“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари қандай йўлга қўйилган?

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ишлари қандай йўлга қўйилган?


АОКАда ўтказилган брифингда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ ахборот хизмати раҳбари Муҳаммаджон Бекмуҳаммедов саволга батафсил жавоб берди:

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ томонидан 2024 йилнинг 1-чораги давомида 9 миллиард 965 миллион киловатт-соат электр энергияси, бу режага нисбатан – 109,7 фоизга кўп ва 4 миллион 644 минг гигакалория иссиқлик энергияси, бу эса режага нисбатан 104,6 фоизга кўп ишлаб чиқарилди.

Инвестиция дастурига асосан 130,2 миллион АҚШ долларига тенг маблағ ўзлаштирилиб, режа кўрсаткичи 108,3 фоизни ташкил этди.

Инвестиция лойиҳалари доирасида Тошкент халқаро инвестиция форумида Тошкент ИЭМда бунёд этилган, ҳар бирининг қуввати 32 МВтга тенг бўлган иккита газ турбина қурилмасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтди. Ушбу замонавий энергоиншоот Тошкент шаҳри истеъмолчиларига электр ва иссиқлик энергиясини етказиб бериш сифати ҳамда кўламини оширишга хизмат қилади. Айни пайтда Толимаржон ИЭСда умумий қуввати 1065 МВт ва Навоий ИЭСда қуввати 650 МВт бўлган замонавий, энергосамарадор буғ-газ қурилмаларини бунёд этиш бўйича қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Корхона олдида турган муҳим вазифалардан бири бу маҳсулот таннархини пасайтириш ҳисобланади, шу мақсадда олиб борилган чора-тадбирлар натижасида 2024 йил январь-март ойларида маҳсулот таннархи 450,8 млрд.сўмга пасайтирилиб, режа 100,6 фоизга бажарилди.

2024-2025 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида 14 та энергоблок, 28 та қозон қурилмаси, 7 та буғ-газ қурилмаси, 3 та газ-турбина қурилмаси ва 1 та турбо генераторда мукаммал, ўрта ва жорий таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Мавсумга тайёргарлик жорий йилнинг февраль ойидан бошланган бўлиб, бугунги кунга келиб 1 та энергоблок, 2 та буғ-газ қурилмаси 3 та қозон агрегатида таъмирлаш ишлари якунланди. Айни кунларда 5 та энергоблок ва 14 та қозон агрегатларида таъмир ишлари амалга оширилмоқда.

Режалаштирилган таъмир ишлари тўлиқ амалга оширилиши эвазига энергоқурилмаларнинг мавжуд қуввати 281 МВт ҳамда қозон қурилмаларнинг ишлаб чиқариш қуввати 150 тонна/соатга оширилишига эришилади.

2024 йил январь-март ойларида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 13,1 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, режа кўрсаткичи 100,4 фоизга бажарилиши таъминланди. Импорт ҳажми 3,5 миллион АҚШ долларига қисқартирилиб, режа кўрсаткичи 114,2 фоизга бажарилди. 


Report Page