Ит ва мушукларни сақлаш қоидаларини биласизми?

Ит ва мушукларни сақлаш қоидаларини биласизми?

Дилмурод Ражабоев, Адлия вазирлиги масъул ходими

Инсоннинг атроф-муҳитга муносабати унинг тарбияси, қандай муҳитда ўсиб-улғаяётгани, ички олами ва умуман унинг ким экани ҳақида хабар берувчи энг муҳим сигналдир. Бу “хабар” бизга ўша одамнинг табиатга, хусусан, ҳайвонларга меҳри (ё қаҳри)ни кўрсатиб туради. Сўзимизни айни баҳор кунларида кузатиладиган бир ҳолат билан давом эттирамиз. Қутуриш касаллиги!

Маълумотларга қараганда ушбу касаллик дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларида қайд қилиниб, ундан Осиё, Африка ва Лотин Америкасида хар йили 66 мингдан зиёд, фақат Ҳиндистонда 30 минг одам ўлади. Демак, дунёда ҳар куни 180 киши, 8 дақиқада 1 киши қутуриш туфайли оламдан ўтади. Ер юзида 1 млн бошга яқин ҳар турли ҳайвонлар ўлиши кузатилади. Одамларнинг 96% и итлар орқали касалланади. Касаллик тарқаши фаслларга ҳам боғлиқ, айни баҳорда авж олиш нуқтасидан бири сифатида кузатилади.

Мазкур нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қуйида ит ва мушукларни сақлашнинг айрим ҳуқуқий жиҳатларига тўхталиб ўтамиз.

Биринчидан, уйларда итлар ва мушукларни сақлашда алоҳида талаблар бор.

Санитария-гигиена ва ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилиш итлар ва мушукларни сақлашнинг мажбурий шарти ҳисобланади.

Барча итлар, шунингдек улар билан бирга сақланадиган бошқа қутуришга мойил ҳайвонлар ҳам қутуришга қарши эмланиши шарт.

Кўп қаватли уйларда қўшниларнинг ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатининг розилиги билан биттадан ортиқ бўлмаган итни ва битта мушукни сақлашга рухсат берилади.

Алоҳида уйда итларни сақлашга фақат боғланган ҳолда сақлаш мумкин.

Иккинчидан, итларни сайр қилдиришда хавфсизлик қоидаларига риоя этиш шарт.

Итлар очиқ жойларда сайр қилдирилганда ва турар жой биноларида итларнинг эгалари тинчлик сақланишини таъминлашлари – эрталаб соат 8.00 гача ва кечқурун 22.00 дан кейин итларнинг вовиллашининг олдини олишлари керак.

Итлар очиқ жойларда ёки махсус ажратилган майдонларда сайр қилдирилади, бу ерлар ҳар доим озода сақланиши керак.

Ит бўйинбоғига жетон маҳкамланган ҳолда етовда олиб юриб сайр қилдирилиши керак. Ит очиқ жойларда сайр қилдирилганда у тумшуқбоғда ва 2 метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида 1 метргача узунликдаги етовда бўлиши керак.

Учинчидан, ит ва мушукларни айрим жойларда сақлаш мумкин эмас.

Хавфсизлик ва гигиена талаблари нуқтаи назаридан итларни ва мушукларни сақлашда қуйидагилар тақиқланади:

итлар ва мушукларни умумий фойдаланиладиган жойларда: зинапоя майдончалари, чердаклар, ертўлаларда, шунингдек ошхоналар, балконлар ва умумфойдаланишдаги пешайвонларда сақлаш;

қўриқчи итларни таълим ва тиббиёт муассасаларида сақлаш;

итлар ва мушукларни умумий овқатланиш корхоналарига, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа дўконларнинг савдо ва ишлаб чиқариш залларига олиб кириш;

итлар ва мушукларни кўпчилик борадиган жойларда (пляж, ҳовуз, фаввораларда ва ҳоказоларда) чўмилтириш ёки ювиш;

маст ҳолатдаги шахслар ва 14 ёшдан кичик болаларнинг итларни сайр қилдириши;

итлар ва мушукларнинг ўлишига ёки жароҳатланишига олиб келган итлар ва мушукларни ташлаб кетиш, уларга жароҳат етказиш, уларни қаровсиз ҳолда қолдириш, уларга озор бериш ёки жисмоний ва маънавий азоб бериш, уларга нисбатан бошқа йўл қўйиб бўлмайдиган ҳаракатларни содир этиш;

итлар ва мушукларни санитария-эпидемиология ва ветеринария хизматларининг рухсатисиз болалар муассасаларининг зоология бурчакларида сақлаш.

Тўртинчидан, ҳар бир ит рўйхатдан ўтказилиши керак.

Аҳоли пунктларида итларни рўйхатга олиш ва ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказишни ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари амалга оширади.

Рўйхатга олиш итларни дастлабки вакцинация қилишда амалга оширилади. Итларни рўйхатга олишда итларнинг эгаларига белгиланган тартибда итларни ветеринария паспорти берилади.

Ҳар йили қайта рўйхатдан ўтказиш итларни такроран вакцинация қилишда амалга оширилади. Бу ҳақда итларни ветеринария паспортига тегишли маълумотлар киритилади.

Маҳаллалар тегишли ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимларига итларни қутуришга қарши ўз вақтида вакцинация қилиш учун итларни сақлайдиган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни маълум қилади.

Кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутиш ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Унутманг юқоридаги қоидаларни бузиш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Соғлигимиз ва хавфсизлигимизга бефарқ бўлмайлик.

Дилмурод Ражабоев

Адлия вазирлиги масъул ходими


 


Report Page