Йўлкира нархини асоссиз ошириб олган ҳайдовчиларга чора кўрилмоқда

Йўлкира нархини асоссиз ошириб олган ҳайдовчиларга чора кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати

Шаҳар ва туманларда ноқонуний равишда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган ва ҳайдовчилар томонидан йўлкира нархларини сунъий равишда оширишнинг олдини олиш мақсадида Андижон вилоятида махсус рейд тадбирлари ўтказилмоқда.

Вилоят прокуратураси, вилоят монополия бошқармаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, давлат солиқ бошқармаси ҳамда вилоят транспорт бошқармаси ходимларидан иборат таркибда 8 та рейд гуруҳлари шакллантирилиб, Андижон вилоятининг муайян ҳудудларига бириктирилди.  

Қўшма рейд тадбирлари давомида лицензиясиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланаётган, автотранспорт воситасини техник кўрикдан ҳайдовчилари эса тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда йўналишларга чиқиб фаолият юритаётган, шунингдек йўлкира нархларини асоссиз равишда ошириб олган ҳайдовчиларга нисбатан тегишли тартибда чоралар кўрилмоқда.

Бундан бироз муддат аввал турли ижтимоий тармоқларда Андижон давлат университети талабалари шаҳардаги 222- йўналиш “Пистамозор – Марказий шаҳар шифохонаси” ва 75- йўналиш “Андижон давлат университети – Янгибозор” ҳайдовчилари томонидан йўлкира нархи ассосиз равишда ошириб олингани борасида хабарлар тарқалган эди. Андижон вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Ўткир Машрапов рейд тадбирларида шахсан ўзи қатнашиб, юқорида айтилган йўналишда фаолият олиб бораётган ҳайдовчилар билан учрашиб тушунтириш ишларини олиб борди.  

2019 йилнинг 12 декабрь куни Андижон шаҳрида ўтказилган қўшма рейд тадбирида жаъми 21 нафар лицензиясиз ноқонуний фаолият кўрсатаётган ҳайдовчилар аниқланиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Шунингдек, 5 нафар ҳайдовчилар техник ва тиббий кўриклардан ўтмаганлиги, 36 нафари белгига амал қилмаганлиги, 31 нафари йўловчи ташиш қоидасини бузганлиги ва 9 нафари йўл кира нархларини ўзбошимчалик билан ошириб олганлиги учун, жаъми 102 та маъмурий баённомалар тузилди.