Ижтимоий тармоқлардан бирида “Навоийда ҳам ўқитувчи калтакланди. Масалани ёпди-ёпди қилишмоқчими?” сарлавҳаси остида берилган постга Навоий вилоят халқ таълими бошқармасининг расмий

Ижтимоий тармоқлардан бирида “Навоийда ҳам ўқитувчи калтакланди. Масалани ёпди-ёпди қилишмоқчими?” сарлавҳаси остида берилган постга Навоий вилоят халқ таълими бошқармасининг расмий

 

МУНОСАБАТИ

Кейинги пайтларда ўқувчиларнинг ота-оналари томонидан арзимаган баҳоналар ёки ўқитувчининг ўз вазифасини бажариш чоғидаги тўғри танбеҳи, ички тартибга чорловини нотўғри талқин қилиб, дўппослаш, нафсониятига тегиш, ҳақорат қилиш, шаънини ерга уриш ҳолатлари учраб турибди. Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 33-умумтаълим мактабида содир этилган ўқитувчининг дўппосланиши ҳолати вилоят аҳлини ҳаяжонга солгани бежиз эмас. Иморатлар ичида энг улуғи бўлган мактабга бориб, касблар орасида шарафлиси бўлган ўқитувчиларнинг вакилини ҳақоратлаш жоҳиллик белгиси, холос.

Жорий йилнинг 5 май куни Навбаҳор тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 33-умумий ўрта таълим мактабида директор олди ҳузурида йиғилиш ўтказилаётган вақтда шу таълим муассасасининг 10-синф ўқувчиси Хақназарова Моҳинур Низом қизининг онаси Навбаҳор тумани, “Пахтакор” кўчасида яшовчи фуқаро Адизова Хилола Мўминовна таълим муассасасига, директор олди йиғилишига рухсатсиз кириб, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Қодирова Дилбар Юсуповнага нисбатан кескин ҳаракатлар қилиб, уни сочидан тортиб, таълим муассасаси залида (фойесида) уни урган. Таълим муассасаси педагог ходимларининг аралашувига қарамасдан Д.Қодировага нисбатан тан жароҳати етказган.

Натижада Д.Қодировага тез тиббий ёрдами кўрсатилиб, туман марказидаги шифохонага жойлаштирилган.

Таълим муассасасида содир этилган мазкур ҳолат туман халқ таълими бўлими ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан ўрганилганда, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Қодирова Дилбар Юсуповна фуқаро Адизова Хилола Мўминовнага нисбатан ҳеч қандай қалтис ҳаракат содир этмаганлиги, Х.Адизованинг фарзанди 33-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Хақназарова Моҳинурни мактаб формасида келиши юзасидан огоҳлантирилганлиги фуқаро Х.Адизова томонидан ушбу ҳаракатларни содир этишига сабаб бўлганлиги аниқланди.


Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи М.Шамуратов Навбаҳор туман тиббиёт бирлашмасига бориб, жабрланувчи Д.Қодирова билан учрашди ва масалага ойдинлик киритиш учун шахсан суҳбатлашди. Суҳбат асносида ҳолатдан хабардор бўлгач, 33-умумтаълим мактабга бориб, педагогик жамоа билан учрашув ўтказди. Ўқитувчилар ҳамда техник ходимлар билан бўлган суҳбатда Д.Қодирова томонидан ўқувчига нисбатан ҳеч қандай босим, шаънига тегувчи ҳаракатлар содир этилмагани аниқланди. Шундан сўнг бошқарма бошлиғи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этиб, масалани узил-кесил адолат нуқтаи назаридан кўриб чиқиш, айбдор шахсни қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортиш шартлигини билдирди. Шунингдек, мазкур ҳолат “Пахтакор” маҳалласи фуқаролари ва фаоллар иштирокида муҳокама қилиниши белгилаб олинди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардан ўқитувчини калтаклашда айбдор деб топилган шахсларни Қонун доирасида жавобгарликка тортиб, келгусида бошқа шахсларга ҳам дарс бўлиши учун бу ҳақда жамоатчиликка маълум қилишларини сўраб қолади.

 

 

 

 

 

 

 



Report Page