Ижтимоий тармоқдаги “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси проректори докторантлар билан ёвлашди” номли хабар юзасидан раддия берилди

Ижтимоий тармоқдаги “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси проректори докторантлар билан ёвлашди” номли хабар юзасидан раддия берилди

Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси

Ижтимоий тармоқдаги “Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси проректори докторантлар билан ёвлашди” номли хабар юзасидан қуйидагилар маълум қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 майдаги 304-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълимдан кейинги таълим тўғрисида”ги Низомнинг 2-банди бешинчи хатбошиси ҳамда 2023 йил 6 апрелдаги 143-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ни Низомнинг 2-бандига кўра, таянч докторантура фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига даъвогар изланувчилар учун ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ташкил этиладиган олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар ихтисослиги бўйича олий таълимдан кейинги таълим шаклидир.

Шунингдек, хабарда таъкидлаб ўтилган Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг 2023 йил 31 январдаги 01/00-02/12-573-сонли хатида ҳам таянч докторант ва докторант иш берувчи билан келишган ҳолда ўқишдан бўш вақтда ишлашлари мумкинлиги қайд этилган ва шу билан ҳам докторантлар мустақил изланувчилардан фарқ қилади.

“Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандида Академия докторантлари ҳафтасига 10 соатдан ошмаган ҳажмда соатбай тартибидаги педагогик фаолият билан шуғулланишлари мумкинлиги назарда тутилган бўлиб, Академияда ҳам докторантларга ўқишдан бўш вақтда ишлашга имкон берилаётганлигини кўрсатади.

Хабарда келтирилгани каби, таянч докторантлар ишлаётганлиги учун ёки ҳар куни Академияга келмаётганлиги учун эмас, балки “Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 51, 52, 53-бандлари асосида ташкил этилган мониторинг якунларига кўра, яъни ўзнинг якка тартибдаги иш режаларини ўз вақтида ва лозим даражада бажармаганлиги учун мазкур низомнинг 54-бандига мувофиқ таянч докторантурадан четлатилган.

Қолаверса, мазкур таянч докторантларнинг четлатилиши бир шахснинг хоҳиш-иродаси билан боғлиқ бўлмай, қисқа муддатда ёки бир маротаба ички тартиб-қоидани бузганлиги учун эмас, аксинча бу борада уларга бир неча маротаба оғзаки ва ёзма огоҳлантириш, айрим таянч докторантларга эса “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилганидан сўнг ҳам тўғри хулоса чиқарилмагач, коллегиал тарзда шундай қарор қабул қилинган.

Хабарда “... у ҳар куни йўқлама асосида докторантлар келган-келмаганини текширади” дейилган. “Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси докторантлари учун ички тартиб қоидалари”нинг докторантлар мажбурияти назарда тутилган 9-бандида докторантлар Академияда белгиланган иш вақтига мутаносиб равишда ўзлари бириктирилган таркибий тармоқда илмий-ўқув фаолияти юритишлари назарда тутилган.

Шунингдек, докторантлар илмий фаолият билан боғлиқ бўлмаган ишлар билан банд деган важ билан мутлақо келишиб бўлмайди. Академияда докторантлар учун илмий ишларни амалга оширишга кўмаклашиши мақсадида ҳар ҳафта “Фан соати” доирасида олимлар, амалиётчилар, шунингдек ОАК экспертлари иштирокида илмий баҳс-мунозаралар ўтказилади. Шунингдек, докторантларнинг маънавий-маърифий, маданий, илмий ва бошқа тадбирларда, шунингдек, конференциялар, семинарлар, учрашувлар, илмий баҳс-мунозараларда ва бошқа тадбирларда иштирок этишлари Низомда ўз ифодасини топган. Академияда докторантлар ўзлари бириктирилган тармоқларда илмий-тадқиқот ишини олиб бориши учун барча имкониятлар яратилган (замонавий кутубхона, электрон таълим ресурслари ва ҳ.к.). Аксарият таянч докторантлар бундан унумли фойдаланиб, диссертация ишларини муваффақиятли ҳимоя қилиб, турли идоралар, хусусан, Академияга ишга қабул қилинмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясида олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилиш ва ўқитишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом”нинг 59-бандида таянч докторантура ёки докторантурадан четлатилган шахслар бир ой ичида уларга тўланган стипендиянинг тўлиқ миқдорини қоплашлари шартлиги, акс ҳолда ушбу сумма қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда, шу жумладан суд тартибида ундирилиши қатъий белгиланган.

Report Page