Истироҳат боғларидаги 574 та аттракцион техник носоз деб топилди, уларнинг фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилди

Истироҳат боғларидаги 574 та аттракцион техник носоз деб топилди, уларнинг фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилди

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Малика Миржамолова маълум қилди.

https://t.me/aokamediakontent

✔️ 2022 йилнинг II чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ёқилғи-энергетика соҳаси ва саноатнинг базавий тармоқларини ривожлантириш масалалари департаментининг тегишли топшириғига биноан  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги мавжуд аттракционларни давлат назоратидан ўтказиш учун ҳудудлар кесимида маҳаллий ҳокимиятлар, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 100 дан ортиқ вакиллардан иборат жами 16 та ишчи гуруҳ тузилди.

Ишчи гуруҳлар томонидан республикадаги мавжуд 143 та маданият ва истироҳат боғларидаги 1879 та ҳар хил турдаги аттракционлар (кичик аттракционлар ҳам) қайта ўрганиб чиқилди.

Ушбу аттракционларнинг 450 га яқини истироҳат боғлари тасарруфида бўлса, қолганлари хусусий тадбиркорларга тегишли бўлиб шартнома асосида фойдаланилади.

Ўрганишлар натижалари бўйича 574 та техник носоз деб топилган аттракционлар фаолияти чекланиб, ишлатмаслик чоралари кўрилди.

  Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли далолатномалар расмийлаштирилиб, камчилик аниқланган аттракционларни фойдаланмаслик шарти ҳамда камчиликлар бартараф қилингунга қадар тўхтатиб қўйиш бўйича маҳаллий давлат органларига ахборотномалар ҳамда маданият ва истироҳат боғлари раҳбарларига 116 та тақдимнома берилди.

  Ўрганишлар жараёнида ҳар бир маданият ва истироҳат боғида ёнғин-қутқарув, тез тиббий ёрдам ва бошқа махсус техниканинг монеликсиз ҳаракатланиши учун шароит яратиш, фавқулодда вазиятларда фуқароларни эвакуация қилиш йўлларини ташкил этиш ва уларнинг доимий очиқ ҳолда бўлишини таъминлаш чоралари кўрилди.

Аттракционлар операторлари ва механиклар томонидан ўз вазифаларининг йўриқномаларда белгиланган тартибда амалга оширишлари, фуқаролар томонидан техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилиши қатъий назоратга олинди.

Ҳозирги вақтда маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар ва бошқа кўнгилочар масканларда, шу жумладан аҳоли яшаш жойлари ҳамда кўп қаватли уйлар олдидаги очиқ майдонларда турли аттракцион (батут)лардан фойдаланиш кескин ортгани инобатга олиниб, аттракционлардан фойдаланишда хавфсизликни таъминлаш чоралари янада кучайтирилди.

Ҳудудларда жойлашган маданият ва истироҳат боғларида ўрнатилган қўлбола, носоз ва ишлатишга яроқсиз ҳолатда деб топилган аттракционлардан фойдаланишни чеклаш чоралари кўрилди.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига маданият ва истироҳат боғлари аттракционларини эксплуатация қилиш борасидаги қонун ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилишини текшириш ваколатининг берилиши юзасидан шуни маълум қиламизки,

Қўмита томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари билан самарали мулоқот тизимини жорий этиш ва уларнинг ҳуқуқий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони лойиҳасининг тегишли қисмларига “Истироҳат боғлари аттракционларидан фойдаланиш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари ва техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш” бўйича Қўмита томонидан амалга ошириладиган назорат функциялари ва уларнинг муддати бўйича тегишли таклифлар берилди.

Шу билан бирга, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда “Аттракционлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, “project.gov.uz” тизими орқали манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ва Адлия вазирлигидан  ҳуқуқий экспертиза натижалари бўйича ижобий хулоса олинган ва Вазирлар Маҳкамасига киритилган.

Шунингдек, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг “Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат сифатида ишлаб чиқилган.

Мазкур лойиҳа “project.gov.uz” тизими орқали вазирлик ва идоралар билан келишиш учун юборилган.

Ҳозирда “Аттракционлардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳаси вазирлик ва идоралар томонидан билдирилган таклиф ва эътирозларни инобатга олган ҳолда Адлия вазирлигига киритиш учун қайта кўриб чиқилмоқда.

  Маълумот ўрнида, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг 2022 йил 16 мартдаги қарори билан “Аттракционлардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш қоидалари” қабул қилинди.

Report Page