@Istiqbol_sar

@Istiqbol_sar


ЯНГИ ОВОЗ.

(Ислом Али ижоди ҳақида)

   


Истеъдод Аллоҳ томонидан юқтирилмаса, бир сатр шеър битиш қийин, дейишади. Мен Ислом Али (Бобоқулов Ислом Алиқул ўғли) нинг шеърларини ўқир эканман, бу ижодкорга ҳақиқатан ҳам Аллоҳ берган экан, деган фикрга келдим. 

  Ислом Али кенгликлар фарзанди. Қўшработнинг кенг далаларида эркин қушдай яйраб улғайган йигит. Ижоди ҳам Қўшработнинг булоқларидай жўшқин, сойларидай тошқин. 

Яхши шеър битиш учун истеъдоддан ташқари, машаққатли меҳнат керак, дейишади. Истеъдод ва меҳнатдан ташқари, сизда етарлича билим ва кенг тафаккур бўлмаса, яхши шеър яратилмайди. Ислом Алининг шеърлари унинг истедодидан, меҳнаткашлигидан ва теран тафаккур соҳиби эканлигидан далолат беради. 

  Ислом Али шеърни зўрма-зўраки ёзмайди. Туйғулар новдан қуйилган сувдай қуйилиб келади. Сатрлар содда туюлади-ю, янгича топилмаларни ифода этиб туради, қўшқофиялар эгизакдай яратилиб, ўқирманни ҳайрат ва ҳаяжонга солади. 

  У айтар сўзини чўққида кўради: 

"Ҳуууув чўққида бор сўзим". Ислом Али сўзни қадрлайди, кичик сатрда катта гап айтишга интилади. 

" Ўзига ўхшамаган одам кимга ўхшайди", 

"Қисмат қийшайтириб эрмаклайдиган, Синмас бардоши бор Ислом Алининг", "Тубанликда ошналар бисёр, Чўққиларда бўлмайди душман", "Булутлар, май соғинг кўнглимга", "Қумурсқадай тизилар йиллар" каби сатрлари унинг бадиий салоҳияти юксаклигидан даракдир.

Ислом Али мураккабликдан қочади, халқона битади, эркин битади. Фалсафий тушунчаларни оддий сатрларга жойлай олади.

Ҳақиқий истеъдод соҳиби учун ҳар қадамда шеър мавжуд. Қўшработнинг кенг далаларидаги майсалар, тоғ бағридаги лолалар, бўлоқларнинг шилдир-шилдири, сойларнинг тошлари Ислом Али учун шеър. 

"Шеърни тош йўллардан топганлигим чин", дейди у "Қорақисмоқ" номли шеърида. Қорақисмоқ -- Ислом Алининг қишлағи.

Қорақисмоқ Ислом Алини шоир қилиб ўстирмоқда.

 Ислом Али боболар руҳидан мадад олади. 

"Руҳлар қўлламаса, ҳеч киммиз асли", дейди" Боболар руҳи" номли шеърида. 

Ишқ мавзуси Ислом Али ижодида ўзига хос тарзда ифода топади:

"Денгиз тўлқинига ўхшар қучоғинг, Мени оғушингга чўктир, азизим"."Сенинг бўсанг билан ўлай сўнгги бор", 

"Шоирлар жонини олгай фаришта, Сен ҳам фариштасан битта, Худога. 

Ислом Али бир шеърида:

"Мен ҳам узун битта ёзилган шеърман" дейди. Ўша узунлик унинг умрини, ижодининг умрини белгилаётгандай, назаримда. 

 Шеърларини ўқиб, унда дарвешоналик хислатларини туйгандай бўлдим. 


Гадоларга гадо, пешларга пешман, 

Нишман, қаҳратонда куртагин ёрган.

Соқоли ҳилпираб турган дарвешман, 

Ўзини унутиб, ўзига борган.


Ҳа, Ислом Али ижод чоғида ўзини унутади, ўзини илҳом парисига топшириб қўяди.

Мен Ислом Али ижодининг бир қисми билан танишдим, холос.

Ва шундай хулосага келдим: Ўзбек шеъриятига янги бир овоз кириб келмоқда. 


    Ҳасан Алматов.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.


🔖 Каналимизга қўшилинг ва яқинларингизни таклиф қилинг!

👇👇👇👇👇👇👇👇👇

https://t.me/Istiqbol_sari

Report Page