Истеъдод
Шундай истеъдод эгалари орасида ёш, аммо ғайратли ва иқтидорли рассом Шаҳноза ҳам бор. У ҳозирда 17 ёшда бўлиб, туманимиздаги 9-мактабда таҳсил олади. Рассомчилик билан ёшлигидан бери шуғулланиб келаётган Шаҳноза бугун ўзининг ноодатий истеъдоди — бир вақтнинг ўзида қўл ва оёқлари билан расм чизиш маҳорати билан ажралиб туради.
Шаҳноза бу санъат йўлига меҳр ва ишончни устозлари орқали топган. У шундай дейди: “Рассомчиликка бўлган меҳримни Феруза Нарзиева устозим янада оширганлар, бунга мен доим миннатдорман. Мени расм чизишнинг ҳақиқий сеҳрига ишонтирган инсонлар — устозларим.”
Бугун Шаҳноза ўз ижод йўлида энг катта илҳом манбаи деб Шоҳрух Суюновни эътироф этади. Айни унинг ижоди ёш рассомга катта руҳий туртки берган.
“Бир куни устозим Шоҳрух Суюновнинг ноодатий услубдаги портретларини ижтимоий тармоқларда кўриб қолдим. Бу менга ғоят кучли илҳом берди. Мен ҳам шу йўналишда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Аввалига қийин бўлди, чизиқлар ўхшамасди, лекин сабр ва ишонч билан давом этдим. Энди эса бу менинг ўз услубимга айланган,” — дейди Шаҳноза фахр билан.
Рассомчилик йўлида Шаҳнозанинг меҳнати ва қатъияти ўз самарасини бермоқда. У мактаб деворларига ҳам чиройли расмлар чизиб, мактаб муҳитига эстетик гўзаллик бахш этмоқда. Ёш рассом нафақат ўз устида мунтазам ишлайди, балки санъат орқали атрофдагиларга ижобий таъсир ўтказишни ҳам мақсад қилган.“Мен учун расм чизиш — шунчаки қоғоз ва қалам эмас, бу менинг ички дунём, ҳис-туйғуларимни ифода этиш йўли. Ҳар бир чизиғимда орзуларим, қувончим ва дардим мужассам,” — дейди у самимият билан.
Келажакда Шаҳноза ноодатий портрет жанрида чизган расмлари билан халқаро танловларда иштирок этиб, Ватанимизнинг номини юксалтиришни ният қилган. У, шунингдек, Зулфияхоним номидаги Давлат мукофотини қўлга киритишни, ёшлар учун ўрнак ва илҳом манбаи бўлишни орзу қилади.
“Ижодкор бўлиш — бу фақат истеъдод эмас, бу жасорат. Мен оддий нарсаларга ҳам бошқача нигоҳ билан қарашни, ҳар бир ранг орқали ҳаётни ҳис қилишни яхши кўраман,” — дейди ёш рассом.
Шаҳнозанинг сўзлари, меҳнати ва орзулари шундан далолат берадики, ҳақиқий санъат инсон қалбида яшайди. Рассомчилик унинг учун нафақат машғулот, балки ҳаёт маъносига айланган.
Ирода АБДАЗИМОВА