Ижтимоий тармоқларда Узун туманида пенсия ёшидаги ўқитувчи собиқ ўқувчилари томонидан калтаклангани ҳақида тарқаган хабар ўрганилди
Ички ишлар вазирлигиШу йилнинг 9 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун тумани “Чақар” маҳалласида яшовчи, фуқаро Хасанова Мунавварани маҳалладошлари яъни, шу маҳаллада яшовчи фуқаролар Қ.С. ва Ю.Ж.лар уриб тан жароҳати етказганлиги ҳақида Узун тумани Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисмига Узун тумани тиббиёт бирлашмасининг тиббиёт хабарномаси келиб тушган. Мазкур хабарнома шу куннинг ўзида рўйхатга олинган.
Ҳолат юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатларига кўра, жорий йилнинг 8 июнь куни соат 21.30 ларда Узун тумани “Чақар” маҳалласида яшовчи, фуқаро Ю.Ж. ва Қ.С.лар спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида, шу маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаро Хасанова Мунавваранинг яшаш уйига боришган. Унинг яшаш уйи олдида жойлашган, фаолияти 2018 йил декабрь ойидан буён тўхтатилган озиқ-овқат дўкони ёпиқ эканлигини кўра била туриб, спиртли ичимлик сотишини сўраб, унинг ўғли билан тортишиб турганлигини эшитиб, Хасанова Мунаввара уйидан чиқиб келган. М.Хасанова фуқаролар Ю.Ж. ва Қ.С.ларга дўкон ёпиқ эканлигини тушунтириб, кетишларини сўраганида, фуқаро Ю.Ж. М.Хасанованинг юзига бир маротаба қўли билан мушт тушириб, унга тан жароҳати етказганлиги аниқланган.
Ҳозирда фуқаро М.Хасановага нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган бўлиб, терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Текширув натижалари юзасидан қўшимча хабар берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси