ЙИЛЛАРНИ ЕНГГАН ОРЗУ 

ЙИЛЛАРНИ ЕНГГАН ОРЗУ 


Муҳайёнинг  болалик йиллари  Самарқанднинг Қўшработ туманидаги оддий қишлоқ муҳитида ўтса-да, унинг орзулари кенг эди. Ёшлигида география дарсларида харитага термулиб, узоқ мамлакатларни хаёлан кезарди. Тоғлар, денгизлар, материклар — булар унинг тасаввурида шунчаки ном эмас, балки, кенглик ва имконият рамзи эди.

Аммо ҳаёт уни эрта синовларга дуч келтирди. Шундай бўлса-да, Муҳайё Норбўтаева орзусидан воз кечмади. У фақат сабр қилди.

Тошкентга кўчиб келиш унинг ҳаётида туб бурилиш ясади. Бу ердаги жўшқин ҳаёт уни яна китоб томон етаклади. Ҳар бир ўқилган саҳифа, ҳар бир янги билим қалбида ҳали сўниб улгурмаган оловни яна аланга олдирди. У мутолаа орқали ўзини қайта кашф этди.

Энг муҳими, бу йўлда у ёлғиз эмас эди. Турмуш ўртоғининг тушуниши ва қўллаб-қувватлаши унга куч бағишлади. Чунки аёл учун илмга элтувчи йўлда ишонч — энг катта таянчдир.

Шу тариқа, 32 ёшида М.Норбўтаева талабалик сари дадил қадам ташлади. 2020 йилда Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ) да таҳсил олиб, география фани ўқитувчиси мутахассислигини эгаллади. Бу унинг ҳаётидаги энг муҳим ғалабалардан бири эди.

Талабалик йиллари осон кечмади. Бир томонда дарслар, имтиҳонлар, илмий изланишлар, иккинчи томонда эса оила, фарзандлар, рўзғор... Аммо у ҳеч қачон нолимади, қийналган пайтларида ортга чекинмади.. Чунки бу йўл унинг болалик орзусига элтишини яхши биларди.

2019 йилда Муҳайё Норбўтаева ўқитувчилик фаолиятини бошлади. Аввал Зангиота туманидаги 21-мактабда, кейин Янгийўл туманидаги 15-мактабда география фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Бугунги кунда эса  яна Зангиота туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабида ўқувчиларга география фанидан сабоқ бериб келмоқда.

У дарсга кирганида синфда оддий машғулот эмас, ҳаёт мактаби бошланади. Муҳайё Норбўтаева ўқувчиларга нафақат билим, балки ишонч, фикрлаш ва орзу қилишни ҳам ўргатади. Таълимнинг янги инновацион технологияларидан унумли фойдаланади. Креотивликни яхши кўради.

— Ўқитувчи ўқувчига фақат билим эмас, умид ҳам бериши керак, — дейди у.

Фан олимпиадаларидаги ютуқлар — туман босқичидаги 1-ўрин, вилоят босқичидаги 3-ўрин ҳамда республика босқичига йўлланмалар — булар ташқи натижалар, холос. Устоз учун эса энг катта ғалаба — шогирдининг кўзида пайдо бўлган ишонч, олдига қўйган мақсади ва унга томон интилишидир.

Бугун унинг шогирдлари орасида келажак ўқитувчилари, географлар ва тадқиқотчилар етишиб чиқмоқда. У ҳар бир ўқувчисининг ютуғини ўз ютуғидек қабул қилади.

Муҳайё Норбўтаева учун устозлик фақат мактаб билан чегараланмайди. У, аввало, она. Фарзандларига ўз устида ишлашдан ҳеч қачон тўхтамасликни,  илмнинг қадрини ўз ҳаёти орқали кўрсатиб келаётган  инсондир.

Бугун Муҳайё Норбўтаеванинг ҳаёт йўли кўплаб аёллар ва ёшлар учун илҳом манбаи. У бизга шуни ўргатади: вақт баҳона эмас, шароит тўсиқ эмас. Агар инсонда ирода ва мақсад бўлса, ҳар қандай орзу ўз вақти билан амалга ошади.

 

Умида АБДУҲАКИМОВА.


Report Page