Баъзида кўз ўз эгасига ҳам тегади. Бирор нарсага ёқтириш, берилиш ва кўзни чақнатиш кайфияти билан назар қилиш орқали кўз тегишининг таъсири ҳосил бўлади.


4. Ҳасадгўй бирор ишнинг бўлишидан илгари ҳам унга ҳасад қилиши мумкин, кўз эса бирор иш юз бергачгина тегади.


5. Инсон ўз жонига ҳам, молига ҳам ҳасад қилмайди, балки унга кўзи тегиши мумкин.


6. Ҳасад фақат ярамас, нафратли нафсдангина содир бўлса, кўз ундай эмас. Кўз тўғри инсондан ҳам бирор нарсани ёқтириб қолиб уни бировда йўқ бўлиб, ўзидагина бўлишини ирода қилмаса, содир бўлиши мумкин. Ҳадисда ворид бўлишича Исломда пешқадамлардан бўлиб, Бадирда иштирок этганига қарамай, Саҳл ибн Ҳунайфга Омир ибн Робиъанинг кўзи тегди. Ҳасад билан кўз бир-биридан фарқ қилади, деган уламолар ичида Ибнул Жавзий, Ибнул Қайюм, Ибн Ҳажар ва бошқа уламолар бор. Мусулмон киши хоҳ ўзида, хоҳ биродарида бирор ёқтирган нарсани кўрса, унга барака тилаб дуо қилиб қўйиши мустаҳабдир.


Саҳл ибн Ҳунайфга кўз текканида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Омирга қараб: «Унга барака тилаб қўймабмидинг?» - деганлар. Яъни унга барака тилаб дуо қилиб қўймадингми, деган маънода. Чунки бу дуо кўз таъсирини қайтаради.


 ЖИНЛАР ИНСОНЛАРНИ «КЎЗЛАЙДИЛАР»              


1. Абу Саъийд ал Худрий розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жинларнинг кўзидан, сўнгра одамларнинг кўзидан АЛЛОҲдан паноҳ сўраб дуо қилар эдилар. Қачонки «Фалақ» ва «Нос» суралари нозил бўлгач, у иккисини ўқиб, бошқа (илгари қилган) дуоларини тарк этдилар.

(Термизий 2059 «тиб» ҳасан ҳадис деганлар).


2. Онамиз Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Умму Салама розияллоҳу анҳонинг уйларида бир жорияни кўрдилар. Унинг юзида сафъа қора доғ бор эди. Шунда: «Унга дам солинглар, чунки унга назар тегибди» дедилар.

(Бухорий, фатх, 10ж\171с. Муслим, Нававий)


  «Сафъа» дегани жинларнинг кўзидир.


 Ушбу икки ҳадисдан аниқ бўладики, ҳудди инсонлардаги каби жинларнинг ҳам кўзи тегар экан. Шунинг учун ҳам мусулмон киши жинларнинг кўзи тегмаслиги ёки бошқа азиятлари етмаслиги учун, кийимини ечаётганида ҳам, ойнага қараётганда ҳам ёки бошқа амалларни қилаётганида АЛЛОҲнинг исмини зикр этиши («Бисмиллаҳи» дейиши) лозим.


КЎЗ ТЕГИШИНИНГ МУОЛАЖАСИ!


  Кўз тегишини муолажа қилишда бир неча усул бор. Улардан қуйидагиларини санаб ўтамиз:


1) БИРИНЧИ УСУЛ

«Кўзли киши»нинг ғусл қилиши


Бир кишига бошқа кишининг кўзи теккани маълум бўлса, ўша кўз эгасидан чўмилиш талаб қилинади. Сўнгра чўмилган сувини олиб, кўзланган кишининг орқасидан сепиб юборилади. АЛЛОҲнинг изни билан у шифо топади.


Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳунайф айтади: «Отам Саҳл ибн Ҳунайф Мадинадаги  «Ҳаррор» деган водийда чўмилмоқчи бўлиб устиларидаги кийимларни ечди. Шу пайт Омир ибн Рабиъа отамга қараб турган экан. Саҳл оқишдан келган, бадани гўзал киши эди. Омир: «Шу кунгача бундай яширинган терини кўрмовдим» - деди. Саҳлнинг шу ердаёқ тоби қочиб, касали зўрайди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга унинг бетоблигини айтиб: «Бошини кўтара олмаяпти», - дейишди.


Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биронтасидан гумонингиз борми?» - деб сўрадилар. Саҳобалар: Омир ибн Рабиъадан, дедилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб олиб, койидилар ва унга дедилар: «Нечун биродарингизни ҳалок этасизлар? Унга барака тилаб дуо қилмадингми? (дарҳол) унинг учун ювиниб бер». Омир шу заҳотиёқ юзини, икки қўлини, икки тирсагини, икки тиззасини, оёқлари атрофини, изори ичини бир идишга ювиб берди. Кейин бу сувни Саҳлнинг устига орқасидан сепиб юборилди. Саҳл шу ондаёқ ўз ҳолига келди.  


Уламолар «изорининг ичини», деганда нима тушунилиши ҳақида турли фикр билдиришган. Баъзилари бундан мурод жасаднинг бир жойи дейишди. Баъзилар жинсий аъзоси, дейишган,  баъзилар эса изор боғланадиган жой, яъни ёнбоши, деб айтишган.


  Қози ибнул Арабий айтган: Ҳақ гап шуки, изорининг ичи, деганда изор остидаги жасаднинг ҳамма жойи тушунилади.

(Аризотул-Ахвазий 8-жилд, 217-саҳифа).


Ювиниш сифати


   Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламоларимиз бизга таърифлаб берган ювиниш қуйдагича бўлади: Кўзи теккан кишини ва бир идишда сув келтирилади. У идишга кафтини солиб мазмаза қилади ва оғзидаги сувни идишга тупиради. Сўнгра идишда юзини ювиб чап қўлини сувга солади ва ўнг кафтига идиш ичида сув қуяди, сўнгра ўнг қўлини идишдаги сувга солиб бир қуйишда чап кафтига сув қуяди. Сўнгра чап қўлида сув олиб ўнг тирсагига қуяди, сўнг ўнг қўлида сув олиб  чап тирсагига қуяди, сўнг чап қўлида сув олиб ўнг қадами (оёғининг тўпиқдан пасти) га сув қуяди, сўнг ўнг қўлида сув олиб чап қадамига қуяди.Сўнгра чап қўлида сув олиб ўнг тиззасига, яна ўнг қўлида сув олиб чап тиззасига сув қуяди. Буларнинг ҳаммаси идиш ичида бажарилади. Сўнг изорининг ичини идишга киритиб ювилади. Идиш ерга қўйилмайди. Ниҳоят бу ювинишдан сўнг кўз теккан кишининг орқасидан идишдаги сувни бошдан бир қуйишда сепиб юборилади»


(Байҳақий сунанлари 9-ж, 252с)


Кўзли кишини ювинтиришининг шариатда мавжудлиги


1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам деганлар: «Кўз тегиши ҳақдир. Агар тақдирдан бирор нарса ўзиб кетганида, кўз урган бўларди. Қачонки сизлардан ювиниб бериш сўралса, ювиниб беринглар»

(Муслим 5ж, 32с)


2. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Кўзли киши таҳорат қилишга буюрилур эди, сўнгра у сувдан кўз теккан киши ювинар эди»

(Абу Довуд 3880, исноди «саҳиҳ» )


Мазкур икки ҳадис ва бошқа ҳадислардан кўз теккан киши учун кўзи теккан кишининг таҳорат ёки ғусл қилиб ювиниб беришининг шаръий иш экани олинади.    


 2) ИККИНЧИ УСУЛ


Кўз теккан кишининг бошига қўл қўйиб ушбу дуо ўқилади: (Бисмиллаҳи арқика, Валлоҳу яшфийка мин кулли дааин юъзийка, ва мин кулли нафсин ав ъаинин ҳасидин. АЛЛОҲУ яшфийка, бисмиллаҳи арқийка)


дуонинг маноси:


«АЛЛОҲнинг номи билан сенга дам соламан, АЛЛОҲ сенга азият бераётган барча дарддан ва ҳар бир жондан ёки ҳасадгўй кўздан шифо берур».


(Муслим,2186).


 3) УЧИНЧИ УСУЛ


Беморнинг бошига қўл қўйиб ушбу дуо ўқилади: (Бисмиллаҳи юбрийка, мин кулли дайн яшфийка, ва мин шарри ҳасидин иза ҳасада ва мин шар қулли зий ъаинин). (юқоридаги дуога маънодош дуо)


(Муслим,2186).



 4) ТЎРТИНЧИ УСУЛ


Беморнинг бошига қўл қўйиб ўқилади: (АЛЛОҲУММА роббан наси азхибил баъса, вашфи анта-ш-шафий, ла шифаъа илла шифаъука, шифаъан ла юғодиру сақоман). (дуонинг маъноси аввалги бўлимларда ўтган)


(Бухорий, «Тиб» китоби салом», Муслим «Китобу-с-салом»)



 5) БЕШИНЧИ УСУЛ


Оғриқ жойига қўл қўйиб, «Ихлос», «Фалақ», ва «Нос» суралари билан дам солинади.


 6) ОЛТИНЧИ УСУЛ


Сув солинган идиш келтириб, унга «Ихлос», «Фалақ», ва «Нос» сураларини ўқилади. Сўнгра ушбу дуолар ўқилади:


-  (АЛЛОҲУММА роббан наси азхибил баъс, вафши, анташ шафий, ла шифаъа илла шифаъук, шифаъан ла юғодиру сақоман) уч марта ўқилади,


-  (Бисмиллаҳи аркийка, Валлоҳу яшфийка мин кулли даъин юъзийка ва мин кули нафсин ав ъайнин ҳасидин АЛЛОҲУ яшфийка) уч марта ўқилади.


 Сўнгра ушбу сувни беморнинг орқасидан бутун баданига етадиган қилиб бир мартада сочиб юборилади. Иншаа АЛЛОҲ АЛЛОҲнинг изни билан шифо топади.


 Воҳид Абдусалом Болийнинг Соримул баттор китобидан

Манба:@RuqiyaUz

✅Kаналимизга уланиш учун босинг⤵️

👉 @RuqiyaUz 👈





Report Page