Йўл равон ва бехатар бўлганига нима етсин?!

Йўл равон ва бехатар бўлганига нима етсин?!

Buxoro.uz

Ўйдим-чуқурга кон носоз йўл манзили сари ошиққан йўловчини нафақат кайфиятини бузиб, манзилидан кечикишига сабаб бўлади, балки турли хавф-хатарга, оқибати нохуш автоаварияларга сабаб бўлиши ҳам ҳеч гап эмас. Транспорт воситаси кун сайин ортиб бораётган юртимиз йўлларида ҳар ойда содир бўлаётган оғир йўл транспорт ҳодисалари, минг афсуски, ўзимиз гувоҳ бўлаётган бахтсиз ҳодисалар, фожиалар ва уларда ҳаётдан эрта кўз юмаётганларнинг аянчли тақдири бу фикримизга далил. Шу боис вилоят Автомобил йўллари ҳудудий бош бошқармаси томонидан ҳам айни кунда йўллар равонлигини таъминлаш, маҳалла ва қишлоқлар ички йўлларини таъмирлашда эътиборга лойиқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу кунларда вилоятнинг ҳар бир туманидаги йўлсозлар корхонаси томонидан йил аввалида тузилган манзилли ўрганишлар дастурига мувофиқ ишлар олиб борилмоқда.  Жумладан, Бухоро туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси томонидан “Шергирон” МФЙ Дехимиёна қишлоғининг кўп йилдирки, таъмирталаб аҳволдаги йўлининг 1,3 километри кенгайтирилиб, шағал бостирилгани аҳоли учун ҳам айни муддао бўлди. Бу ишда автогрейдер, зичловчи каток, 10 та юк ташувчи автомашина, сув сепиш автомашинаси жалб қилинди ва 1 минг 700 тонна кум–шағал аралашмаси сарфланган.

Худди шундай, Когон тумани йўлсозларининг ўндан ортиқ кишилик механизациялашган жамоаси аҳолидан тушган мурожаатларга жавобан бир неча кундирки, “Чолоқи” МФЙнинг Қаллиқон кўчасида таъмирлаш ишларини олиб бормоқда. Мазкур участкада ҳозирга қадар 500 метр йўл қисмини рисоладагидай асфальтлаштиришга жами 254 тонна зарур хом ашё ўзлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Шофиркон тумани йўлсозлари томонидан шу кунларда “Бобоҳайдар” МФЙ Региён қишлоғи ички хўжалик йўлининг 240 метр қисми талаб даражасида асоси тайёрланиб, асфальтлаштириш ишларида 120 тонна асфальт-бетон маҳсулоти бостирилган.

Тумандаги “Талисангобод” МФЙнинг Жилвон чўлига туташган Чақар қишлоғида ҳам 0,8 километр йўл қисми кенгайтирилиб, асфальтл ётқизиш ишлари якунланган.  Асфальтлаштириш ишларида каток, укладчик, ўнга яқин юк ташувчи автоулов жалб қилиниб, ўндан ортиқ ишчи-мутахассис кучи билан 390 тонна асфальт ётқизилган. Шу қаторда куни кеча "Жўшўра" МФЙда ички йўлнинг 0, 65 километр қисми ҳам қайта таъмирланиб, 340 тонна асфальт ётқизилгани қишлоқ аҳолиси мушкулини осон қилди.   

Вилоятнинг чекка Олот туманида ҳам "Обод қишлоқ” дастури доирасида Давлатбой МФЙ Зиёлилар 1-тор кўчасида 242 тонна асфальт ташиб келтирилиб, 500 метр ички йўл асфальтлаштирилди. Шунингдек, "Халифа" МФЙнинг Кулоллар кўчасида, 8-мактабгача таълим ташкилоти бўйлаб ўтган кўчанинг 300 метри асфальтлаштирилиб, 170 тонна хом ашё харж қилинган. Ҳозирги вақтда олис ҳудуд––“Қирлишон” МФЙдаги Бўраланг 1-тор кўчасида ҳам ярим километрга яқин йўлни асфальтлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса шуки, тобора шаклланиб бораётган маҳалла ва қишлоқлар инфратузилмасида шубҳасиз, йўл алоҳида ўрин тутади ва бу борада аҳолига етарли қулайлик яратиш мақсадида вилоят йўлсозлари томонидан бор куч ва имконият ишга солинмоқда. Зеро, йўловчию ҳайдовчилар сафари ҳар қандай нохушлик ва оворагарчиликлардан холи бўлганига нима етсин ?! 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати   

Report Page