Ижтимоий кўмакка муҳтож 50 нафардан зиёд хотин-қиз замонавий кўп қаватли уйдан хонадонга эга бўлди

Ижтимоий кўмакка муҳтож 50 нафардан зиёд хотин-қиз замонавий кўп қаватли уйдан хонадонга эга бўлди


Уйи, бошида бошпанаси йўқ кишида ҳаловат бўлмаслиги рост. Орамизда эҳтиёжманд, кам даромадли оилалар ҳам борки, яшаш учун жой қилишга моддий имконияти етмайди.

Юртимизда яратилган янги тизим эса кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган кишиларга, айниқса, оғир ижтимоий шароитга тушиб қолган аёлларга ижтимоий кўмак кўрсатиш, уй-жой билан таъминлашни самарали ташкил этишга қаратилган.
Бугун Қарши шаҳрида бўлиб ўтган тадбирда юқоридаги фикр амалда яна бир бор ўз исботини топди. Узоқ вақт бошпанасизликдан қийналган 50 нафардан зиёд хотин-қиз, ногиронлиги бор кишиларга Қарши маҳалласида яқинда қуриб битказилган арзонлаштирилган кўп қаватли уйлардан янги хонадонлар калитлари тантанали топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган маросимда сўз олганлар айни жабҳада Президентимиз юритаётган сиёсат моҳияти ва ҳозирги кундаги амалий натижаси ҳақида фикр билдиришди.


Меҳмонлар, жумладан, кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида уйга эгаликни тасдиқловчи сертификат ва янги хонадон калитлари ўз эгаларига берилди.

Дилором Шодиева 2-гуруҳ ногирони бўлиши билан бирга фарзандини ёлғиз ўзи тарбия қилмоқда. Уйи йўқлиги сабаб кўп вақт ижарада яшашга мажбур бўлган. Ўтган кунларидан яхши хотира қолмаган ҳар ҳолда. Бугун у ҳам шинам ва барча қулайликларга эга хонадонлардан бирининг соҳибасига айланди.

Тадбир асносида меҳмонлар кўп қаватли уйда яратилган шароитлар билан танишишди. Янги хонадон соҳибларини қутлашиб, бу уйларда энг яхши дамларни ўтказишига тилакдош бўлишди.

Эстрада хонандалари ижросидаги концерт дастури маросимга янада шукуҳ қўшди.

Қайд этиш жоиз, 50 нафардан зиёд хотин-қизга топширилган мазкур хонадонлар умумий қийматининг 10 фоизи давлатимиз томонидан тўлаб берилди.

Қарши шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

 



Report Page