Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги қонунчилик янгиликлари

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишидаги қонунчилик янгиликлари

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда ўтказилган брифингда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори ўринбосари Аъзам Қурбонов мавзу юзасидан маълумот берди:

https://t.me/aokamediakontent

Агентлик томонидан 2 та асосий қонун ҳисобланган, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ва “Реклама тўғрисида”ги Қонунларни илғор хорижий тажрибани таҳлил қилган ҳолда такомиллаштириш бўйича 2 йил давомида кўплаб ўрганиш, таҳлил, муҳокама ва бошқа тадбирлар ташкил этилди.

Олиб борилган ишлар натижасида мазкур қонун лойиҳалари Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди ва уларни палата ялпи йиғилишларида кўриб чиқишда бир неча маротаба кескин муҳокамалар юзага келди.

Ҳозирда, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси Сенат томонидан маъқулланди ва “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2-ўқишида кўриб чиқилмоқда.

✔️ Шундан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутади:

1) Конституциямизнинг 53-моддасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлиги, бача мулк шакллари ва ҳуқуқлар баравар муҳофаза қилиниши кафолатланган.

Шу муносабат билан Қонунда истеъмолчига шартномавий муносабатларда ўз талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши белгиланмоқда.

2) Истеъмолчига товар (иш, хизмат), савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги маълумотлар давлат тилида тақдим этилиши белгиланмоқда;

3) сотувчига (ижрочига) ҳақ тўлаш шаклига қараб (нақд ва нақд пулсиз) товарнинг айни бир маркаси (модели, артикули), шунингдек бир хил ҳажмдаги ва сифатдаги ишлар, хизматлар учун ҳар хил нарх (тариф) белгилаш тақиқланмоқда;

4) истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтаришда товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, пулни қайтариш ҳам худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда;

5) истеъмолчининг мақбул сифатли товарни алмаштириб беришга ёки қайтариб олишга доир талаби, агар товардан фойдаланилмаган, у шикастланмаган, унинг истеъмол хусусиятлари сақланиб қолган, қадоғи билан қайтарилган бўлса ва истеъмолчи товарни ушбу сотувчидан сотиб олганлигига оид асосга эга бўлса, қаноатлантирилиши ўрнатилмоқда;

6) истеъмолчига нуқсонли ва талабга жавоб бермайдиган товар сотилганлигини аниқлаш (экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатлар сотувчи томонидан қопланиши белгиланмоқда;

7) шартномага истеъмолчиларнинг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритиш, шунингдек уларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва афзалликларни бермаслик тақиқланмоқда;

8) сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилмоқда.

Истеъмолчининг ҳуқуқи устуворлиги томонлар (сотувчи ва истеъмолчи) ҳуқуқи тенг бўлган ва истеъмолчи ўз мажбуриятларини бажарган ҳолатда юзага келади.

9) товарларни масофадан туриб ва ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари жорий этилмоқда.

Бунда сотувчи истеъмолчига:

◾️ шартнома тузилгунга қадар сотувчи, товар ёки уни етказиб бериш тартиби ва бошқа шартлар тўғрисида маълумотларни тақдим этади;

◾️ белгиланган муддатларда тўланган сумма қайтарилмаган тақдирда, ҳар бир кун учун товар нархининг 1 фоизи миқдорида пеня тўлайди, товарни қайтариш билан боғлиқ барча харажатларни эса ўз зиммасига олади;

10) Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ваколатлари мустаҳкамланмоқда;

11) истеъмолчилар жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.

✔️ Бундан ташқари, янги таҳрирда тайёрланган “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий жиҳатлари қуйидагилардан иборат:

1. Қонун нормаларини қўллашда ноаниқликларга олиб келган айрим тушунчаларга аниқлик киритилмоқда ва янги тушунчалар қўшилмоқда (“ахлоқсиз реклама”, “уйғунлаштирилган реклама”, “хомийлик рекламаси” ва бошқалар).

2. Реклама соҳасини тартибга солиш бўйича Ҳукумат, ваколатли давлат органи ва нодавлат ташкилотларнинг ваколатлари белгиланмоқда.

3. Телевидение, радио, босма оммавий ахборот воситалари ва телекоммуникация, жумладан мобил алоқа тармоқларида реклама жойлаштириш тартиби такомиллаштирилмоқда, хусусан:

◾️ телерадиоташкилотлар учун реклама жойлаштиришга ажратилган вақт ҳар бир соатига амалдаги 10 фоиздан 20 фоизга узайтирилмоқда ва бошқа талаблар либераллаштирилмоқда;

◾️ телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш чоғида рекламани тарқатишга фақат абонентнинг олдиндан розилиги бўлсагина йўл қўйилиши белгиланмоқда.

4. Рағбатлантирувчи акцияларни ташкил этиш ва ўтказишга ҳамда уларни рекламасига доир аниқ тартиб ўрнатилмоқда;

5. Ташқи рекламани жойлаштиришга оид талабларни белгиловчи 4 та моддадан иборат алоҳида боб киритилмоқда.

6. Электрон тижоратда маҳсулот рекламаси, интернет жаҳон ахборот тармоғи воситасида тарқатиладиган рекламани тартибга солувчи янги талаблар киритилмоқда.

7. Дори воситалари, биологик фаол қўшимчалар, энергетик ичимликлар, халқ табобати маҳсулотлари рекламасига доир талаблар такомиллаштирилмоқда.

8. Реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан суд тартибида қўлланиладиган молиявий санкциялар ўрнатилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг мақсади:

◾️ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рекламани ишлаб чиқариш, тарқатиш, жойлаштириш ва фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш;

◾️ тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш;

◾️ маҳсулотнинг хусусияти, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситасида тарқатилишининг олдини олиш;

◾️ жисмоний ва юридик шахсларни, жумладан вояга етмаганларни номувофиқ рекламадан ҳимоя қилиш;

◾️ реклама фаолияти ва реклама бозорини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.

Report Page