Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан муносабат

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан муносабат


2022 йил 24 август куни соат тахминан 08.30 ларда фуқаро Т.Э. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомашинасини “Қарши- Талликурон-Жейнау-Помуқ” автомобиль йўлидан Қарши шаҳри томон бошқариб бориб, ушбу йўлнинг Қарши тумани “Талликурон” МФЙ ҳудудидан ўтган 10-11км. оралиғида йўлни чап томонидан ўнг томонига югуриб кесиб ўтаётган вояга етмаган У.М.ни автомашинасини олд чап томони билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.

Натижада вояга етмаган У.М. тан жароҳати олиб, ҳодиса жойда вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Қарши туман ИИБ навбатчилик қисмида қайд этилиб, шу вақтнинг ўзида ҳодиса содир бўлган жой Қарши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов тезкор гуруҳи томонидан кўздан кечирилган. Кўздан кечириш давомида, “Ласетти” русумли автомашинада мавжуд қайд этиш видео камераси процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур йўл-транрспорт ҳодисаси бўйича ҳақиқий ҳолатни аниқлаб, қонуний қарор қабул қилинишини таъминлаш мақсадида 24.08.2022 йилда Қарши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича фуқаро Т.Э.га тегишли бўлган “Ласетти” русумли автомашинани қайд этиш видео камерасининг хотира чипи кўздан кечирилганида, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлишига қадар вояга етмаган У.М. йўлнинг Касби тумани йўналиши бўйича четида қариндошлари Х.С. ва вояга етмаган Т.З. билан бирга турган ва у Касби тумани йўналиши томон ҳаракатланган “Ласетти” русумли автомашинани ўтказиб юбориб, қарама-қарши, яъни Қарши шаҳар йўналиши томон ҳаракатланиб бораётган фуқаро Т.Э. бошқарувидаги автомашинани келаётганига эътибор қаратмасдан (ўтказиб юбормасдан) йўлнинг нариги томонига ўтиш учун югурганлиги оқибатида ҳайдовчининг ҳаракат йўналишида йўл-транспорт ҳодисаси содир этилгани аниқланди.

Жиноят иши бўйича судга оид тиббиёт ва автотехник экспертизалари тайинланган.

Х.С.Сулаймонова номидаги Республика Суд экспертиза маркази Қашқадарё вилоят бўлимининг 21.09.2022 йилдаги экспертиза хулосасида:

- “Ласетти” русумли автомобиль кўздан кечирилганда тормоз тизими, рул бошқаруви техник жиҳатдан ишга яроқли ҳолатда;

- вояга етмаган пиёда йўлнинг чап қисмида ҳаракатини бошлаб, уни автомобиль уриб юборган жойгача 1,0 секунд вақтда босиб ўтган бўлса, “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси тормоз бериш йўли билан ҳодисани олдини олиш техник имкониятига эга бўлмаган;

-“Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчиси қарорда кўрсатилган тезликда ҳаракатланиб, йўналиши бўйича чапдан ўнгга югуриб чиққан вояга етмаган пиёдани 10,0 метр узоқ масофадан кўриб, тормоз бериш йўли билан ҳодисани олдини олиш учун техник имкониятига эга бўлмаган;

- ушбу вазиятда “Ласетти” русумли автомобиль ҳайдовчисининг ҳаракатлари “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 77-банди талабларига мос бўлган.

Ижтимоий тармоқ орқали мурожаат қилган марҳум вояга етмаган У.М. нинг отаси М.Н. йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган йўлда 3.24 (30 км/соат тезликдан юқори тезликда ҳаракатланиш тақиқланади) йўл белгиси ўрнатилган бўлишига қарамасдан, ҳайдовчи катта тезликда келиб, ўғлини уриб юборганлигини маълум қилган.

Бироқ, ушбу йўлга хизмат кўрсатувчи “Қашқадарё йўлларидан мунтазам фойдаланиш” УКнинг маълумотномасида, 4Р-92 “Қарши- Талликурон-Жейнау-Помуқ” автомобиль йўлининг Қарши тумани “Талликурон” МФЙ ҳудудидан ўтган 10-11км.да 3.24 (30 км/соат тезликдан юқори ҳаракатланиш тақиқланади) йўл белгиси 2022 йилнинг 5 сентябрь куни, яъни ҳодиса содир бўлган кундан кейин ўрнатилгани қайд қилинган.

Фуқаро Т.Э. ҳаракатларида жиноят аломатларини борлигини кўрсатувчи далиллар аниқланмганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми қўзғатилган жиноят иши 29.09.2022йилда Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-қисмига асосан тугатилган.

Жиноят иши туман прокуратураси томонидан 08.10.2022 йилда назорат тартибида ўрганиб чиқилиб, Қарши туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмасининг жиноят иши тугатиш тўғрисидаги қарори асосли деб топилган.



Report Page