Ижтимоий тармоқда “Бунақаси фақат киноларда бўларди” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот
ИИВ ЙҲХББЖорий йилнинг 23 ноябрь куни ижтимоий тармоқда “Бунақаси фақат киноларда бўларди” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 21 ноябрь куни соат 21:50 ларда, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ инспектори Н.Дусебаев “Қорақамиш 1 – Қорақамиш 2” кўчалари кесишган чорраҳада хизмат олиб бораётган вақтида “Ласетти” русумли, давлат рақам белгиси 01 Р 515 РA бўлган автомобиль ҳайдовчиси светофорнинг таъқиқловчи қизил чироғида ҳаракатланганлиги боис жезль ва хуштак ёрдамида тўхташ ишорасини берган.
Ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ҳаракатини давом эттирган. ЙПХ ходими қоидабузар ҳайдовчининг ҳаракатини чеклаш мақсадида ўзига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган “Ласетти” русумли, 01 569 VSC давлат рақам белгили хизмат автомашинасида кузатиб борган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида “Ласетти” русумли автомобиль тўхтатилган ва ҳайдовчи, 1999 йилда туғилган А.Б.га нисбатан белгиланган тартибда баённома тузилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Барча ҳайдовчилардан тартибга солувчи ва светофорнинг ишораларига амал қилишларини, ўзи ва ўзгалар саломатлигини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати