Ижтимоий тармоқдаги видеомурожаат
Наманган вилоят адлия бошқармасиБугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган мурожаатлари ҳам адлия идоралари ходимларининг эътиборидан четда қолмаяпти.
Биргина мисол, Мингбулоқ туман адлия бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг 7-8 октябрь кунлари Мингбулоқ туманида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг Facebook ижтимоий тармоғи орқали қилган видеомурожаатларида кўрсатилган ҳолатлар атрофлича кўриб чиқилди.
Жумладан, видеомурожаатдаги бир ҳолатда Мингбулоқ туманида “Обод марказ” дастури доирасида турар ва нотурар бино-иншоотлари бузилишга тушганлиги, бироқ бузилган турар-жойлар учун ер участкаси ва компенсация маблағлари ажратиб берилмаётганлиги маълум қилинган.
Бўлим томонидан мурожаатни кўриб чиқиш жараёнида аниқланишича, туман ҳокимининг 2019 йил 18 августдаги 4389-сонли қарори билан Жомашуй шаҳарчаси ҳудудида Озодлик ва Э.Ўрманов кўчаларида жойлашган турар жой ҳамда савдо, маиший ва хизмат кўрсатиш объектларини тўлиқ ёки қисман бузилиб, замонавий лойиҳалар асосида қайта қуриш белгиланган ва унга кўра йигирмадан ортиқ фуқароларнинг турар жойлари бузилишга тушган.
Туман ҳокимининг 2019 йил 1 июндаги 4073-сонли қарорига асосан турар жойлари бузилишга тушган 5 нафар фуқарога 0,04 га дан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер майдонлари ажратилган бўлсада, қолган фуқароларга шу пайтга қадар тенг миқдорда ер участкаси ажратиб берилмаган ҳамда етказилган зарар қиймати мулкдорларга тўлаб берилмаган.
Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 8 ва 26-бандларида давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаси олиб қўйилиши оқибатида юридик шахсларга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилиши ёки кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва етказилган зарарлар тўлиқ қопланиши лозимлиги кўрсатилган.
Мурожаатни кўриб чиқиш якуни бўйича ушбу ҳолат юзасидан Мингбулоқ туман адлия бўлими томонидан туман ҳокимлигига турар жойлари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган 14 нафар фуқароларга белгиланган тартибда ер майдонлари ажратиб бериш, 15 нафар фуқарога компенсация маблағларини ажратиб бериш чораларини кўриш тўғрисида жорий йилнинг 8 октябрь куни тақдимнома киритилган.
Адлия бўлимининг тақдимномасида кўрсатилган қонунбузилиш ҳолатлари ҳокимлик томонидан тўлиқ бартараф этилиб, Мингбулоқ туман ҳокимининг 2019 йил 23 октябрдаги “Жомашўй шаҳарчаси ҳудудида “Обод марказ” Дастури ва шаҳарча бош режасига мувофиқ турар-жой ҳудудидаги бўш ер майдонларини қисман давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши муносабати билан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиш тўғрисида”ги 4695-сонли қарорига асосан 14 нафар фуқарога 0.04 гетардан жами 0.56 га ер майдони ажратилиши ҳамда 15 нафар фуқарога баҳолаш ҳисоботида белгиланган жами 1 223 764 680 сўм миқдордаги етказилган зарар қиймати тўланиши таъминланди.
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими