Ит ва мушукларни сақлаш қоидаларини биласизми?
@huquqiyaxborotКўп қаватли уйдаги хонадонда ит ва мушук сақлаш учун қўшнилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилигини олиш лозим.
Фуқароларга итлар ва мушукларни сақлашда қуйидагилар тақиқланади:
- умумий фойдаланиладиган жойларда: зинапоялар, чердаклар, ертўлаларда, шунингдек ошхоналар, балконлар ва умумфойдаланишдаги пешайвонларда сақлаш;
- қўриқчи итларни таълим ва тиббиёт муассасаларида сақлаш;
- умумий овқатланиш жойларига, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа дўконларнинг савдо ва ишлаб чиқариш залларига олиб кириш;
- кўпчилик борадиган жойларда (пляж, ҳовуз, фаввораларда ва ҳоказоларда) чўмилтириш ёки ювиш;
- маст ҳолатдаги шахслар ва 14 ёшдан кичик болаларнинг итларни сайр қилдириши;
- ит ва мушукларни ташлаб кетиш, жароҳат етказиш, қаровсиз қолдириш, озор бериш ёки жисмоний ва маънавий азоб бериш, ўлишига ёки жароҳатланишига олиб келган ҳаракатларни, уларга нисбатан бошқа йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатларни содир этиш;
- санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларининг рухсатисиз болалар муассасаларининг зоология бурчакларида сақлаш.
Бундан ташқари итлар билан жамоат жойларида бўлиш ва жамоат транспортига чиқиш ҳам тақиқланади.
Итлар ва мушукларни транспортнинг жамоат транспортидан бошқа барча ер усти турларида олиб юришга рухсат берилади.
Кичик итлар ва мушуклар жамоат транспортида уларнинг соғлиғига хавф солмайдиган ва қочиб кета олмайдиган кўчма қурилмаларда, шунингдек йўловчиларнинг хотиржамлиги бузмайдиган ҳолда олиб юриш мумкин.
Итлар очиқ жойларда ёки бунинг учун махсус ажратилган майдонларда сайр қилдирилади, бу ерлар ҳар доим озода сақланиши керак.
Итнинг эгаси ит қочиб кетмаслиги ёки одамлар ёки бошқа ҳайвонларга ҳужум қилмаслиги чораларини кўриши зарур.
Ит бўйинбоғига жетон маҳкамланган ҳолда етовда олиб юриб сайр қилдирилиши, жетонда идентификацион рақами кўрсатилиши керак.
Ит очиқ жойларда сайр қилдирилганда у тумшуқбоғда ва 2 метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида 1 метргача узунликдаги етовда бўлиши керак, тумшуқбоғсиз ва етовсиз фақат махсус ажратилган майдонларда сайр қилдиришга рухсат берилади.