Ижтимоий тармоқларда билдирилган Ўзбекистонда дарахт экиш оммавий акциясини ўтказиш таклифи юзасидан

Ижтимоий тармоқларда билдирилган Ўзбекистонда дарахт экиш оммавий акциясини ўтказиш таклифи юзасидан

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда кенг жамоатчилик иштирокида оммавий дарахт этиш акциясини ташкил этиш таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва ушбу масала юзасидан қуйидагиларни маълум қилади:

Бугунги кунда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати фуқаролар, шу жумладан хориждаги ватандошлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган қатор умуммиллий тадбирлар ўтказиш устида иш олиб бормоқда. Хусусан, “Орамиздаги қаҳрамонлар”, “Халқ бирдамлиги куни”, “Бир миллион дарахт”, “Мен учун қадрли” каби лойиҳаларни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, мутасадди вазирлик ва идоралар, манфаатдор халқаро ташкилотлар, хусусий компаниялар вакиллари билан музокаралар ўтказилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида экилиши режалаштирилган кўчатлар турлари, тадбирни ўтказиш учун қулай пайт, майдонлар, уларни келгусида парваришлар каби қатор масалалар юзасидан ўрганишлар олиб борилди.

Бунда дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан Бельгия, Миср, Польша, Исроил, Қозоғистон, Корея Республикаси, Япония ва бошқалар давлатларда амалга оширилган бу каби акциялар яқиндан ўрганилди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан жорий йилнинг март ойида ўтказилган “Яшил ташаббус” акциясининг ижобий тажрибаси ҳам инобатга олинди.

Акциянинг муҳим жиҳати сифатида тадбирларни фақатгина ихтиёрийлик ва кўнгиллилик асосида ташкил этиш, аҳолининг фуқаролик позициясини намойиш этиши учун шароит яратиш белгилаб олинган.

Шу муносабат билан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати барча манфаатдор томонлар, шу жумладан фаол фуқаролар, жамоат ва халқаро ташкилотлар, бизнес ҳамжамияти вакилларини “Бир миллион дарахт” акцияси доирасида ҳамкорликка чорлайди.

Таклифлар ҳаракатнинг Telegram`даги расмий боти (@yuksalishuzb_bot) ёки электрон манзили (info@yumh.uz) орқали 2019 йилнинг 1 сентябрига қадар билдирилиши мумкин.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати матбуот хизмати