Йўналишсиз таксиларда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар диққатига!
Бухоро вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизматиБухоро вилоятининг Ғиждувон ва Шофиркон туманлари "қизил" тоифадаги ҳудуд эканлигидан келиб чиқиб, ушбу туманлардан ташқари вилоятнинг қолган бошқа ҳудудларида йўналишсиз таксиларда йўловчи ташишга рухсат берилади. Бунда:
йўловчи ташувчи автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ва йўловчилар ўриндиғи шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилган бўлиши;
ҳайдовчи ва йўловчи албатта тиббий ниқобда бўлиши, тиббий ниқоб тақмаган йўловчиларни ташиш тақиқланади;
йўловчиларни автотранспорт воситаси салони орқа ўриндиғида ўтказилиши ва иккитадан ортиқ йўловчи олмаслик, олди ўриндиқда йўловчи ташиш тақиқланади;
фақатгина автотранспорт воситаси давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудудда йўловчи ташиш билан шуғулланишига рухсат этилади. Ғиждувон ва Шофиркон туманларида йўналишсиз таксилар ҳаракати қатъиян тақиқланади.
Вилоят транспорт бошқармаси, вилоят ИИБ ЙҲХБ ва Санитария эпидемиология осойишталик маркази ходимларидан иборат бўлган ишчи гуруҳ йўловчи ташувчи корхона мурожаати асосида мазкур талабларнинг тўлиқ бажарилганлигини жойига чиқиб ўрганиб, тегишли далолатнома расмийлаштириб, автотранспорт воситаларининг жиҳозланиши белгиланган талабларга жавоб берган тақдирда ушбу жамиятга тегишли бўлган автотранспорт воситаларига йўловчи ташишга рухсат берилади.