Исро ва Меърожга иймон
Ва (эътиқод қилиб айтамизки) Меърож воқеъаси ҳақдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам (Маккадан Байтул Мақдисга) сайр қилдирилганлар ва у зотни уйғоқ ҳолларида осмонга, сўнгра Аллоҳ хоҳлаган юксаликка шахсан (муборак руҳ ва жисмлари) олиб чиқилган. (У ерда) Аллоҳ таоло у зотни Ўзи истаганчалик икром қилган ва нимани хоҳласа ваҳий қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари кўрган нарсаси ҳақида ёлғон гапирмаган. У зотга дунё ва охиратда Аллоҳ жалла ва алонинг саловот ва саломлари бўлсин.
Исро ва Меърож воқеаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мўжиза ва энг юксак шарафлардан биридир. Бу шарафга бошқа ҳеч ким эришмаган.
Исро ва Меърож воқеаъси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг руҳ ва таналари билан бўлган. Туш ёки руҳларининг ўзи билан эмас. Агар тушда ёки фақат руҳнинг ўзи билан бўлганида Қурайш мушриклари бу даражада қаттиқ инкор этишмас ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу Сиддиқ лақабини олмас эдилар.
Исро воқеаъсини инкор қилган кимса иймонда чиқади. Чунки у муҳкам оятда зикр қилингандир.
Меърож ҳодисасини инкор этган киши эса адашган ва бидъатчидир. Чунки, Меърож воқеаси кўплаб ҳадисларда зикр қилинган. Буларни фақат жоҳил кимсагина инкор этади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожни даъво қилганлари ростгўй эканларини изҳор қилиш учун Аллоҳнинг ҳикмати ила аввал Байтул Мақдисга сайр қилдирилдилар. Чунки қурайшликлар у зотдан Байтул Мақдисни сифатлаб беришни қилганида уларга сифатлаб бердилар ҳамда йўлларида олдиларидан ўтган карвонни хабарини ҳам бердилар.