Йирик корхона хотин-қизлари тиббий кўрик ва сайёр қабулда

Йирик корхона хотин-қизлари тиббий кўрик ва сайёр қабулда

Buxoro.uz

Бир вужудида қирқта ташвишни ортган аёл қавми оила, рўзғор, фарзандлари ташвишидан ортиб, ҳаммавақт ҳам соғлигига эътибор беравермайди. Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан “Узтрансгаз” акциядорлик жамиятининг Бухоро вилоятида жойлашган Когон ва Газли Магистрал газ қувурлари бошқармасида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг саломатлигига эътибор қаратиш ва тиклаш учун тор доирадаги мутахассислар ва умумий амалиёт шифокорлари ёрдамида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил қилинди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтамоқда. 

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан юборилган шифокорлар томонидан Газли Магистрал газ қувурлари бошқармасида ишловчи аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтдилар.

Газли Магистрал газ қувурлари бошқармаси тизимида бугунга келиб эркаклар билан елкама-елка, бир сафда 147 нафар хотин-қиз меҳнат қилиб келмоқда. Чўл ҳудудида ишлашнинг машаққатли жиҳатлари кўп, албатта. Ўз саломатлигига бефарқ бўлмай, тиббий кўрикдан ўтганларга тор доирадаги мутахассислар томонидан зарур тавсиялар берилиб, танасида қайсидир касаллик аломатлари бўлганларга нисбатан даво муолажалари тайинланиб, даволанишлари учун имконият яратилди.  

Шунингдек, Когон Магистрал газ қувурлари бошқармасида ишлаётган хотин-қизлар ҳам бепул тиббий кўрикдан ўтиб, бундай эътибордан мамнун бўлдилар. Шу куни хотин-қизлар билан сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Унда уларнинг саломатлиги билан бирга ишда ва турмуш тарзида дуч келаётган ташвиш-муаммоларига қулоқ тутилди.   

Гулмира Абдуллаева, Хонзода Яхшимуродова ва бошқаларнинг саволларига “Узтрансгаз” акциядорлик жамияти хотин-қизлар Кенгаши раиси Лола Шарипова, Газли Магистрал газ қувурлари бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳайдаров, туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси Гулруҳ Солиева, "Ромитаннома" газетаси бош муҳаррири Махфират Атоевалар атрофлича жавоб бердилар.

Шу куни тиббий кўрик ва сайёр қабулдан сўнг мазкур тармоқда меҳнат фаолиятини юритаётган бир гуруҳ фаол аёллар вилоят ҳокимлиги хотин-қизлар бошқармасининг  ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

— Бугун жамоамиз хотин-қизлари учун чинакам байрамона тадбир бўлди. Улар кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун эканликлари биз учун ҳам айни муддао, — дейди Газли Магистрал газ қувурлари бошқармаси хотин-қизлар кенгаши раиси Замирахон Амонова. — Бу миннатдорликни улар нигоҳларида яққол кўриш мумкин.  

Мукофотланганлар орасида Нафиса Камолова, Ирина Галауддинова, Лилия Диникева ва бошқалар жамоанинг катта тажрибага эга фаоллари. Меҳнат жамоалари эса улар билан ҳар қанча фахр-ифтихор қилса арзийди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page