КЎЧМАНЧИ БАЛИҚЛАР

КЎЧМАНЧИ БАЛИҚЛАР

Хуршид Абдурашид   

 

Тушига дарё кирибди.

Отаси бир гал уни дарё бўйига олиб борганди. Ўшанда  отасидан “денгиз дарёдан катта бўладими, дада?” деб сўраган, отаси эса “дарёлар катта бўлса денгиз бўлади, мана сенам катта бўлсанг, мендай бўласан-ку”, дея тушунтирганди. Бола бу қиёсни ўз фаҳмича илғаб, “унда сиз денгиз экансиз-да”, деганди.

Ўша дарё бугун тушига кирибди. Бола бир ўзи дарё бўйида юрганмиш. Қирғоққа чиқиб қолган иккита чалажон балиқни кўриб қолиб, чўчиб кетганмиш. Шу пайт балиқлардан бири тилга кириб, “болакай, бизни дарёга ташлаб юбор, сендан ўтиниб сўраймиз”, деганмиш. Бола балиқларнинг гапиришини биринчи марта кўриб турибди. Аввал ҳайратдан лол қотганмиш, кейин балиқ яна унга илтижо қилибди. Бола аввал ўша тилга кирган балиқни, кейин унинг шеригини кўтариб, дарёга отиб юборибди. “Раҳмат сенга, болакай” деган овоз элас-элас унинг қулоғига эшитилибди.

Бола уйғонганида аллақачон қуёш чиқиб бўлган, нариги уйдан онаси унинг исмини айтиб чақираётганди. Бола ўрнидан туриб керишди, уйқисираган кўзларини қўли билан ишқалаб, бир муддат жойидан жилгиси келмади.

– Анваржон, тур энди!

Анвар юзини ювиб, ошхонага ўтди. Отасига салом берди, отаси унинг лунжидан чўзиб қўйди. Бу билан ўғлини эркаладими ё танбеҳ бердими, бола фарқламади. Стулга ўтириб, олдига қўйилган овқатдан егиси келмай, телевизорга қаради. Телевизорда кичкина балиқчалар ҳақида кўрсатув кетаётган экан. Бола қизиқсиниб телевизорга термулиб қолди.

– Овқатингни егин. Мактабга кеч қоласан.

Онасининг гапи қулоғига кирмади. У балиқларга маҳлиё бўлиб боқиб турарди. Балиқларнинг ҳаракатидан завқланди. Юзида табассум пайдо бўлди.

– Улар жуда чиройли экан-а, – деди у секин овозда.

– Нимани айтяпсан, – деди отаси овқатини бемалол чайнаганча.

– Балиқларни. Бугун тушимга кирибди.

– Тушга балиқ кирса, бунинг таъбири нима бўларди, онаси?

Онаси билмадим деб елка қисди.

– Яхши-да. Қани, энди тез-тез овқатингни е.

Бола бир-икки қошиқ овқат еди. Иштаҳаси бўлмадими, ликопчани онасининг олдига суриб қўйди.

– Егим келмаяпти.

– Унда новвот чой ич.

Бола ўзини мажбурлангандай ҳис қилди. Новвот чойни амаллаб ичиб ўқишга отланди.

– Дада, менга аквариум олиб беринг. Ичида тилла балиқлари ҳам бўлиши керак.

– Ие, аквариумни нима қиласан?

– Улар билан ўйнайман, дарс тайёрлайман.

– Балиқлар билан ҳам дарс тайёрлаб бўларканми?

– Шеър ёдласам уларга айтиб бераман. Олиб беринг илтимос.

Онаси ўғлининг бу гапига савол назари билан қарайди.

– Уйимизга энди аквариум етмай турувди.

– Бўпти, ўғлим, доим “беш”га ўқийман деб ваъда берсанг, аквариум олиб бераман.

– Ичида тилла балиқчаси бўладими?

– Бўлади.

Боланинг юзида қувонч кўринди. У шижоат билан ўрнидан туриб, бир зумда кийимларини кийиб, мактабга кетишга тайёр бўлди. Ҳар куни отаси мактабга ташлаб қўйгани учун отасидан аввал машинага ўтириб олди. Кўчада одамлар гавжум, шаҳар шовқини авжига мина бошлаганди.

***

Ўша куни ваъда ортиғи билан бажарилди. Болаларга берилган ваъдани бажариш – ота учун шараф. Бола мактабдан келиши билан сумкасини ерга отиб, дераза олдини эгаллади. Отаси келишини интиқлик билан кута бошлади. Хаёлига ҳеч нарса келгани йўқ, онгу шуурини жимир-жимир сувда сузиб юрган балиқлар тасвири банд қилганди. Ниҳоят, кечга яқин эшик очилиб, отаси кириб келди. Бола унинг қўлида аквариумни кўриши билан қувончдан қичқириб юборди.

– Балиқлар!

У отасининг олдига югуриб бориб, аввал аквариумга қўл теккизишга журъат қилолмай, маҳлиё бўлиб қараб турди. Аквариум хонанинг бир бурчагига қўйилди. Бола завқланиб балиқларни кузатишдан чарчамасди. Санаб кўрди: жами тўққизта катта-кичик балиқчалар экан. Уларнинг ичида қора балиқча бошқаларига қараганда хийла каттароқ. Энг кичиги қизил балиқча.

– Қайси бири тилла балиқча, дада? – отасидан сўради бола.

– Қайдам? Сариғи бўлса керак.

– Гапиришни биладими?

– Сўраб кўр. Сен уларнинг тилини тушунасанми ўзи?

– Билмасам. Улар қайси тилда гапиради?

– Балиқ тилида, албатта. Сен у тилни билмайсан-ку.

Отаси ўғлининг гапига маънили жавоб берганидан енгил тортди. Бола балиқларга термулиб тўймас, уларнинг ҳаракати унга олам-олам завқ берарди. Тун яримлади ҳамки, бола ухлай демасди. Охири онасининг қистови билан балиқларга қоровулликни тугатишга мажбур бўлди. Бола балиқларга хайрли тун тилаб, ўзининг хонасига кириб кетди.

– Айтиб қўяй, мен ваъдамни бажардим. Агар сен ҳам бажармасанг, аквариум билан хайрлашасан.

Отаси болага қатъий шарт қўйди. Ётиш олдидан бу гап боланинг уйқусини баттар қочириб юборди.  

Зум ўтмай, уйнинг ҳамма чироқлари ўчди. Бола ҳам ухлаб қолди. Балиқларгина уйғоқ эди. Улар уйга тушиб турган ой ёруғида тинимсиз уёқдан-буёққа сузиб юришарди...

***

Кейинги кунлар деярли бир хил кечди. Бола ҳар куни мактаб кийимини кийиб балиқларга қўл силкиганча, шошилиб мактабга жўнайди. Ўқиш тугаши билан у оёғини қўлига олиб мактабдан уйга қараб югуради.  Уйга кириши билан севимли балиқларининг олдига келади. Баъзан кечалари ҳам ухламай, ота-онасидан яширинча, балиқларни томоша қилиб ўтиради.

Кунма-кун шу воқеа такрорланаверди.

Бир куни отаси уйга дарғазаб кайфиятда кириб келди. Бола унинг авзойи бузуқлигини сезиб, худди бир нарсани олдиндан билгандай, аквариум олдидан кетиб, хонасига яшириниб олди. Отаси ошхонада овқат тайёрлаётган хотинининг олдига борди

– Бугун ўқитувчиси чақирди, умуман дарс тайёрламай келяпти, дейди. Нега дарс қилмаяпти?

– Ҳаммасига ўзингиз айбдорсиз. Шу бало ургур аквариумни қай гўрдан опкелдингиз, ўғлингиз балиқлардан ортай демайди.

– Ахир биз у билан келишгандик-ку.

– Ёш бола билан келишасизми?

– Мен унга шарт қўйганман. Агар ўқишинг жойида бўлмаса, аквариумдан айриласан деганман.

– Фойдаси йўқ. Эрталабдан кечгача мана шу балиқларга қараб ўтиргани ўтирган. Қанча гапираман зиғирча таъсир қилмайди.

Ота негадир ўғлини тергашни истамади. Жаҳли чиқиб турганди, унга қаттиқ гапириб хафа қўйгиси келмади.

– Балки, яна бир имконият бериб кўрарман.

Хотини “нима дедингиз” дегандай ажабланиб қараганди, унинг жавобини кутмай, яна ўзига-ўзи гапирди.

– Йўқ, уни иккинчи имкониятга ўргатиб қўймаслигим керак. Тамом. Жазоми жазо!

Шундан сўнг ота аквариумни даст кўтариб, пастга олиб тушди. У аквариумни машина ичига қўйганча, рулга ўтирди. Сўнг дераза тарафга боқди. Ўғли унга мунғайиб қараб турарди. Кўзи ёшдими, англолмади. Ора хийла узоқлик қилди. Ота машинани ёқди ва газни босиб, балиқларни сотиб олган жойга борди. У ерда сотувчи билан кўп савдолашмади. Сотувчи айтган нархга сотиб, ортга қайтди. Негадир бу ишидан афсуслангандай, орқага ўгирилиб, балиқларга қайта-қайта қараб қўйди...

***

Шундан сўнг аквариумдаги балиқларнинг дарбадар ҳаёти бошланди... Ўша жойнинг ўзида сотувчидан яна бир аёл аквариумни сотиб олди. У балиқларни уйига олиб бориши билан аёлнинг болалари аквариумни қуршаб олишди. Тун пайти уйга аёлнинг эри кириб келди. У келиши билан асабий тарзда устидаги костюмини хотинига тутди. Кўзи аквариумга тушдию, хотинига ўшқира кетди.

– Бу қаердан келди? Менинг уйим балиқхона бўлиб қолдими?, – деди у хотини уришиб.

– Менга совға қилишди, – деди хотини айбдор оҳангда.

– Бекор айтибсан. Ким сенга аквариум совға қилади? Сен буни сотиб олгансан.

– Ўлай агар, дадаси. Сотиб олганим йўқ.

– Сен буни пулга олгансан. Шунча пулни кўкка совурдингми, аҳмоқ хотин.

Эри роса авжига чиқди. У хотинига қўл кўтармади. Бироқ қўл кўтаргандан кўра қаттиқроқ ботадиган гап-сўзлар билан сийлади. Болалар бошқа хонага қамалиб олиб, қўрқувдан дағ-дағ титраб туришарди. Жанжалдан сўнг, эр-хотин иккови иккита хонага кириб кетди...

***

Эртаси куни аквариум яна ўша жойга қайтиб келди.

– Тавба, нега сотволиб, дарров қайтариб олиб келяпсизлар? – ажабланиб сўради сотувчи.

– Мен... мажбур бўлдим, – деди йиғламсираб аёл.

У пулни санаб олиб, уйига кетди. Балиқларга харидор тағин топилди. Бу гал улар ёш йигитнинг харидига айланишди. Йигит эса аквариумни суйган қизига совға қилди. Севгили бу совғадан шунчалик хурсанд бўлдики, боланинг ҳаракатларини такрорлади. Қандайдир орзиқиш ва ҳаяжон билан балиқларнинг сузишини томоша қилар, уйқуни батамом унутганди. Орадан кўп ўтмай, қиз ота-онасидан дакки эшитди. Улар фарзанди билан турмуш хусусида суҳбат қуришди.

– Мен айтган йигитга турмушга чиқасан. Гап тамом, – деди кексайиб қолган отаси.

– Отангни юзини ерга қаратма, қизим, – дея отасининг гапини маъқуллади онаси.

– Мен ахир, – дея оғиз жуфтладию гапини давом эттиролмай йиғлаб юборди қиз.

– Ота-онанг рози қилмасанг, бахтсиз бўласан. Биз сенинг бахтсиз бўлишингни истамаймиз, қизим. Биз ахир ота-онангмиз. Сенинг бахтинг керак бизга, – деди отаси бироз юмшаб.

– Ҳа, отанг тўғри айтяптилар. Эртага совчилар келади. Биз розилик бермоқчимиз, – дея онаси тағин эрининг гапини қўллаб-қувватлади.

Қиз бошқа жавоб беролмади. Хонасига кириб, қамалиб олди.

– Мана бу совғасини бериб юбор. Умидвор бўлиб юрмасин. Аквариумни ким совға қилганини мен яхши биламан, – деди онаси эшик ортидан.

Қизнинг юраги баттар тез ура бошлади. Шу кеча у узоқ йиғлади. Йиғиси тинай демади. Эрталаб йигитни чақириб, аквариумни бериб юборди. Йигит нималар бўлаётганини тушунишга ҳам улгурмади.

***

Аквариум сотувчи бу ҳолдан ажабланди. Ким сотиб олса, узоғи уч кундан сўнг қайтариб олиш келишарди. Бир кун боланинг отаси яна қайтиб келди.

– Ҳалиги аквариумни сотиб юбордингизми, – сўради у сотувчидан.

– Э, ўша аквариум роса сарсон бўлди-да. Сиздан кейин қанча одам олиб, дарров қайтариб келди. Ана, турибди, – деди у бир чеккада турган аквариумга ишора қилиб.

Боланинг отаси қувониб кетди. Айтилган пулни санаб, яна аквариумни сотиб олди. У бу гал аквариумни уйига олиб бормади. Шаҳар чеккасидаги ҳовли олдига бориб, машинани тўхтатди. Эшикни очиб, аквариумни олди ва ичкари кирди. Ҳовлида юрган кекса чол уни кўриб, юзида табассум билан унинг қаршисига пешвоз чиқди.

– Ассалому алайкум, ота. Бардаммисиз?

– Раҳмат, болам. Ўзинг яхшимисан? Ишларинг яхшими? Келин қандай? Набирам яхши юрибдими?

Ота-бола ҳол-аҳвол сўрашиб бўлишгач, у аквариумни ичкарига жойлаштириб чиқди.

– Буни қаердан олдинг?

– Набирангизга олиб бергандим. Таътилгача шу ерда тура турсин. Хўпми, ота?

– Олиб берган бўлсанг, нега ўзининг хонасига қўйиб бермадинг?

– Биз у билан келишиб олганмиз. Яхши ўқиб, ваъдасини бажарса, аквариумга эга бўлади. Бўлмаса, йўқ.

Чол ўғлининг муғамбирлигидан мийиғида кулиб қўйди. Ўғил отаси билан хайрлашиб, уйига кетди. Чол балиқларга бирров қараб, кейин телевизорни ёқди. Телевизорда табиат ҳақидаги кўрсатув кетаётганди. Чол озроқ телевизор томоша қилиб туриб, сўнг кўзи пинакка кетди.

Телевизорда денгиз манзараси пайдо бўлди. Денгиз шовқинлари баланд овозда эшитилиб турарди.  Ҳатто денгиз узра делфинларнинг отилгани кўрсатилди.

Балиқлар худди сузишдан тўхтагандай эди. Улар бир жойда қотиб, телевизор томоша қилаётганга ўхшарди.

Денгиз овози тобора баландроқ эшитиларди...

 

Хуршид Абдурашид


Каналга уланиш: https://t.me/xurshidabdurashid

Report Page