Йўлингиз бехатар бўлсин!

Йўлингиз бехатар бўлсин!

#19_май_Ўзбекистон_кончилик_ва_металлургия_саноати_ходимлари_куни


Абдураҳмон Мамадов, (чапдан биринчи) ҳамкасблари билан

 "Автомобиль-технологик тарнспорти" филиалининг 3-автобазасида ўз касбинининг устаси бўлган тажрибали ҳайдовчилар кўп. Абдураҳмон Мамадов ана шундай кончи-ҳайдовчилардандир. У кўп йиллардан буён “Нексия” русумли автомашина рулини бошқариб келади.


Абдураҳмон Мамадов 1973 йилда кончилар оиласида туғилган, мактабни тугатгач шаҳардаги 10-сонли ҳунар билим юртида ўқиди ва бир йилча кўмир конида экскаватор машинистига ёрдамчи вазифасида ишлади. Кейин “Ўрта Осиё кўмир” комбинати автобазасида автомеханик бўлди. Ўн икки йил давомида “КрАЗ" ва “МАН” оғир юк машиналари рулини бошқарди. Мана, уч йилдирки, "Автомобиль-технологик транспорти" филиалида енгил автомашина ҳайдовчиси.

– Отам Ғулом “Ангрен” конида 45 йил экскаваторчи бўлиб ишлади. Биз фарзандлардан кўпчилигимиз ота изидан бордик. Акаларим, синглим, жиянларим бугунги кунда кўмир саноати корхоналарида турли касбларда самарали меҳнат қилиб келишмоқда, – дейди Абдураҳмон Мамадов.

Тажрибали ҳайдовчи Ҳасан Саидқулов автобазада “Кобальт” русумли автомашинани бошқаради. Умумий иш тажрибаси қирқ беш йил. У 1963 йилда Жигаристон қишлоғида кўп болали кончи оиласида туғилган. Падари Маматқул ота “Ангрен” конида бульдозерчи бўлиб ишлаган. Қаҳрамонимизнинг беш укаси ҳам бутун умрини Ангрендаги кўмир саноати корхоналарида ишлашга бағишлаган.

Ҳ.Саидқулов шаҳар автомактабни тамомлаб, 1983 йилда “Москвич” машинаси рулига ўтирди ва дастлаб Ангрен шаҳар гўшт комбинати директорига ҳайдовчилик қилди. У бу лавозимда корхона ўз фаолиятини тугатган 1994 йилгача 11 йил ишлади. Кейин “Ўзбекрезинотехника” ИЧБда ҳайдовчи бўлди. Мана, саккиз йилдирки, “Автомобиль-технологик транспорти” филиалида фаолият кўрсатиб келмоқда. Бошқарувидаги машина жамият бош ҳисобчисига бириктирилган. 

– Мен том маънода кончилар сулоласи вакилиман, дея оламан, – дейди биз билан суҳбатда Ҳ. Саидқулов. – Албатта кончи деганда қўлига кирка олиб кўмир қазувчиларни тушуниш унчалик тўғри эмас. Жамиятимизда 6 минг киши ишлайди ва кўмир қазувчиларга автомобиль ва темир йўл транспорти хизмати кўрсатувчилар, кончи-энергетиклар, таъминотчилар, кончи-қурувчилар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Барчасининг иши бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ва фаолиятлари мақсади кўмир қазиб олиш ва истеъмолчиларга етказиб беришга қаратилган.


Биз кўмир саноати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кончи-ҳайдовчиларга йўлингиз ҳамиша бехатар бўлсин, деймиз!

 

Диана АНДРЕЕВА,

"Улуғ йўл" газетаси мухбири

"Ўзбеккўмир" АЖ Ахборот хизмати

 


Report Page